Ўзбек тили ва адабиёти университети педагогларига Сергелидан уй-жой берилди
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил топганига икки йил тўлди.
Мазкур университет ўзбек тили ва адабиётининг замонавий илм-фан тараққиётида тутган ўрни ва роли билан боғлиқ долзарб мавзуларда муҳим илмий тадқиқотлар олиб бориш, кўплаб луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар нашр этиш, соҳа мутахассислари, илмий-педагог кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган.
Университетнинг учта – ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек филологияси, ўзбек-инглиз таржима факультетларида бакалавр, адабиётшунослик, лингвистика, матншунослик ва манбашунослик, ўзбек тили ва адабиёти йўналишларидаги магистратура босқичларида 1 минг 200 дан зиёд йигит-қиз тил ва адабиёт йўналишида ўз билимини мустаҳкамламоқда.
Мазкур олий таълим муассасаси ўзбек тили ва адабиёти, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асослари, замонавий таълим технологияларини чуқур ўзлаштирган, давр талабларига жавоб берадиган юксак малакали илмий ва педагог кадрлар тайёрлашда етакчи таълим муассасаси ҳисобланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 23 декабрда университетга ташрифи чоғида педагогларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имконият ва қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни уй-жой билан таъминлаш борасида кўрсатмалар берган эди. ЎзА хабарига кўра, шу асосда университетнинг юксак салоҳиятли, билимли, муваффақиятларга эришган, фидойилиги билан ўзини кўрсата олган 20 нафар педагогига пойтахтимизнинг Сергели туманидан уй-жойлар берилди. Шулар қаторида университетнинг магистратура бўлими бошлиғи Элдор Шерманов ҳам бор.
– Ўн тўрт йилдан буён талабаларга дарс бериб келаман, – дейди Э.Шерманов. – Аммо узоқ йиллар давомида тўрт фарзандим билан ижарада яшадик. Қийинчиликлар бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан биз, педагогларга кенг имконият берилди. Уй-жойли бўлдик. Бундан буён ҳам ўз ишимда юксак натижаларга эришишга ҳаракат қиламан.
Университетда 12 кафедрада бир юз элликка яқин фан доктори ва PhD даражасига эга юқори малакали мутахассислардан иборат ўқитувчилар жамоаси фаолият юритиб келмоқда.
Таълим жараёни тўлиқ ахборот-коммуникация технологияларига асосланган ҳолда ташкил этилган. Университет видеоконференция зали, синхрон таржима ва овоз ёзиш хоналари, ахборот-ресурс маркази замонавий технологиялар билан жиҳозланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter