Тошкентда янги университет биноси қурилди (фото)
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 31 январь куни Геология фанлари университети қурилишига тамал тоши қўйган эди.
Сўнгги йилларда геология соҳасига катта маблағлар ажратилиб, энг илғор технологиялар олиб келинди. Ерости бойликларнинг захираси ҳам, прогноз ресурслари ҳам кўпайди. Уларни қазиб, қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун малакали кадрлар ҳам зарур.
Шу боис Президентимиз ташаббуси билан ўтган йили Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети ташкил этилган эди. Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари янги университетда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
– Геология иқтисодиётга сув ва ҳаводек зарур. Охирги йилларда илмий мактабларни тиклаб, кадрлар тайёрлашга эътибор қаратаяпмиз, энг илғор илмий методикаларни жорий этиб, лаборатория ускуналарини ўрнатиб, замонавий шароитлар яратаяпмиз. Энди натижага ишлаш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳозирги кунда университетда бакалавриат бўйича 7 та ва магистратура бўйича 6 та йўналишда умумий 700 нафардан ошиқ талаба таҳсил олмоқда. Бу йўналиш ва мутахассисликларни соҳа эҳтиёжига қараб кенгайтириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 5 йиллик тажрибага эга, геология соҳасида ишлаб келаётган ходимлар учун таълимнинг сиртқи шакли ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда талабалар, профессор ва ўқитувчилар билан суҳбатлашди.
Лойиҳанинг биринчи босқичида ўқув биноси, ётоқхона ҳамда 2 та илмий институт, кутубхона, лаборатория ва геология музейи бинолари қурилди.
Иккинчи босқичда 7 қаватли лаборатория, 5 қаватли Давлат геология қўмитаси маъмурий биноси, 7 қаватли геология фонди ва Ўзбек геология қидирув биноси ҳамда спорт комплекси қурилади.
Президентимиз қурилишни сифатли якунлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.
Университет таркибида Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар институти, Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти, Нефть-газ конлари геологияси ва қидируви институти, Геология соҳаси кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Геоинновацион технологиялар маркази ҳамда Давлат геология музейи фаолият юритади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter