Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентликка номзод мандат кечикаётганини танқид қилди

Президентликка номзод мандат кечикаётганини танқид қилди

Фото: ХДП

Кўпчилик байрам кайфиятида. Аммо абитуриентлар эмас. Улар мандат қачон чиқаркин, ўқишга кирдимми ёки йўқ, деган ўйда юрагини ҳовучлаб юрибди. Кўнглига чироқ ёқса, ёришмайди, дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова.

У ёшларнинг талабига жавоб бера олмайдиган Давлат тест маркази фаолиятини бутунлай қайтадан кўриб чиқиш керак деб ҳисоблайди.

«Ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганганимизда уларда биздаги каби ўқишга кириш бўйича баъзи тоифаларга имтиёзлар эмас,юқори билим учун рағбат, стипендиялар, таълим грантлари мавжудлигини кўрамиз. Бу албатта, барча учун баробар қилиб қўйилган: билиминг бўлса, марҳамат, стипендия, грант ютиб олиб имкониятларга эга бўл. Ҳеч кимга қўш қўллаб имтиёз тақдим этилмайди.

Таълимда аҳолининг барча қатламларига тенг имкониятлар яратиш мақсадида олий ўқув юртларига киришдаги имтиёзлар тизимини жиддий ислоҳ этиш зарур. Имтиёзлар фақат республика ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун (махсус шартлар асосида, ўз йўналишлари бўйича) қолдирилса, мантиқан тўғри бўлади. Қолган барча абитуриентлар соғлом рақобат муҳитида, адолат мезони бўйича сараланиши даркор», деб ёзади президентликка номзодини қўйган Ворисова.

Шунингдек, у тўлов-контракт миқдорини белгилашда ҳам аҳолининг реал даромадларини ҳисобга олиш адолатдан бўлишини таъкидлайди.

«Зотан, айрим абитуриентлар контракт пулини тўлашга қурби етмагани боис ўқишни ташлаб кетаётганини биламиз. Шунга мувофиқ, аҳолининг кам даромадли қатлами учун ҳам мақбул келадиган таълим кредити линиясини ишлаб чиқиш, уларга грантлар ажратиш, контракт миқдорини қабул пайтигина эмас, балки ўқиш жараёнида ҳам дифференциаллаштириш мақсадга мувофиқдир. Масалан, талаба ўқув йилини аъло баҳоларга тугатса, бу унинг стипендиясига ҳам, контракт миқдорига ҳам таъсир кўрсатсин. Шунда ёшларда илм олишга ишитиёқ кучаяди, таълим сифати ортади. Жамиятимиз юқори билимли, ватанпарвар, қизиқувчан, адолат тамойилларида тарбия топган ўтюрак кадрларга жуда муҳтож», дейди Мақсуда Ворисова.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг