Ўзбекистонга АҚШдан 40 нафар экспeрт кeлди. Улар муҳим жабҳада кўмаклашади
Ўзбeкистон мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда АҚШ элчихонаси юртимизга инглиз тили ўқитиш бўйича 40 нафар экспeртни олиб кeлди. «English Speaking Nation: English Summer Excellence Training» дастури доирасида келган мутахассислар умумтаълим мактабларининг 520 нафар инглиз тили ўқитувчиси учун 120 соатлик ўқув машғулотлари ўтказади.
16 кунлик тренинг давомида америкалик ўқитувчилар Нукус, Навоий, Зарафшон, Шаҳрисабз, Денов, Жиззах, Гулистон, Ангрен, Қўқон ва Фарғона шаҳарларидаги ҳамкасбларига ҳар томонлама кўмаклашиб, амалий машғулотлар ўтказади. Тренинглар кундалик фаолиятда инглиз тилидан фойдаланиш, шунингдек, синфда дарс бериш ва ўқувчилар билан мулоқот қилишда ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган. Америкалик мутахассислар маҳаллий муаллимлар билан биргаликда ўқувчиларга дарс ҳам беради. Бундан ташқари, дастур маҳаллий ўқитувчиларнинг ўқув жараёнини янада кучайтириб, уларни келажакда ўз синфларида фойдаланиши мумкин бўлган зарур воситалар билан таъминлайди.
«English Speaking Nation: English Summer Excellence Training» дастури Ўзбекистондаги инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини оширишга йўналтирилган «English Speaking Nation: Secondary Teacher Training Program» дастурининг таркибий қисмидир. Дастур уч йил давомида Ўзбекистондаги 15 минг нафар инглиз тили ўқитувчисини қамраб олишни кўзда тутади.
«English Speaking Nation» АҚШ элчихонаси ҳамда Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасида йўлга қўйилган таълим соҳасидаги ислоҳотлар бўйича дастурдир. Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари нодавлат нотижорат ташкилоти эса дастурни амалга оширишда ҳамкор бўлиб хизмат қилади.
Аввал хабар берганимиздек, АҚШдан келган бир гуруҳ педагоглар Ўзбекистон таълим муассасаларида дарс беришни бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 28 сентябрь куни икки мамлакат ўртасида таълим тараққиётига кўмаклашиш бўйича муҳим келишув имзоланган. Унга кўра, АҚШ ҳукумати келгуси беш йил давомида мамлакатимиз таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ ажратади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter