Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонлик ёшларга Европада таҳсил имкони тақдим этилмоқда

Ўзбекистонлик ёшларга Европада таҳсил имкони тақдим этилмоқда

Фото: Xabar.uz

Бугун, 9 октябрь куни Тошкентда Европа Иттифоқи таълим кўргазмаси бошланди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтаётган тадбирда Европанинг 20 га яқин нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқиш имконияти тақдим этилмоқда.

ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси ва Erasmus+ миллий офиси ташкил этган иккинчи таълим кўргазмасида Испания, Польша, Бельгия, Болгария, Италия, Франция, Чехия, Руминия, Германия ва Словакия вакиллари ўзбекистонлик ёш иқтидор эгаларига бакалавриат, магистратура ва аспирантура дастурлари бўйича йўл-йўриқ бермоқда.

«Европа Иттифоқи илғор таълим ва тадқиқот маркази сифатида танилган. ЕИ мамлакатларида дунёнинг етакчи университетлари жойлашган бўлиб, бу уни глобал олий таълим бозорида муҳим иштирокчига айлантиради. ЕИ ўзбекистонлик талабаларни қучоқ очиб кутиб олади. Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши унинг иқтидорли ёшларига боғлиқ. ЕИ университетларида олинган олий таълим глобал билим ва кўникмаларни яратади. Битирувчилар ўз ватанларига қайтганларидан сўнг мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадилар», – дейди Енинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Кўргазма 11 октябрь куни Самарқанддаги «Ипак йўли» Халқаро туризм ва маданий мерос университетида, 13 октябрь куни Наманган маданият марказида ҳам ўтказилади.

Мазкур тадбир Erasmus+ лойиҳалари доирасида институционал ҳамкорликни кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Erasmus Mundus – иқтидор эгаларининг таълим, касбий ва шахсий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ЕИ дастуридир. Қўшма магистрлик таҳсили доирасида ўқув дастури, саёҳат харажатлари, суғурта, визани қўллаб-қувватлаш, ойлик стипендия ва бошқаларни ўз ичига олган грант тақдим этилади.

Аввал хабар берганимиздек, бу йил 11 нафар ўзбекистонлик иқтидорли талаба Erasmus Mundus қўшма магистрлик дастури стипендиясини қўлга киритди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг