Пандемия «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси қай даражада муҳим эканини кўрсатиб қўйди — БАА вазири
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган интернет технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва мактабларда таълим сифатини ошириш бўйича видеоселекторда БАА Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдулла Гаргавий ҳам иштирок этди.
— «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини самарали амалга оширишда, Бирлашган Араб Амирликлари иштироки катта аҳамият касб этиб, мамлакатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг яна бир ёрқин ифодасига айланди. Фурсатдан фойдаланиб, замонавий Ай-Ти, қайта тикланувчи энергия манбалари каби энг илғор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириб, Янги Ўзбекистон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётган Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукуматига ташаккур изҳор қиламан, — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўз навбатида БАА Ҳукумат ишлари бўйича вазири Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқига БАА раҳбариятининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказишдан мамнун эканлиигини билдирди. Вазир мамлакатларимиз ўртасида 2019 йил апрель ойидан янги паллага кирган кўп томонлама ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари бугун мева бераётганини таъкидлаб ўтди.
Муҳаммад бин Абдулла Гаргавий айниқса «Бир миллион дастурчи» ташаббусига эътибор қаратди ва бу лойиҳа кўп сонли ёшларни ўзига жалб қилаётгани, уларга мотивация бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
— COVID-19 пандемияси туфайли бутун дунёда рўй берган глобал ўзгаришлар «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси қай даражада муҳим эканини кўрсатиб қўйди. Сизнинг ташаббусингиз билан бошланган ушбу лойиҳа тўлиғича келажакка йўналтирилгандир, — дея таъкидлаб ўтди вазир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter