Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таълим ва илм-фан: партиялар нима таклиф этишмоқда?

Таълим ва илм-фан: партиялар нима таклиф этишмоқда?

Мамлакат келажаги, инсон ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантириш ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти бевосита таълим ва илм-фан соҳасидаги сиёсатнинг самарадорлигига боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан устуворлигини эътироф этган ҳолда, таълимнинг сифати ва эркинлигини таъминлаш, бу соҳада давлат бошқарувининг самарали тизимини яратиш бўйича тизимли ва кенг доирадаги чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Сўнгги беш йилда таълим соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 95 та Фармон ва қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 222 та қарорлари қабул қилинди. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг катта қисми ижтимоий харажатлар, жумладан, таълим ва илм-фан учун ажратилади. 2021 йилда болалар боғчалари, мактаб, коллеж, техникумлар ва олий ўқув юртларини лойиҳалаштириш, қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича ишларни молиялаштириш учун мамлакат бюджетидан 2,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Мазкур мақолада илмий-академик ва эксперт-таҳлилий доиралар, жамоатчилик томонидан, жумладан, Интернет ва ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижалари таҳлилини ҳисобга олган ҳолда сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари томонидан таълим ва илм-фан тизимини такомиллаштириш бўйича илгари сурилган ташаббус ва таклифларни кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз. Чунки, партияларнинг ўз сайлов платформаларида ҳамма учун бирдек алоқадор бўлган масалаларга қандай ёндашуви ҳамда сайлов кампанияси даврида номзодларнинг бу йўналишда илгари сурган ғоялари сайловчиларнинг танловига сезиларли таъсир кўрсатиши аниқ.

Энг муҳим масалалардан бири таълим сифати ва таълим олиш имконияти, таълим жараёнининг ижтимоий жиҳатлари ҳисобланади.

Мактабгача таълим

Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда таълим соҳасидаги энг муҳим ютуғи, шубҳасиз, мактабгача таълимнинг сифат жиҳатидан янги тизимини яратишдир. 2019 йил 16 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги алоҳида Қонуни қабул қилинди. Самарали давлат бошқаруви тизимини яратиш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ваколатли давлат органи – Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Агар 2016 йилда республикада 5211 та болалар боғчаси бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 19316 тага етди, мактабгача таълим билан қамраб олиш 62 фоизни, 6 ёшли болалар ўртасида эса – 77 фоизни ташкил этди. Мамлакатимизда қамров доираси паст бўлган жойларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, 2021-2022 йилларда қамров доираси кам бўлган ҳудудларда 68775 нафар болалар сиғимига эга 2150 та болалар боғчаларини ташкил этиш режалаштирилган.

Партиялар мактабгача таълим билан болалар қамровини кенгайтиришни таклиф этишмоқда. Жумладан, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси қамровни 100 фоизга оширишни таклиф этишмоқда, бунда “Адолат” партияси икки ёшдан бошлаб болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни таклиф этмоқда. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 7 мингдан ортиқ болалар боғчалари ташкил этиш орқали мактабгача таълим билан қамровни 80 фоизга оширишга эришишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси барча аҳоли пунктларида мактабгача таълим ташкилотларини очиш, болаларни соғлом овқатлантиришни таклиф этмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, бу таклифлар барчаси ҳам молиявий жиҳатдан асосланмаган, бундан ташқари, мақсадларга эришишнинг аниқ механизмлари кўрсатилмаган. Умуман олганда, барча жойларда болалар боғчаларининг ташкил этилиши мактабгача таълим билан қамровни англатадими? Кейинги беш йил ичида Ўзбекистонда мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш имконияти қанчалик ҳақиқатга яқин? Таққослаш учун: 2017 йил учун Education at a Glance маълумотларига кўра кўра, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)га аъзо мамлакатларда мактабгача таълим билан қамров ўртача 83% ни ва ўрта даромадли мамлакатларда74% ни ташкил этади. 2019 натижаларига кўра қўшни Қозоғистонда бу кўрсаткич 78,3% ни ташкил этади. Бу борада ЎзЛиДеПнинг таклифлари, “сўл” партиялар (ХДП, “Адолат”, Экологик партия)дан фарқли ўлароқ, бажариб бўладиган ва ҳақиқатга яқин ҳисобланади.

Бундан ташқари, икки ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим ташкилотларида қамраб олиш имконияти, соғлом овқатланишнинг ташкил этилишини таъминлаш ҳуқуқий асосга эга. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонуни нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига илк болалик ёшига етган (бир ёшдан уч ёшгача) болаларни қабул қилиш имконини беради. Соғлом овқатланиш кафолатлари қонунда мустаҳкамланди, жумладан озиқ-овқат сифати устидан давлат назорати тизими йўлга қуйилди. Соғлом овқатланишни таъминлаш тартиби Ҳукумат қарори даражасида ҳал этилди – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги 626-сон «Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан озиқ-овқат сифатини яхшилаш мақсадида аутсорсинг усули жорий этилиб, овқатлантириш меъёрлари ва номзодларни саралаб олиш механизми белгиланди. Қонунда болаларни умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтиши мустаҳкамланган. Болаларнинг умумий ўрта таълимга бир йиллик мажбурий тайёргарлик кўриши учун жавобгарлик уларнинг қонуний вакиллари зиммасига юклатилиб, мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасида аниқлаштирилган.

ХДП, ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партияси олти ёшдаги болаларни бошланғич таълимга мажбурий тайёргарлик кўришини таъминлаш орқали мактабгача ва мактаб таълимининг ўзаро алоқадорлигига эътибор қаратишган. Бунда ХДП ва “Миллий тикланиш” мазкур тизимнинг бепуллини кўрсатишган бўлса, ЎзЛиДеП эса давлат-хусусий шерикликни фаол қўллаш тарафдори эканлигини билдирган. Шунингдек ЎзЛиДеП ўз ташаббусини амалга ошириш муддатини аниқлаштирган (2024 йил якуни). ХДП ва ЎзЛиДеПлардан фарқли ўлароқ “Миллий тикланиш” амалдаги хусусий боғчалар тизими билан бир қаторда боғчаларни давлат томонидан молиялаштиришни устувор йўналиш сифатида белгилаган. “Адолат” партияси ҳам давлат мактабгача таълим тизимини бепул қилишни таклиф қилган. Фикримизча, ХДП, “Адолат” ва “Миллий тикланиш” Ўзбекистоннинг реал ижтимоий-иқтисодий имкониятларини инобатга олишлари зарур. “Ўзбекистон Республикаси учун ривожланишнинг молиялаштирилишини баҳолаш” (2021 йил) номли таҳлилий ҳисоботга мувофиқ таълимни, шу жумладан мактабгача таълимни молиялаштириш учун ҳаражатлар даромад даражаси мамлакатимизга яқин бўлган мамлакатлар, ҳудудий ҳамкор давлатлар ва ИҲТТ мамлакатларидан кўра юқорироқ саналади. Тўлиқ бепул тизимни жорий этиш Давлат бюджети ҳаражатларининг ортишига олиб келиши мумкин, бу эса солиқ сиёсатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин (солиқ ставкаларининг ошиши). ЮНИСЕФнинг “Мактабгача таълимда давлат-хусусий шериклик: халқаро тажриба ва Ўзбекистон учун дарслар” номли тавсияларига кўра давлат-хусусий шерикчилиги (ДХШ) тизимнинг мослашувчанлиги ва рақобатни таъминлайди, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Лотин Америкаси мамлакатлари тажрибаси ҳам шундан далолат бермоқда. Бинобарин болалар боғчаларини тўлиқ молиялаштириш давлат бюджетидан катта ҳаражатларга олиб келади. Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотларининг тармоғларини кенгайтиришга қаратилган ДХШ механизмларини жорий этиш ва ривожлантириш мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади, бу эса бюджет даромадлари ва ҳаражатлари мувозанатини сақлашга хизмат қилади.

Умумий ўрта таълим

Мамлакатимизда 9942 умумтаълим мактаблари фаолият юритиб, уларда 611940 ўқувчи таҳсил олмоқда. Мамлакатимизда янги турдаги ва янги сифат босқичидаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолият юритмоқда. Ҳозирги кунга келиб, математика йўналишида 112 та, физика йўналишида 14 та, кимё-биология бўйича 87 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослашган мактаблар фаолият олиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда. Бугун мамлакатимизда таълим сифатини ошириш ва таълим олиш имкониятини кенгайтириш бўйича ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, “Замонавий мактаб” лойиҳаси доирасида 2020-2022 йилларда бутун республика бўйича, хусусан узоқда жойлашган туман ва қишлоқларда 48 та янги мактаблар қурилиши, 748 та мактабларда реконструкция ва капитал таъмир ишлари амалга оширилади. Бу мақсадларда 4 триллион сўмдан ортиқ пул маблағларини ажратиш режалаштирилган. Умуман, халқ таълими ислоҳотлари ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий ва ақлий ривожланишини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган.

Бу йўналишдаги аксарият номзодларнинг таклифлари партияларнинг устувор йўналишлари билан боғлиқ. ХДП ногиронлиги бўлган болаларни таълимига, олис қишлоқлардаги болалар учун мўлжалланган маданият муассасалари, спорт иншоотлари, “Баркамол авлод” марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг фаолиятини янада ривожлантиришга эътибор қаратган. Партиянинг ногиронлар учун маънавий-маърифий соҳада имкониятларни кенгайтириш борасидаги таклифлари алоҳида эътиборга молик. Таклифларнинг муайян қисми (ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, инклюзив таълимни ривожлантириш) Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан тасдиқланган Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида амалга оширилмоқда. Бизнинг фикримизча, ХДП “халқ” партияси мақомига эга бўлган ҳолда ҳамда аҳолининг барча қатламлари учун сифатли таълимдан тенг фойдаланиш имкониятларини таъминлаш тарафдори бўлиб, ўз ташаббуслари доирасида халқ таълимини ҳар томонлама такомиллаштиришга эътибор қаратиши, мавжуд муаммоларни ҳал этишга тизимли ёндашиши лозим. Хусусан, умумий ўрта таълимни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш орқали партия томонидан билдирилган таклифларни амалга ошириш самарадорлиги ортиши мумкин. Шу ўринда ЎзЛиДеПдан номзоднинг янги мактаблар қуриш ва хусусий мактаблар сонини кўпайтириш, 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастурини жорий этиш тўғрисидаги таклифини мисол қилиб келтириш мумкин.

“Адолат” партияси ва ЎзЛиДеПнинг янги авлод дарсликлари ва ўқув адабиётларини тайёрлаш орқали таълим сифатини оширишга оид интилишлари эътиборга лойиқ. “Адолат” партияси “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти”ни ташкил этишни таклиф этмоқда. Бугун мазкур вазифани Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази амалга ошириб келмоқда. Бундай институтни ташкил этиш барча фанлар бўйича мутахассисларни бир илмий тузилма доирасида бирлаштиришни назарда тутади, бу эса тегишли соҳа олим ва мутахассисларининг жамоасини яратишни тақозо этади. Функцияларни битта институтга юклаш манфаатлар тўқнашувининг вужудга келиши хавфини оширади, соғлом рақобатни тўлиқ таъминлашга имкон бермайди. Бу борада муаллифларни танлов асосида саралаб олишни назарда тутувчи амалдаги тизимни сақлаб қолиш ҳақида ўйлаб кўриш лозим. ЎзЛиДеП 2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликларни илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишлаб, амалда жорий этишни таклиф этган. Партияларнинг қайд этилган таклифларини амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида ҳаётга татбиқ этиш мақсадга мувофиқ. Сифатли ўқув адабиётларини тайёрлаш масаласига кетма-кетлик билан ёндашиш лозим, бунинг учун аввал Миллий ўқув дастурини тезроқ қабул қилиш лозим.

“Яшил” партия сифатида Экологик партия узлуксиз таълимнинг барча босқичларида экологик таълим-тарбия тамойилларини кенг жорий этиш, ёшларнинг экологик билимларини оширишни таклиф этмоқда. Экологик маданият ва таълимни шакллантириш – узлуксиз экологик таълими комплекс тизимини ташкил этиш масалалари 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида акс этган. 2019 йилда Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси тасдиқланган. Экологик партиянинг таклифлари мазкур концепцияларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган. Европа ва Шимолий Америка мамлакатларида “яшиллар” партияси таълим тизимига комплекс тарзда ёндашиб, унга жамиятни янгилаш ва модернизация қилиш калити сифатида қарашади. Шу сабабали, Экологик партия ёшларнинг экологик билимларини оширишда йўл қуйилаётган камчиликларни ва тўсиқларни кенгроқ таҳлил қилиши зарур, бу эса, ўз навбатида, билдирилган ташаббусни аниқ ва равшан ифода қилишга имкон берар эди.

“Миллий тикланиш” томонидан таклиф этилаётган бола туғилганидан мактабни тугаллагунигача бўлган даврни ўз ичига олган тарбия ва таълим дастури ишлаб чиқилиши учун таклиф этилаётган ягона “Оила — боғча — мактаб” тизими бир неча саволлар тўғилишига сабаб бўлмоқда. Мазкур тизим бирон-бир чора-тадбирлар, қоидалар мажмуасини ёки боғчалар ва мактабларни ягона муассасага бирлаштиришни назарда тутишини аниқлаш мушкулдир. Таълимнинг узлуксизлиги Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонун билан таъминланган ва кафолатланган бўлиб, унда таълим тизими ягона ва узлуксизлиги кўрсатилган. Шунинг учун партия ва унинг номзоди томонидан таклиф этилаётган тизимнинг мазмун ва моҳиятини тўлиқ англаб етиш учун ўз таклифларига аниқлик киритилиши, сайлов кампанияси доирасида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Олий таълим

Олий таълим соҳасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги беш йилда нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 67 та янги университет ва институтлар ҳамда филиаллар барпо этилиб, уларнинг умумий сони 144 тага етказилди, қамров даражаси 3 карра ортиб, 9 фоиздан 28 фоизга етди. 2021/2022 ўқув йилидан Янги Ўзбекистон университети ўз фаолиятини бошлади.

ХДП ва “Адолат” партияси томонидан илгари сурилган таклифларнинг асосий қисми тўғридан-тўғри давлатнинг қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ. Улар бепул олий таълим бериш тизимини тартибга солишнинг замонавий механизмларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш ва амалиётга жорий этиш, кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандларини таълим олишини қўллаб-қувватлашни таклиф этишмоқда.

Ўзбекистонда олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар бепул олий таълим олиш учун кенг имкониятлар яратди. Айрим турдаги шахслар (ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, хотин-қизлар, спорт мусобақалари ғолиблари, турли танловлар ғолиблари, кам таъминланган оилалар фарзандлари) учун олий таълим муассасалари (ОТМ)га давлат гранти асосида ўқишга кириш учун квоталар ажратилган. Бугун 12 тоифадаги шахслар учун имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида ўқишга кириш учун имтиёзлар, 9 тоифадаги шахслар учун ўқишга кириш учун алоҳида квоталар ажратилган. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар абитуриентлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилди. Буларнинг барчаси бепул олий таълим олиш имконияти мавжудлигини кўрсатмоқда. Ҳудди шунингдек иқтидорли талабалар учун кафолатларни ҳам мисол келтиришимиз мумкин. Фақатгина шу йилнинг ўтган даврида давлат ва номли стипендия учун квоталарни кўпайтириш, талабаларни турар-жой билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни назарда тутувчи 3 та Президент ҳужжатлари ва 3 Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

“Адолат”нинг олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилишга оид кескин таклифи кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда. Олий таълим квоталарини йўқ қилиш, эътиборни жалб қилса-да, мазмун ва моҳияти бўйича ОТМлар орасидаги мусобақа ва соғлом рақобат муҳитига таъсир кўрсатиши, ўқишга кириш учун танлов ўтказишда муаммолар вужудга келишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, қабул квоталари ОТМларнинг талабаларга сифатли таълим бериши билан бевосита боғлиқ. Бинобарин, квоталарни кескин йўқ қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга мамлакатимизда олий таълим қамровини кенгайтириш юзасидан режали асосда ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган беш йил давомида квоталар уч бараварга, яъни 57907 та (2016/2017 ўқув йили)дан 157755 та (2021/2022 ўқув йили)га кўпайтирилди. Хусусан, давлат гранти асосида ўқиш учун квоталар бир ярим бараварга оширилди. Жорий ўқув йилидан бошлаб республикадаги хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида ўқитиш тизими йўлга қўйилди. Шунинг учун олий таълим квоталарини йўқ қилиш мақсадга мувофиқ эмас, мазкур масалани олий таълим қамровини босқичма-босқич кенгайтириш ҳисобига муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ.

ЎзЛиДеП ва Экологик партиянинг олий таълимга оид таклифлари олий таълим қамрови бўйича ўзининг аниқлиги билан ажралиб туради. ЎзЛиДеП таълим сифатини ошириш билан бир вақтда ёшларнинг қамров даражасини 50 фоизга, Экологик партия эса 40 % га етказишга эътибор қаратган.

Кейинги беш йилда ЎзЛиДеП хусусий олий таълим ташкилотлари сонини камида 50 тага етказиш мақсадини қўйган. Мазкур ташаббус улкан истиқболларга эга. Гарвард, Стенфорд, Пристон университетлари каби нуфузли ОТМлари хусусий саналади. Буюк Британияда машҳур судьяларнинг 74%, мувафаққиятли фаолият юритаётган журналистларнинг 51%, шуҳрат қозонган ва юқори маош оладиган фан докторларининг 61% таълимни хусусий университетларда олишган. Хусусий университетларга давлат ОТМларига қуйилган талаблардан кам бўлмаган талаблар қўйилади. Бу эса олий таълим соҳасида нодавлат сектори самарадорлигини кўрсатади. Партия давлат ОТМлари томонидан босқичма-босқич меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш амалиёти йўлга қўйилишини назарда тутган. Бунда, фикримизча, таклифларни рўёбга чиқариш мамлакат ОТМларини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингига киритиш, уларнинг академик мустақиллигини таъминлаш каби масалалар жой олган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида амалга оширилиши лозим.

Экологик партиянинг табиат муҳофазаси ва экология соҳасидаги таклифлари умумий тусга эгалиги такидланмоқда. Партиядан номзод экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтиришни илгари сурган. Бугун бу соҳадаги олий маълумотли кадрларни тайёрлаш 27 ОТМларининг бакалавриат босқичида амалга оширилади, магистрлар 12 ОТМларда тайёрланади. Хусусан, бакалавриат квоталари сони 950 ўринни ташкил этади, бунда уларнинг барчаси бир йўналиш – “Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш” доирасида назарда тутилган. Бундай бир томонлама ёндашув жиддий муаммолардан бири бўлиб, унга Экологик партия ўз эътиборини қаратган. АОКАдаги брифингда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вакили томонидан мутахассислар етишмаслиги дарахтлар кесиш учун ноқонуний хулосалар берилишига сабаб бўлганлиги айтиб ўтилди. Келтирилган статистикага кўра Давлат экология қўмитасининг 2000 нафар ходими орасида 10 % га яқини экология соҳасидаги мутахассислар бўлиб, “арборист”, “фитопатолог”, “дендролог” ва “энтомолог” каби мутахассислар йўқ. Назаримизда, бу масалалар Экологик партия ташабуссларида ўз аксини топиши лозим эди. Шу жиҳатдан номзодга сайловолди дастури доирасида яшил иқтисодиёт ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича таклифларни ёритишда қўллаган ёндашувидан фойдаланиши ўринлидир.

Узлуксиз таълим сифатини мустақил баҳолаш тизимини шакллантириш ва қўшимча педагогик таълим хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш – партиянинг “яшил” ёндашув бўлмаган айрим таклифларидан бири. Бунда партия томонидан таклиф этилаётган мустақил тизим нодавлат сектори ривожланишини англатадими ёки жамоатчилик назоратини кучайтирадими деган савол орқали ўз таклифи моҳиятини очиб бериши мақсадга мувофиқ. Ҳозирда бу тизим давлат назорати остида амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнлари, профессор-ўқитувчилар таркиби, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш, педагог кадрларга малака тоифаларини бериш бўйича давлат сиёсатини амалга оширади.

Таълим жараёнининг ижтимоий жиҳатлари

Ижтимоий масалаларга ХДП, “Адолат” ва “Миллий тикланиш” партиялари алоҳида урғу беришган. ХДП таълим жараёни иштирокчиларининг моддий-маиший шароитларини яхшилаш, олис ва чекка ҳудудларда “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчиликда мустаҳкамлашга, “Адолат” эса – “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида”ги Қонуни қабул қилишга эътибор қаратган. Қайд этилган таклифлар муайян даражада амалиётда жорий этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бошқа ҳудудларда фаолият олиб бораётган ўқитувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенсациясининг берилиши белгиланган. “Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида 2019 йилнинг январида муҳокамадан ўтказилган (Қонун лойиҳаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган), кейинчалик қайта ишланганидан сўнг, 2020 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида “Педагогик ходимнинг мақоми тўғрисида”ги Қонуни (Қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган) муҳокамага қуйилган. “Адолат” партияси мазкур лойиҳалар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда таклифларни таҳлил қилиши ва ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ЎзЛиДеП ва ХДП таълим жараёни иштирокчиларига моддий ёрдам кўрсатиш доирасидаги таклифлари ўхшашлигини кўрсатади. Гап талабалар учун ётоқхоналар қуриш, таълимнинг барча босқичидаги муассасалар ва уларнинг ходимлари, илмий-ижодий зиёлиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳақида кетмоқда. “Миллий тикланиш” олий таълим имкониятларини мактабгача ва умумий ўрта таълимни яхшилашаш билан боғлаган. Бу мақсадларда партия давлат соҳада бош буюртмачи сифатида педагоглар тайёрлаш тизимини тўла молиялаштиришни таклиф этган. Бунда кўрсатиб ўтилган таклифлардаги вазифаларни амалга ошириш механизми ва уларга эришиш йўллари давлат-хусусий шерикчилигининг самарали чоралари қўлланган ҳолда иқтисодий асослантирилган бўлиши лозим.

 “Миллий тикланиш” партияси ва унинг номзоди билдирган айрим таклифлар (иш ҳақини ошириш, пенсия ёшини камайтириш, ўқитувчилар учун рейтинг тизими) асосланмаган бир шиорга ўхшайди. Хусусан 18 ёшгача фарзандлари бўлган ота-оналарни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Бироқ бу масала юзасидан кўп ўйларга тортадиган саволлар тўғилмоқда. Қандай турдаги ёрдам кўрсатилади? Қайси мезонлар асосида? Қандай шаклда қўллаб-қувватланади? Айниқса бу – мазкур ташаббус ким томонидан молиялаштирилиши ҳақидаги саволга таалуқли. Тарбиячиларнинг йиллик сертификацияси жорий этилиши мақсадга мувофиқлигига ҳам жавоб топишнинг имкони йўқ, ваҳоланки қонунчиликда уларнинг фаолияти устидан лозим даражада назорат ўрнатилган. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ педагогик ходимлар, тарбиячиларнинг аттестациядан ўтказиш беш йилда камида бир марта Давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, тарбиячиларнинг касбий даражасини таъминловчи Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти фаолият юритади. Йиллик сертификация коррупциявий хавфлар вужудга келишига олиб келиши мумкин ҳамда илғор хорижий тажрибага мос эмас (ЕҲ, Россия Федерацияси, Қозоғистонда бу муддат 3-5 йилни ташкил этади).

“Миллий тикланиш”нинг тарбиячилар иш ҳақини ошириш, 10 йил ва ундан ортиқ ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланган педагогга ойлик маошининг 50 фоизини устама сифатида қўшиб бериш, давлат маблағлари ҳисобига мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ўқитувчиларини ўқитишга оид таклифлари молиявий-иқтисодий асослантиришни талаб этади. Иш ҳақини ошириш изчил ва чуқур ўйланган ҳолда амалга оширилиши лозим. Ортиқча бюджет ҳаражатлари бошқа соҳалардаги ҳаражатларни камайтиришни ёки солиқ юкини оширишни тақозо этади. Шунинг учун кўриб чиқилаётган масала юзасидан чуқур иқтисодий тадқиқотлар ўтказиш зарур.

Ўқитувчиларга 50 ёшдан нафақага чиқиш ҳуқуқи берилиши эрта пенсияга чиқиши муносабати билан ўқитувчиларнинг моддий аҳволи сезиларли равишда оғирлашишига олиб келиши мумкин. Шунингдек халқимизда асрлар давомида тарихан шаклланган, авлодлар узвийлигини таъминлашга қаратилган “Устоз-шогирд” тизими йўқ бўлиши хавфи мавжуд. Мазкур масалани ҳал этишда ҳар томонлама таҳлил қилиш ва Ўзбекистонда бугун ўртача умр давомийлиги 74,6 ёш эканлигини ҳисобга олиш керак. Кўплаб мамлакатлар (Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Хитой, Япония)да пенсия ёшини қарийб 70 ёшгача ошириш тенденциясини кузатиш мумкин. Мазкур ташаббусни Россияда жорий йил август ойида Россия Федерациясининг коммунистик партияси томонидан илгари сурилган таклифга ўхшатиш мумкин, бу таклифлар айрим экспертлар томонидан сайловдан олдинги популизм сифатида баҳоланган.

Ўқитувчиларга иш ҳақи видео кузатувлари асосида ҳисобланадиган рейтинг балларига мувофиқ белгилаш ҳақида “Миллий тикланиш”нинг таклифлари ҳам кескин ҳисобланади. Бунда энг яхши дарс берган ўқитувчи юқори, сифатсиз дарс берган ўқитувчи кам маош олиши таклиф этилмоқда. Назоратнинг мазкур тури ижобий жиҳатлари билан бирга рейтингни аниқлашда раҳбарият томонидан суиистеъмолчилик хавфини юзага келтириши мумкин. Бундай ҳолат, албатта, жамоада, ўқитувчи ва ўқувчилар орасида ишончсизлик муҳитини келтириб чиқаради. Доимий ва тўлиқ равишда дарсларни кузатиш маъмурий, инсон ва моддий ресурсларни талаб этади. Шу билан бирга, тегишли соҳа вакили бўлган мутахассис томонидан амалга ошириладиган ҳолис назоратни таъминлаш бўйича муаммолар вужудга келади.

Талабалар рейтинги амалиётини киритишда ўхшаш ёндашув “Адолат”да ҳам бўлиб, бу йил якунлари бўйича энг юқори рейтингга эга бўлган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибида намоён бўлади. Мазкур амалиёт баҳо хусусида ўқитувчи ва талаба ўртасида носоғлом муҳит пайдо бўлишига, талабанинг мақоми йилдан йилга асоссиз ўзгаришига олиб келиши мумкин. Фикримизча, таълим шакли (грант ёки контракт)ни талабанинг кейинги рейтинг баҳоларига боғлаш самарали эмас. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунида таълим ва тарбиянинг инсонпарварлик, демократик хусусияти асосий тамойиллардан бирилигини инобатга олиб, таклиф этилаётган рейтинг тизими ўрнига иқтидорли талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш тизимини кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

Партияларнинг таълимни бошқариш тизими соҳасида институционал ислоҳотларни амалга оширишга оид таклифлари ҳам қизиқиш уйғотмоқда.

ХДП, ЎзЛиДеП ва Экологик партия таълимни бошқариш тизими соҳасида институционал ислоҳотларни амалга оширишдан ўзларини тийган бўлса, қолган икки партиянинг платформасида ваколатли органларнинг мақомини ўзгартириш ёки уларни қайта ташкил этиш бўйича таклифларни кўриш мумкин. Хусусан, “Адолат” мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантиришни, “Миллий тикланиш” эса Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тугатилиб, Президент ҳузурида Ректорлар кенгашини ташкил этишни, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясини Вазирлар Маҳкамасидан Олий Мажлис ҳузурига ўтказишни таклиф этган.

Барча таълим идораларини ягона орган сифатида бирлаштириш, албатта, жуда ҳам қизиқ таклиф бўлиб, айниқса, давлат органларини мақбуллаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистондаги маъмурий ислоҳотларни амалга оширишда қизиқиш уйғотади. Бироқ мавжуд бўлган ҳар бир учта идора фаолиятида акс этувчи ўзига ҳос жиҳатларга эга. Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижаларига мувофиқ бундай ёндашув янада манзилли давлат сиёсатини таъминлашга ва самарали давлат бошқарувини амалга оширишга қаратилган. Нима бўлганда ҳам давлат органларини тугатиш ёки қайта ташкил этиш амалдаги тизимни “бузмасдан”, босқичма-босқич ва чуқур ўйланган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Инспекцияни қайта ташкил этиш бўйича фикрини асослаган ҳолда, “Миллий тикланиш”дан номзод инспекция тарбия ва таълим жараёнлари мониторингини олиб боришини, Олий Мажлисга тизимли тарзда ҳисоб бериб боришини билдирган. Айтиб ўтиш лозимки, ижро ҳокимияти органи сифатида Инспекция таълим сифатини назорат қилиш бўйича идоралараро тўлақонли ҳамкорлик қилиш ва бу борадаги вазифаларни амалий жиҳатдан ҳал этиш имкониятларига эга. Шунингдек Инспекция лицензияловчи орган саналади, бундай мақомга, қоида тариқасида, ижро ҳокимияти органи эга бўлади. Олий Мажлис қонун чиқарувчи ҳокимият органи сифатида Ҳукумат, жумладан Инспекция устидан парламент назоратини олиб бориш ваколатига эга, бу эса ҳисобдорлик мавжуд эканлигининг исботидир. Бундай имкониятлардан мониторинг орқали фойдаланиш мушкул ҳисобланади.

Миллий тикланиш”нинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигини тугатиш ва Ректорлар кенгашини тузиш таклифи ҳам баҳслидир. Амалиёт кўрсатадики, олий таълимни бошқариш органи мавжудлиги ОТМлар фаолиятини мувофиқлаштиришга, ягона стандартларни ўрнатиш ва таъминлашга ёрдам беради. Бошқарув вертикали йўқлиги олий таълим тизимида ёндашувларнинг тарқоқлигига олиб келиши мумкин. ОТМларнинг ўзини-ўзи бошқариш тизимига босқичма-босқич ўтиш жараёнида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кўринишидаги давлат органининг ўрни юқори ҳисобланади.

Илм-фанни ривожлантириш

Мамлакатимизда илм-фан ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги тўрт йилда 28 та илмий ташкилот ва 4 та инновацион технопарк ташкил этилди. Илм-фан вакилларининг иш ҳақи уч баравар оширилди. Илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини янгилаш учун катта маблағлар йўналтирилди. Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 2020 йилда 163,1 млрд сўм, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида – 80,8 млрд сўм ажратилди.

Сиёсий партияларнинг илм-фан ривожи соҳасига оид таклифлари манзилли эканлиги ва чекланганлиги билан фарқланади. “Адолат” илмий соҳани яхшилаш бўйича қатор ижтимоий таклифларни илгари сурган – таълим ва илм-фан вакилларини бепул уй-жой билан таъминлаш, олим ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш. Шунингдек, партия илм-фанни молиялаштиришга сарфланадиган маблағ 2030 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизига қадар оширилишига урғу берган, буни амалга ошириш эса жуда ҳам мураккаб ҳисобланади. ИҲТТ ва ЮНЕСКОнинг маълумотларига кўра сўнгги йилларда илм-фанни ривожлантириш Буюк Британия, Италия, Испания, Канада, Австралия, Россия Федерацияси каби мамлакатларда ҳам қайд этилган кўрсаткичга етмаган. Партия фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаш бўйича таклифларни амалга ошириш механизмини ҳам ёритмаган. Бу вазиятда партия таклифлар асосланмагандек кўринади.

ЎзЛиДеП сайловолди дастурида илм-фан натижаларини иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва маданий-маънавий соҳада қўллаш назарда тутилган. ХДП ва “Миллий тикланиш” илм-фанни ривожлантириш юзасидан алоҳида таклифларни илгари сурмаган бўлиб, бу мазкур партияларнинг илм-фан келажаги ҳақидаги тушунчалари, Ҳукуматнинг амалдаги курсига муносабати тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлишга имкон бермайди.

Қоида тариқасида, ривожланган мамлакатларда “яшил” партиялар мазкур йўналишда ўз фаоллигини кўрсатиб, осойишталикни “яшил” иқтисодиёт билан боғлайдилар. Лекин Экологик партиянинг мазкур соҳадаги таклифлари умумий тусга эга. Жумладан, партиянинг асосий ғояларидан бири “яшил” тараққиёт тамойилларини таълим ва фанга интеграция қилиш саналади. Партия экологик тадқиқот ва инновацион фаолият кўламини кенгайтириш, бизнес-инкубатор ва технопарклар, жумладан экотехнопаркларни ташкил этган ҳолда инновацион инфратузилмани ривожлантиришни таклиф этмоқда. Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш қисмида партия экологик тоза, чиқиндисиз ва ресурсларни тежамкор технологияларни ишлаб чиқишни ривожлантириш, илмий маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва инновацион усулларни кенг жорий этиш мақсадини илгари сурган. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолиятини иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа эҳтиёжларига тўлиқ мослаштириш, шунингдек юқори самарадор илмий ишланмалар ва технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор берилган. Дарҳақиқат, мазкур таклифлар катта иқтисодий самара бериши мумкин. Яшил иқтисодиётга тизимли ўтиш мақсадида партия томонидан аниқ чора-тадбирлар, амалга ошириш шакли ва чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари кўрсатилган ягона комплекс ҳужжатни қабул қилиш ташаббусини илгари суриш яхши самара беради. Яшил иқтисодиёт масалалари ЎзЛиДеП номзоди эътиборидан ҳам четда қолгани йўқ, партия томонидан саноат тармоқларига энг замонавий технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигини интенсив ривожлантириш, агрохизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари кўтарилган. Бу соҳада партиялар ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштиришлари мақсадга мувофиқ.

Хулоса қилганда, партия ва номзодларнинг амалдаги платформаларининг таҳлили бу ҳужжатларда илм-фан ва таълим ижтимоий осойишталик ва жамият тараққиётининг муҳим жиҳати сифатида белгиланганидан далолат бермоқда. Барча партиялар таълимнинг барча бўғинлари, илм-фаннинг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни муҳимлигини таъкидлашмоқда. Юқорида ўтказилган тадқиқот ташаббусларни иқтисодий асослантириш лозимлигини, амалий натижалар ва уларнинг янгилиги муҳим эканлигини, изчил чора-тадбирлар самарадорлигини кўрсатди.

Қайд этилганларга асосан таълим ва илм-фан тизимини ислоҳ қилишда партиялар эътибор қаратиши лозим бўлган қуйидаги тавсияларни шакллантириш имконини беради:

профессионал таълим сифатини ошириш, профессионал таълимга эга кадрларга бўлган эҳтиёжни таҳлил қилиш;

- профессионал ёки олий таълимга эга кадрларни тайёрлаш мутахассисликларини шакллантиришда мослашувчанликни таъминлаш, янги ва эҳтиёж юқори бўлган, шу жумладан тор доирадаги мутахассисликларни очиш;

- илмий тадқиқотлар учун қулай инновацион муҳитни яратиш, амалдаги тизимни танқидий кўриб чиқиш асосида илмий лойиҳаларни танлов асосида молиялаштириш кўламини кенгайтириш;

- илмий-инновацион соҳани янада рақамлаштириш.

Мухтасар қилиб айтганда, сайлов натижаларидан қатъий назар, сайловда ғалаба қозонган партия ва унинг номзоди бошқа партиялар билдирган ташаббусларнинг афзалликларини инобатга олиши, Ўзбекистон равнақи йўлида илмий ва иқтисодий асосланган таклифларни рўёбга чиқариши лозим.

Расулев Абдулазиз Каримович, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директорининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор

Хўжаев Шохжахон Акмалжон ўғли, Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг