Вобкент: мактаб ва мактабгача таълим тизимида нима гап?
Бухоро вилояти, Вобкент тумани мактаб ва мактабгача таълим тизимида олиб борилган ўрганишлар натижаси бўйича ўтказилган танқидий ва таҳлилий йиғилишда кўплаб раҳбарлар хайфсан олди, масъуллар ишдан бўшатилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Вобкент туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, Вобкент туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли қатор умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим тизимида чуқур ўрганишлар олиб борилган. Ўрганувлар натижасида аниқланган оғриқли масалалар туман ҳокими ўринбосари Шерзод Ҳусенов томонидан танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинган.
Маълумот ўрнида: Туманда жами 43 та таълим муассасалари мавжуд бўлиб, шундан 41 та умумий ўрта таълим мактаблари, 1 та математика фанига йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ихтисослаштирилган агентлик мактаби ҳамда 1 та «Баркамол авлод» болалар мактаби мавжуд. Ушбу мактабларда жами 21484 нафар ўқувчилар таълим олишади.
Таъмирланган, аммо тозаланмаган...
Вобкент туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Мурод Фармоновнинг сўзига кўра, жорий ўқув йили бошланишида мактабларда ўқувчиларни китобга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида 100 миллион сўм маблағлар эвазига бадиий китоблар харид қилинган. 200 миллион сўм маблағлар эвазига камералар ўрнатиш ишлари амалга оширилган. 2023-2024 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг таъмирланиши учун 12 миллиард сўм маблағлар сарфланган.
«Шунга қарамасдан, бажарилиши лозим ишларга эътиборсиз ёндошганлар ҳам йўқ эмас. Талай камчиликлар мавжуд. Тумандаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг ўйингоҳ қисми опен бюджет маблағлари ҳисобидан 550 миллион сўм маблағ асосида тўлиқ таъмирланган бўлса-да, мактаб майдонларни ободонлаштирилмаган. Ҳудудни бегона ўт ва тиканлар босиб ётгани мактаб маъмуриятини ажаблантирмаган, ҳатто. Ундан ташқари, ўқувчилар давомати талаб даражасида эмас, дарс тақсимотида норозиликлар туфайли мактабда носоғлом муҳит шаклланган. Худди шунингдек, 5-умумий ўрта таълим мактаби инвестиция дастури асосида 9.4 миллиард сўм маблағлар асосида тўлиқ таъмирланган. Бироқ, мактаб ҳудудидан қурилиш материаллари, чиқиндилари ҳанузгача тозаланмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Мактаб ўқувчилари томонидан турли ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани хусусида гапирмаса ҳам бўлади. Мактабдаги қишки мавсум учун йиғиб қўйилган ўтинларни ёниб кетишини ҳеч қандай сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Бу масъулиятсизлик эмасми?»-деган туман ҳокими ўринбосари.
Маълум бўлишича, 10-умумий ўрта таълим мактабида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари кўрилмаган. Мактабда ободонлаштириш ишлари номигагина амалга оширилган, бегона ўтлар чопилмаган, мактаб чиқиндихонаси ахлатга тўлиб кетган, тозаланмаган. Ачинарлиси, туман ИИБ томонидан тунги қоровулларни назорат қилиш тадбири ўтказилганда, мактаб қоровули ўз ўрнига бегона шахсни қўйиб кетгани, худди шу вазиятда қоровул ва мактаб директори ҳолат жойига чақирилганда, улар турли баҳоналарни рўкач қилишган. Орадан бир ҳафта ўтгач, яна шу тадбир ўтказилганда, ўша қоровул бу гал ухлаб ётгани аниқланган.
«Соғлом овқатланишни ташкил этиш ва санитария меъёр ва қоидалари асосида ўқувчилар учун таомлар тайёрлаш, тайёрланган таомларнинг сифати яроқлилиги бўйича мактаб маъмурияти жавобгар. Афсуски, тумандаги 7-, 9-, 12-, 14-, 20-, 21-, 26-, 30-, 35- умумий ўрта таълим мактабларида ушбу қоидаларга амал қилинмаган. Туман санэпидемология бўлими томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда»,—дея давом этган ўз сўзида Шерзод Ҳусенов.
Мудираларга «ҳайфсан», хўжалик мудирларига «қизил карточка»
Тумандаги мактабгача таълим ташкилотилари ҳам қаттиқ танқид остига олинган. Бир қатор мудираларга «ҳайфсан» берилган, хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларга эса «қизил карточка» кўрсатилган, яъни сўзсиз ишдан бўшатилишган.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Мурод Фармоновнинг билдиришича, вилоят ҳамда туман ҳокимлиги маҳаллий бюджет маблағлари асосида мавжуд мактабгача таълим ташкилотлари учун 250 миллион сўм маблағлар ҳисобига турли ўлчамдаги гиламлар, 145 миллон сўмга идиш-товоқ буюмлари, 494 миллион сўмга кўрпа-тўшаклар, 150 миллион сўмга бўёқлар ва қурилиш материаллари ва 400 миллион сўмга мебель жиҳозлари етказиб берилган. Жами 6 миллиард сўм маблағлар ҳисобига қатор мактабгача таълим ташкилотлари инфратузилмаси яхшиланган.
Бироқ, ҳужжатларга кўра, 142 миллион сўмга сотиб олинган 2 837 туп кўчатларнинг 200 тупи ўтқазилмагани аниқланган. 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида экилиши керак бўлган 128 туп кўчатдан атиги 27 тупи ўтқазилган бўлса, 5-сон боғчада 95 туп кўчатдан 57 тупи ўтқазилмагани очиқланган.
10-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ўрганилганда, омбор дафтари, брокераж дафтари, тез айнувчи маҳсулотларни рўйхатга олиш дафтарлари юритилмагани, маҳсулотларнинг сифатли сақланишига риоя қилинмагани аниқланган. Ҳатто, болаларга озиқ-овқат маҳсулотлари меъёр талаблари асосида берилмаган. Бир болага 80 грамм мол гўшти берилиши ўрнига 70 грамм мол гўшти берилган. Қуйилтирилган сут, мураббо ва мева қиёмини қайта ишлов берган ҳолда болаларга едирилиши ўрнига тайёр ҳолда болаларга нон билан берилиб келинган. Ўрганиш натижасида муассаса мудираси ҳамда хўжалик ишлари бўйича ўринбосарга «ҳайфсан» жазо чораси қўлланилган. Худди шундай ҳолат тумандаги 16- ҳамда 19-давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам кузатилган.
«30-ДМТТ ўрганилганда, таъминотчи корхоналар орқали етказиб берилган маҳсулотларда номутаносиблик аниқланди. Мол гўшти, шакар ва ун маҳсулотларида камомад келиб чиқди. Маҳсулотлар сифатли сақланишига риоя қилинмаган. Хўжалик ишлари бўйича ўринбосар вазифасидан озод қилинди. 29-ДМТТда эса мудира ҳамда хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларнинг иш жойида йўқлиги, болалар қатнови қамровга нисбатан паст экани аниқланди. Бундан ташқари, маҳсулотларнинг сифатли сақланишига риоя қилинмаган, болаларга меъёр асосида озиқ-овқат маҳсулотлари берилмаган. Ушбу муассаса мудираси ва ўринбосарига ҳам «Ҳайфсан» жазо чораси қўлланилди»,— деб ўтилган йиғилишда.
Маълум бўлишича, тумандаги 100 ўринга мўлжалланган 31-давлат мактабгача таълим муассасида болалар қамрови ўрганилганда, 67 нафар тарбияланувчи мавжудлиги аниқланган. Ҳисобхона маълумотлари билан омборхонадаги озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларида камомад чиққан.
«Туманда жами 35 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, жами 8165 нафар бола тарбияланади. Шунингдек, 4 та хусусий шерикчилик асосидаги ҳамда 1 та хусусий мактабгача таълим ташкилоти бор. Барча муассасалар чуқур ва таҳлилий ўрганилди. Мудир ва ўринбосаларига юқоридаги сингари жазо чоралари қўлланилди. Эътиборсизлик ва масъулиятсизлик ортида юзага келган камомадлар жойига қўйилди. Бундай рейд тадбирлари яна давом этади. Белгиланган давргача муассасалардаги мавжум камчиликлар бартараф этилмаса, масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади»,— деди Вобкент туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Мурод Фармонов «Xabar.uz»га берган интервьюсида.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter