Педагог меҳнатига ҳақ тўлаш қоидалари янги қонунга киритилмоқда
Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлиси кун тартибидан ўрин олган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонун сенаторларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди.
Мазкур Қонун асосида педагогларнинг ўз касбий фаолиятини юритиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланиши ва ҳуқуқлари амалга оширилиши учун кафолатлар берилиши орқали Ўзбекистон Республикасида педагогнинг мақоми тан олинади.
Қонунда педагоглар ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун уларнинг ҳуқуқлари қатъий белгилаб қўйилмоқда. Хусусан, педагоглар касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиши, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижодий таътил олиши, таълим ташкилотини бошқаришда, шунингдек таълим ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиши, ўз касбий фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувдан ҳимояланиш ҳамда таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) томонидан педагогнинг касбига ҳурмат билан муносабатда бўлишини талаб қилиш ҳуқуқларга эга бўлади.
Шу билан бирга, Қонунга педагогнинг ўз касбий фаолиятини амалга ошириши чоғида педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш, куз-қиш даврида ва ишланмайдиган байрам кунларида таълим ташкилотида навбатчиликка жалб этиш, педагогнинг зиммасига товарлар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан лавозим маошидан унинг розилигисиз товарлар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш каби тақиқланадиган ҳолатлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Қонунда педагогик этика қоидалари, педагогларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, улар аттестациядан ўтиши ва малака тоифаларини олишлари белгиланмоқда. Педагогик этика қоидалари таълим ташкилотлари учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.
Яна энг муҳим жиҳатлардан бири, педагогнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича қоидалар мустаҳкамланмоқда. Унга кўра меҳнатнинг алоҳида шароитларида, республиканинг олис ҳудудларида ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ишлайдиган педагогга устамалар белгилаш назарда тутилмоқда, фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) учун базавий лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори (DSc) ва профессор илмий унвонига эга шахслар учун базавий лавозим маошининг 60 фоизигача ҳар ойлик устама тўланиши Қонунда алоҳида кўрсатиб ўтилмоқда.
Шунингдек, педагогларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари назарда тутилмоқда. Хусусан, педагоглар учун қисқартирилган иш вақти, давомийлиги кўпи билан эллик олти календарь кундан иборат бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги асосий узайтирилган меҳнат таътили белгиланмоқда, уларга республиканинг олис ҳудудларида уй-жойларни ижарага олганлик учун ҳар ойлик компенсация тўланиши белгиланмоқда, касб эгаларининг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли рўйхатга асосан қабул қилиниши, давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида давлат таълим ташкилотларининг педагогларини мажбурий бепул тиббий кўрикдан ўтказиш белгиланмоқда.
Сенаторлар мазкур Қонуннинг қабул қилиниши педагог ходимнинг жамиятдаги мақомини юксалтириш, унинг фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва касбий камол топиши учун шароит яратиш ҳамда ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter