ТАТУ талабалари мурожаатига расмий муносабат билдирилди
Тошкент ахборот технологиялари университети талабаларининг 2 февраль куни ижтимоий тармоқларда ТАТУ масъулларининг хатоси туфайли талабалар бўлиб ўтган якунийлардан университет ҳисобига 300 млн. сўмдан ортиқ пул тўлаши мумкинлиги ҳақидаги эътирозли хабарга расмий муносабат билдирилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ТАТУ ва унинг ҳудудий филиалларида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ўқитишнинг кредит тизими жорий этилган. Ҳозирги кунда барча босқич талабалари таълимнинг кредит тизимида таҳсил олиб келмоқда.
«Университетда ўқув жараёни ва назоратларни ташкил этиш учун «lms.tuit.uz» тизими жорий этилган бўлиб, у инсон омилига боғлиқ эмас. Ушбу тизим 4 йил давомида университетимизда тўлақонли синовдан ўтган ва бундай ҳолатлар кузатилмаган», дейилади университет муносабатида.
Келтирилган маълумотлар бўйича қуйидагилар маълум қилинади:
Сумма ҳақида
— Универститетда якуний назоратлар тугаллангандан кейингина қайта ўқиш учун тўлов қийматлар аниқлик киритилади, яъни фанлардан қайта ўқиш учун тўлов миқдори талабанинг бир йиллик тўлов шартнома миқдорининг 1 кредитга (1 кредит тўлов суммаси контракт суммасини 60га бўлинган нисбати) нисбатидан ва фанга ажратилган кредит миқдоридан келиб чиқиб белгиланади. Яъни, университетда маълумот тўлиқ шаклланмаган ва аппеляцияга топширганлар сонини ҳисобга оладиган бўлсак, унинг натижасига кўра аниқланади.
Талабаларнинг бўлиб ўтган якунийлардан йиқилиши ҳақида
— Маълумки, 2022 йилнинг 24 январь кунидан бошлаб республикадаги барча ОТМларда таълим жараёни 1 ой муддатга ўқитишнинг онлайн шаклига ўтказилди.
Университетда тасдиқланган ўқув жараёни жадвалига кўра, 2022 йил 2 февраль куни соат 11:00да 2-босқич талабаларига «Дискрет тузилмалар» фанидан онлайн режимида 1400 нафарга яқин талабаларга якуний назорат ташкил этилди.
Шундан 50 фоиз талаба баҳолаш меъзонларида белгиланган ўтиш балларини тўплаб, муваффақиятли ўтган (ушбу рўйхатдаги 300 га яқин талаба ушбу фандан аъло ва яхши баҳолар олган, қолган 300 дан ортиғи керакли балл тўплаган). Яна апелляция жараёнига кўра, қўшимча 72 нафар ёки ундан ҳам кўп қўшилиши мумкин.
Имтиҳон жараёнида турли сабаблар бўлиши мумкин бўлган техник ёки бошқа хатоликларни бартараф этиш мақсадида жараён мутахассислар томонидан кузатиб борилади.
Имтиҳон бошланган вақт (11:00)даги кузатув жараёнида бир кичик техник носозлик юзага келгани аниқланди. «lms.tuit.uz» тизимида юз берган техник носозлик туфайли 72 нафар талаба учун саволлар вариантларини генерациялаш жараёнида бузилиш юз берган. Юз берган техник носозликни бартараф этиш юзасидан талабаларга телеграм канали орқали соат 11:07да хабар берилди, аммо берилган маълумотдан талабалар ўз вақтида хабардор бўлмаганликлари сабабли, баъзи бир талабаларда бу муаммо бартараф этилмади.
Ушбу ҳолат юзасидан талабаларга ТАТУ расмий канали ва «Кредит тизими» каналида маълумот 02.02.2022 йил санасида чиқарилди. Ушбу маълумотга кўра, 72 нафар талабада дуч келган муаммо юзасидан қайта якуний назорат олиниши белгиланди (улардан 5 нафари етарли балл тўплаганлиги сабабли бундан мустасно). Якуний назорат куни ҳақида талабаларга қўшимча маълумот берилади.
Тизим ҳақида
— Талабалар томонидан билдирилган эътирозларнинг асосий қисми, талабаларда имтиҳонлар онлайн шаклда ўтказилганлиги учун «тест саволлари бўйича мавжуд эътирозлар кўриб чиқилмайди ва бартараф этилмайди» деган фикрнинг мавжудлигидир. Аммо, якуний назоратларда тушган саволларга эътироз билдирган талабалар учун lms.tuit.uz тизимида апелляцияга бериш имконияти яратилган бўлиб, «Дискрет тузилмалар» фанидан ҳозирги вақтгача эътироз билдирган талабаларнинг аксарияти бемалол апелляция учун тизим орқали мурожаат қилган.
Aпелляция жараёнлари 2-босқич талабалари учун барча имтиҳонлар якунлангандан сўнг ўтказилади ҳамда бу ҳақда ҳам расмий каналда хабар берилган. Яъни, якуний назоратлардаги саволларга эътирози бўлган талабалар учун lms.tuit.uz тизимида апелляцияга бериш имконияти тўлиқ яратилган.
Қандай қилиб?
Статистика бўйича айнан ушбу фандан паст кўрсаткич тенденцияси мавжуд ва «Дискрет тузилмалар» (дискрет математик структураларни ўрганувчи ва логиканинг бирлашмаси бўлган мураккаб фанлардан) фанидан шундай холат юз берган, яъни қолган фанларда талабаларнинг ўтиш даражаси юқори.
Университет раҳбарияти талабларнинг савол ва таклифларини инобатга олиб талабалар томонидан онлайн шаклда якуний назоратларни топшириш учун университет унинг ҳудудий филиалларида компьютер ва интернет тармоғи билан таъминланган махсус хоналар ташкил этилган ҳамда шароит яратилган. Бу ҳақда университет расмий телеграм каналида маълумот берилган.
Шу ўринда бир нечта савол туғилади:
- Ушбу рўйхатдаги 300 га яқин талаба мазкур фандан аъло ва яхши баҳолар билан муваффақиятли ўтишди. Қандай қилиб? Уларга кимдур масалани ечиб бердими?
- Ушбу рўйхатдаги талабалардан қўшимча 300 нафардан ортиғи аъло бўлмаса ҳам, етарли баҳолар билан бемалол ўтиб кетишди ёки уларнинг фақат омади келдими?
Умуман олганда, талабаларнинг 50 фоизга яқини бемалол назоратдан ўтиб кетишди ва уларнинг ҳаммаси ҳам фақат омад билан эмас, балки билим билан ўтишди.
Уларнинг сони янада кўп бўлиши кутилмоқда, сабаби тизим шаффофлиги шундаки, апелляцияга топширган ҳар бир талаба қайта кўриб чиқилади.
Қўшимча маълумот
Университетнинг ўқув жараёнига жорий этилган lms.tuit.uz ахборот тизими орқали қуйидагиларга эришилди:
- ўқув жараёнини бошқариш ва рақамлаштиришга;
- АКТ соҳасида етук мутахассис бўлиб етишиш учун талабалар учун ўқитиладиган фанларни танлашга;
- Ўқув жараёни билан боғлиқ бўлган меъёрий ҳужжатларни (дарс жадвали, буйруқлар, ўзлаштириш кўрсатгичлари ва бошқа) рақамлаштиришга;
- таълим сифатини оширишга, фанларни ўқитишда ва якуний назоратларда шаффоликни таъминлашга ва ўзлаштириш кўрсаткичларидан ўз вақтида хабардор бўлишга ҳамда талабаларни мустақил ишлашга.
ТАТУ маъмурияти
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter