Халқ таълими вазири ўзига нисбатан ёзилган «очиқ хат»га муносабат билдирди
Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва вазирлик масъуллари иштирокида «Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.
Аввалроқ, Шерзод Шерматов «фарзандингиз президент мактабида ўқишини истасангиз инглиз тилини ўргатинг» деган эди. Унинг ушбу чақирувига қарши «Ишонч» газетасида «очиқ хат» эълон қилинди.
Тадбирда Халқ таълими вазири ўзига нисбатан ёзилган ушбу «очиқ хат»га муносабат билдирди.
«Биринчидан, мен қонунни бузмадим, нотўғри нарсани тарғиб қилмадим. Бунга очиқ хат ёзилганининг ўзи ғалати. Мен тилни ўрганайлик, дедим холос. Чунки инглиз тилисиз дунёга чиқиб бўлмайди. Бизнинг давримизда қийин эди, дарслик танқис, кассеталар ахтариб тил ўрганардик. Ҳозир эса тил ўрганиш учун ресурслар тиқилиб ётибди. «Ишонч» газетасида вазир инглиз тилини тарғиб қилиб, ёшларда ватанпарварлик ғояларини сусайтиряпти, деган мазмунда очиқ хат эълон қилган. Чет тилини тарғиб қилиш ватанпарварликка қарши чиқиш эмас. Инглиз тилини ўрганинг дегани — она тилини ўқиманг дегани эмас», таъкидлади Шерзод Шерматов.
«Аввал биз изолацияда яшаганмиз. Фақат ички рақобат билан овора эдик. Тасаввур қилинг, чет элга ўқишга борган талаба бошқалар билан қандай рақобатлашади, тил билмаса?! Демак, фарзандлармиз ўсиб-униши, бир четда қолиб кетмаслиги учун тилни чуқур эгаллаши керак», қўшимча қилди вазир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter