Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман

Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман

Қарши туманидаги Қоратепа хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежидаги машғулот жараёни

Фото: «Qashqadaryogz.uz»

Ўқитувчи. Бу сўзни эшитганда қалбимизда аввало шу касб эгасига ҳурмат ҳисси уйғонади. Бу касбнинг масъулияти ва машаққатини сўз билан таърифлаб бўлмайди. Агар 30 йил ўрта-махсус ўқув юртида ишлаб қанча-қанча шогирдлар етиштирган раҳбар ҳақида эшитсангиз, албатта унинг матонати ва иродасига тан берасиз. Чунки коллеж ёшидаги ўспирин йигит-қизнинг орзулари бир олам, шунга яраша инжиқликлари ҳам бўлади.

Яқинда таҳририятимизга бир кекса ўқитувчи келди. Ўзини Шомил Одилов деб таништирган бу юртдошимиз Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қоратепа хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида ўттиз йилга яқин раҳбарлик қилган экан. Унинг бизга тақдим этган ҳужжатларидан маълумки, коллежда ёшларнинг таълим-тарбияси йўлида кенг кўламли ишлар қилинган. Билим юрти вилоятдаги энг нуфузли коллежлардан бирига айланган. Унда музей ва бир нечта марказ ташкил этилиб, ҳар йили республика даражасидаги илмий-амалий конференциялар ўтказиш йўлга қўйилган.

2016 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Қоратепа хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежининг Дашт филиали ташкил этилди. Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан филиалга Анвармирзо Қудратов директор этиб тайинланди. Шомил Одиловнинг айтишича, муаммолар ана шундан кейин бошланди.

Амалдаги қонунларга кўра, филиал юридик шахс мақомига эга бўлмайди. Бинобарин, коллежнинг Дашт филиалига ҳам бундай мақом берилмаган. Шунга қарамай, филиал директори қонун доирасидан чиқиб, қарорлар қабул қила бошлайди. Ҳали қонуний кучга эга бўлмаган муҳрдан ўзбошимчалик билан фойдаланиб, бир эмас, икки эмас, нақ 12 кишига иш беради. Аслида ўқув масканига ходимларни ишга қабул қилиш ваколати фақатгина коллеж директорига берилган. Аммо Анвармирзо Қудратов бу ҳақиқатга терс қарайди. Табиийки, бу Шомил Одиловга ёқмайди. Филиал коллеж бўйсунувидаги ташкилот ҳисоблангани учун Анвармирзо Қудратовни бир неча марта тартибга чақиради.

Можаро кундан-кунга чигаллашиб, коллеж ва филиал жамоаси ўртасида носоғлом муҳит пайдо бўлади. Бу ўқув жараёнларига салбий таъсир кўрсата бошлайди. Филиал раҳбари коллеж директори ишлагани қўймаяпти деб юқори ташкилотларга арз қилади. Ҳатто масалага Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳам аралашади. Сенатор фуқародан келган мурожаатни кўриб чиқиш хусусида вилоят ҳокими номига хат йўллайди. Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси масалани ўрганиб чиқиб, бўлаётган ишларда коллеж директори Шомил Одилов айбдор деб топади. Шундан сўнг қандай қилиб бўлмасин уни ишдан бўшатиш пайига тушади. Коллежга пайдар-пай комиссия жўнатиб, директор ишини тафтиш қила бошлайди.

Бир неча марта жўнатилган комиссия Шомил Одиловнинг ўттиз йиллик фаолиятидан айтарли камчилик топа олмайди. Комиссиянинг кейинги тафтишлари фақат тирноқ орасидан кир қидиришга ўхшаб қолади. Доимий босим, асаббузарлик Шомил Одиловнинг соғлиғига зиён етказиб, у шифохонага тушиб қолади. Шунча йиллик меҳнати кўз ўнгида барбод бўлаётганига чидолмаган Шомил Одилов шифохонада бўлишига қарамай, коллеждан комиссияни чиқариш эвазига ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришга тайёр эканини билдиради. Бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Нормуҳаммедовнинг қистови ва босими ниҳоят иш беради. Шомил Одилов даволанишни охирига етказмай, ишга қайтади ва 2017 йил 20 июлда бўшаш ҳақида ариза ёзиб беради.

— Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман, — дейди Шомил Одилов. — Менинг йигирма саккиз йиллик педагогик фаолиятим ҳисобга олинмади. Шунинг учун ҳуқуқим, обрў-эътиборим, қадрим поймол бўлганини исботлаш мақсадида мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлаяпман. Тўғри, узоқ йиллар таълимда суяги қотган раҳбарнинг кимнингдир устидан арз қилиши бироз эриш туюлар. Аммо меҳнатларим оз бўлса-да эҳтиромга муносиб деб ўйлайман. Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Нормуҳаммедов бошчилигидаги жамоа вазиятни холис баҳолай олмади. Менинг бирорта фикрим инобатга олинмай, ишдан ноҳақ бўшатилдим. Шу боис судга мурожаат қилдим. Аммо фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро суди ишга қайта тиклаш ҳақидаги даъвомни қаноатлантирмади. Назаримда, судья ишдаги баъзи деталларни эътибордан четда қолдирди. Менга нисбатан тазйиқ ўтказилгани ҳақидаги аудиоёзувлар ва ишдан бўшаганим тўғрисидаги буйруқ билан ўз вақтида таништиришмагани каби далилларни асоссиз деб топди. Боз устига, аризамни олишган пайтда мен даволанаётгандим. Шундан сўнг апелляция тартибида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига мурожаат қилдим. Бироқ улар ҳам фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Хуллас, икки раҳбарнинг тил топиша олмагани ва бунга вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси томошабин бўлиб тургани ҳисобига масала маддалаган. Ахир яхши гап билан илон инидан чиқади деган пурмаъно ҳикмат бекорга айтилмаган. Коллеж директорини ишдан олиш зарур экан, нега муроса йўли танланмади? Шунча йиллик меҳнатлари муносиб баҳоланиб, ўзбекона иззат-ҳурмат билан пенсияга кузатилганда масала қулоч ёзиб, овозаси пойтахтгача келмасмиди. Буни вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасида ўтирган «катта»лар қачон англаб етади?

Ҳа, айтганча, газетамиз саҳифаланаётган пайтда филиал раҳбари Анвармирзо Қудратовнинг ҳам ишдан олингани тўғрисидаги хабар қулоғимизга чалинди. Балки энди адолат қарор топиб, кекса мураббийнинг эл-юрт олдидаги обрўси тикланар.

Қаҳрамон Сайдалиев


Мақола «Жамият» газетасининг 2018 йил 19 январь сонида эълон қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг