Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тиришқоқлиги эвазига 15000 АҚШ долларигача пул топадиган тенгдошларим бор» – Австралиядаги Жалолиддин Абдураҳмонов билан суҳбат

«Тиришқоқлиги эвазига 15000 АҚШ долларигача пул топадиган тенгдошларим бор» – Австралиядаги Жалолиддин Абдураҳмонов билан суҳбат

«Хориждаги ватандошлар»нинг навбатдаги суҳбатдоши — Жалолиддин Абдураҳмонов. Қаҳрамонимиз 2018 йили Австралиянинг Торренс университетини тамомлаган.

Ҳозирги кунда Австралиядаги Hyatt Regency Sydneyда ошпаз сифатида фаолият кўрсатади.

Ишлашни бошлаганимдан сўнг ўз-ўзидан ошпазликка меҳрим уйғонган

1994 йилда Тошкент шаҳрида туғилиб ўсганман. Мактабни аъло баҳоларга битирганимга қарамай, келажакда ким бўлишимни аниқлай олмагандим. Қизиқишларим жуда кўп эди, лекин маълум бир мақсадим бўлмагани сабабли ота-онам тавсияларига ишониб Тошкент меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежини танлаганман. Тенгдошларим орасида ошпазликка қизиққан ва ишлашни бошлаган болаларни кўриб завқ олдим ва биринчи ишимни топдим. Ишлашни бошлаганимдан сўнг ўз-ўзидан ошпазликка меҳрим уйғонган.

Ўйлашимча, кўпчилик чет элга, хусусан, «сеҳрли диёр» ҳисобланган АҚШга ҳеч бўлмаса бир марта бўлса-да боришни хоҳлайди. Мен ҳам Қўшма Штатларнинг Чикаго шаҳрига кетишни режа қилиб юрган пайтим мактабдаги яқин дўстимнинг Австралия ҳақидаги гаплари қизиқтириб қўйган. Шундай қилиб дунё бўйича яшашга энг зўр шаҳарлардан бири деб топилган Мельбурн шаҳрига кўнглим тушган, аммо мен танлаган олийгоҳ фақат Сиднейда жойлашганлиги сабабли у ерга бориб ўқишни ва малака оширишни режа қилдим. Натижада 2016 йил Австралияга келдим. Ҳозир Hyatt Regency Sydneyда ошпаз сифатида ишлайман.

Жануб қисми шаҳарларини, аксинча, Англиянинг булутли шаҳарларига ўхшатаман

Австралия аҳолиси деганда муайян бир миллат кўз олдимга келмайди, Американинг қизил танлиларига ўхшаб Австралиянинг ҳам маҳаллий аҳолиси бўлган. Вақт ўтган сайин Европа оқ танлилари ва Ўрта ер денгизидан Араб миллатига мансуб инсонлар бойлик ёки тинчлик излаб Австралияга келиб қолишган. Ҳозирги шароитда Австралия аҳолисинг кўп қисми жуда очиқ кўнгил ва меҳмондўст миллат.

Австралиянинг 4 шаҳрида бўлдим, ҳаммасининг ўзига хос табиати мавжуд ва маҳаллий аҳолиси ҳам жуда бир-бирига ўхшамаган инсонлар. Бир-биридан гўзал соҳиллар ва дам олиш масканларига бой давлат. Қитъанинг шимол қисмида деярли қиш бўлмаса, Жануб қисми шаҳарларини, аксинча, Англиянинг булутли шаҳарларига ўхшатаман.

Бир бекат юрганингиз учун 10 та бекат юриш пулини тўламайсиз

Австралияга биринчи келганимда биринчи мени қойил қолдирган жиҳатларидан бири бу транспорт тузилмаси бўлган. Маҳаллий автобус ва метроларнинг ҳатто сониясигача пунктуал қатнови инсонларнинг вақтларини жуда тежайди. Сизга бир мисол келтираман.

Дейлик эртага иш билан эрталаб соат 7:00 атрофида Юнусобод бозорида бир дўстингиз билан учрашишингиз керак. Телефонингиздаги харитага кирасиз ва Юнусобод бозорини киритасиз ва эрталабки белгиланган вақтга етиб бориш деб танлайсиз, харитани ўзи сизга айтади, уйингиз олдидаги автобус бекатига 6:30 да автобус келади ва у учун сиз уйингиздан шу вақтда чиқиб кетсангиз, ўша автобусга улгурасиз ва соат 7:00га кечикмай етиб борасиз. Тўғри, бу амалиёт маълум даражада Тошкентда ҳам йўлга қўйилган. Лекин, билишимча, вилоятларда ҳали бу жорий қилинмаган.

Иккинчи менга маъқул келган жиҳати транспорт учун пул ўтказма карточкалари мавжуд. Қайси бекатдан автобусга чиқдингиз ва қайси бекатда тушиб қолдингиз шунга қараб сизни картангиздан пул ечилади, бир бекат юрганингиз учун 10 та бекат юриш пулини тўламайсиз.

Ўзбекистонда ҳам шу тизимни йўлга қўйишга ҳаракатлар бошланганидан хабарим бор. Аммо буни чўзиб юбориш керак эмас, деб ҳисоблайман.

Йилига 15000 АҚШ доллари атрофида бўлади

Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, Австралия аҳолиси жуда меҳнаткаш, кичик хизмат кўрсатиш бизнесларини йўлга қўйиб, турли хил миллатдан келган инсонларни иш билан таъминлашади.

Асосан хорижликлар, биринчи навбатда, овқат етказиб бериш «Uber Eats» каби ишларга жойлашишади, тезда ишга жойлашиш мумкин ва сиздан катта маблағ ҳам талаб қилинмайди.

Кафе ва рестаранларга ошпаз ёки мижозларга хизмат кўрсатувчи сифатида иш топиш ҳам осон.

Қурилиш соҳаларида ишлар кўп топилади, жисмоний меҳнат қийинлиги сабабли маоши ҳам шунга хос баландроқ.

Бошланишига ойига 3000 АҚШ доллари топса бўлади ва шуни айтиб ўтишим керакки ўз ҳаракати ва тиришқоқлиги эвазига ойига 15000 АҚШ долларгача пул топадиган тенгдошларим ҳам йўқ эмас.

Харажатларга келиб тўхталсак, инсоннинг ўз хоҳиш ва талабларига қараб харажатлари ҳам турлича бўлади, ўртача 1000 АҚШ доллари 1 ойлик харажатлар учун етарли деб ўйлайман.

Маълумот учун айтмоқчиман, бу ерга кўпгина тенгдошларим ўқиш визаси билан келганликлари сабабли топган пулларининг кўп қисми ўқиш контрактини тўлашга кетиб қолади. Аниқроғи, Австралияда бакалавр босқичида ўқиш ўртача йилига 15000 АҚШ доллари атрофида бўлади.

Кўпчилик Австралия ёки бошқа хорижий мамлакатга кетиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар сўрашади

Очиғи, Австралияга келганимдан буён жуда кўпчилик Австралия ёки бошқа хорижий мамлакатга кетиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар сўрашади. Қарийб 7 йиллик тажрибаларимдан келиб чиқиб қуйидагиларни айтиб келаман:

- Уйда овқат пишириб есангиз, кўчадан сотиб олмасангиз, яшаш харажатлари арзонга тушади, шунинг учун хорижга кетишдан аввал албатта овқат пиширишни ўрганиб олинг;

- Бошланишига иш танламанг, сабаби бегона юртда доим ҳам кўнглингиздагидек иш топилавермайди. Биз каби талабаларга келгандан сўнг, биринчи навбатда, моддий ёрдам зарур;

- Бирон бир ишга қизиқишингиз бўлса, шу соҳа бўйича маълум даражада малакага эга бўлинг, чунки чет элда бирон ишни яхши билсангиз, албатта маошингиз ҳам малакасиз келган одамларникидан юқорироқ бўлади;

- Кейин албатта тил ўрганинг. Имкон бўлса 4-5 та чет тилни билсангиз, хорижда ўқиш ва яшаш давомида қийналмайсиз.

Юртимиз ривожланиши йўлида ҳисса қўшиш энг катта мақсадларимдан

Келажакда амалга оширмоқчи бўлган режаларим кўп. Умумий қилиб айтадиган бўлсам, бу ерда ҳам касбий, ҳам моддий жиҳатдан яхшиланиб, юртимиз ривожланиши йўлида ҳисса қўшиш энг катта мақсадларимдан.

Қолаверса, чет эл давлатларидаги ватандошларимизни ҳам албатта Ўзбекистонга қайтиб юрт ривожланиши учун ҳисса қўшишларини сўраган бўлардим.

Боиси Австралияда яшаётган бўлсам-да, Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган янгиликлардан бохабар бўлишга ҳаракат қиламан. Мамлакатимизда кўп яхши ўзгаришлар амалга ошириляпти. Кучимиз етганча ўз соҳамизни чет элда мукаммал ўрганиб, олган билим ва малакаларимизни Ўзбекистонда тадбиқ қилишнинг ҳозир айни вақти деб ўйлайман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг