Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент таълим тизимига бағишланган йиғилиш ўтказди

Президент таълим тизимига бағишланган йиғилиш ўтказди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2 март куни халқ таълими тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ мамлакатда кадрлар муаммоси мавжудлигини, барча соҳаларга ислоҳотлар суръатига мос замонавий мутахассислар кераклигини айтган эди.

Шу мақсадда бутун таълим тизими тубдан такомиллаштирилмоқда. Мактабгача таълим ривожлантирилаётгани мактаб сабоқларига пухта замин бўлмоқда. Умумий ўрта таълим сифати илғор халқаро тажриба ва замон талаблари асосида юксалтирилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги уч йилда мамлакатимизда 160 дан ортиқ умумтаълим мактаби қурилди. Ундан ташқари, Президент мактаблари, буюк алломаларимиз номи билан аталадиган ихтисослаштирилган мактаблар, ижод мактаблари, Темурбеклар мактаблари каби замонавий ва инновацион таълим масканлари ташкил этилди.

Шунингдек, охирги 3 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Узоқ ҳудудларга бориб ишлайдиган педагоглар меҳнатини қўшимча рағбатлантириш жорий этилди.

2019 йил 26 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Замонавий мактаб»ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2021 йилгача мактабларнинг камида 3 фоизи, 2025 йилгача 20 фоизи, 2030 йилга қадар эса 50 фоизини «Замонавий мактаб»ларга айлантиришнинг асосий параметрлари белгиланди.

Буларнинг барчаси ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган кенг қамровли ислоҳотларнинг илк босқичи эди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентимиз шу йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш зарурлигини таъкидлади. Мактаблар моддий-техник таъминотини яхшилаш, ўқув-тарбия жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Бугунги йиғилишда янги турдаги мактабларни барпо этиш, аввалгиларини босқичма-босқич замон талабларига мослаштириш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳозирги кунда 9 минг 942 та мактабнинг 2 минг 835 таси таъмирталаб. 5 минг 861 тасида ўқувчилар сони сиғимига нисбатан кўплиги сабабли дарслар 2 сменада ўтилмоқда. Жорий йилда 36 та янги мактаб қурилиб, 211 тасининг капитал таъмирланиши белгиланган.

Қурилиш вазирлигига мактабларни замонавий архитектура ечимлари асосида, энергия тежовчи ва илғор технологияларни қўллаган ҳолда барпо этиш вазифаси қўйилди.

Маълумки, лабораториядаги амалий машғулотлар таълим сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Машғулотда олинган билимнинг самараси бир неча карра юқори бўлади.

Лекин бугун мактаблардаги 683 та физика, 897 та кимё, 901 та биология хонасида ўқув лабораториялар йўқ. 7 минг 807 та физика, 7 минг 776 та кимё ва 7 минг 770 та биология хонасининг жиҳозлари эскирган. 62 мингта синф хонаси замонавий ва янги ўқув жиҳозлари билан таъминланмаган, 7 мингта компьютер етишмайди.

Шунинг учун, мактаблардаги лабораторияларни замонавий жиҳозлаш ва улардаги дарслар кўламини ошириш талаб этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига амалдаги жиҳозлаш ҳолатини танқидий ўрганиб, мактабларни замонавий лаборатория, компьютер техникаси, спорт анжомлари ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди.

Аниқ фанларни ўқитишда амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда интерактив машғулотларга эътиборни кучайтириш кераклиги таъкидланди.

Юртимизда математика, кимё, физика ва биология дарсларининг 10 фоизигина амалий машғулотларга ажратилган. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 30-50 фоизни ташкил этади.

Шу боис Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ўқув дастурларида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, аниқ фанларда амалий машғулотлар кўламини ошириш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда педагог кадрларнинг билим ва малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган йили аттестацияда иштирок этган қарийб 57 минг нафар ўқитувчидан 43 фоизи паст баҳо олгани, республика бўйича муаллимларнинг аттестация натижаларидаги ўртача кўрсаткичи 100 баллик баҳолаш тизимида 64 баллни ташкил қилгани айтиб ўтилди.

Педагоглар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, методик таъминотни янгича ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Болаларни ёшлигидан маънан ва жисмонан етук шахс этиб тарбиялаш мақсадида мактабларни бадиий адабиётлар билан таъминлаш, айниқса, бошланғич синфларда мусиқа, тасвирий санъат ва жисмоний тарбия машғулотларига янги мазмун бериш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг