Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда биринчи «Медиасаводхонлик уйи» очилди

Ўзбекистонда биринчи «Медиасаводхонлик уйи» очилди

Тошкент шаҳрида «Медиасаводхонлик уйи» ташкил этилди. Бугун, 24 сентябрь куни Медиасаводхонлик уйининг биринчи ўқув машғулоти туман касб-ҳунар мактабида бўлиб ўтди.

«Медиасаводхонлик уйи» аҳоли ўртасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида ахборот технологиялари ва техникасидан самарали фойдаланиш, танқидий, мантиқий фикрлаш, ахборотни фильтрлаш кўникмаларини шакллантириш, рақамли технологиялар саводхонлиги, реклама, кино саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилган. 

Шу орқали ўсмир-ёшлар, ўқитувчи-педагоглар, аёллар ва кексалар учун ўқув машғулотлар ва семинар-тренинглар ташкил этиш орқали аҳолини медиавий саводхонлигини ошириш кўзда тутилган. Машғулотлар мактаблар, коллежлар ва бошқа идораларда ҳам ташкил этилиб, ҳар бир машғулотда 20 нафар иштирокчи жалб этилиши режалаштирилган.

Машғулотларнинг мавзулари медиа саводхонлиги (ижтимоий тармоқларда фаолият юритиш, ахборот истеъмолининг меъёрлари, мессенжерларда хавфсизлик фаолияти, факт-чекинг); рақамли технологиялар саводхонлиги (мобил алоқа қурилмаларининг имкониятларидан тўғри фойдаланиш, интернет ускуналаридан унумли фойдаланиш, компьютер саводхонлиги); кино саводхонлиги (асарларда сюжет, қаҳрамон ва муаммо масалалари юзасидан фикрлаш кўникмаларини шакллантириш), реклама саводхонлиги кўникмаларини оширишга қаратилган.

– Мен медиасаводхонлиги йўналишида бир неча йиллардан бери лойиҳалар устида ишлайман, хорижий ҳамкорларнинг моддий кўмагида семинар-тренинглар ташкил этиш билан шуғулланиб келмоқдаман. Шу йилнинг май ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро медиасаводхонлик фестивалида иштирок этганимда тожикистонлик ва қозоғистонлик хамкасбларим «Медиасаводхонлик уйлари»ни ташкил этганликлари ҳақида ғурурланиб гапирдилар. Замонавий ахборот майдонлари баъзида яхшиликка, баъзида ёмонликка хизмат қилмоқда. Бундай вазиятда сифатли ахборот олиш кўникмаси одамларда бўлиши жуда муҳим. Шу мақсадда медиасаводхонлик ишларини аввало ўз маҳалламдан бошлашни афзал кўрдим. Бу борада менга Янги Белтепа маҳалла фуқаролар йиғинининг ёшлар етакчиси Жамшид Рихсиев ва Шайхонтоҳур туман касб-ҳунар мактабининг раҳбари Гулнора Юсуповалар яқиндан кўмак беришди. Ана шундай жонкуяр педагоглар туфайли бугун 20 нафар ўсмир-ёш медиасаводхонлик бўйича илк машғулотларини ўтадилар, – дейди «Медиасаводхонлик уйи» асосчиси, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети катта ўқитувчиси Муҳайё Саидова.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг