Ўқув йилининг бошланиши 26 август, тугаши 31 май — депутатдан таклиф
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров таълим муассасаларида ўқув йилининг бошланиш ва тугаш вақтини ўзгартириш, ёзги таътилни қисқартириш ҳисобига қишки таътил муддатини узайтириш ҳамда бошланғич синфларда дарс машғулотлари давомийлигини 5 дақиқага камайтириш таклифи билан чиқмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қуйида депутатнинг таклифини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
— Ўзбекистон дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари билан таққослаганда таълим соҳасига давлат бюджетидан энг кўп маблағ ажратадиган давлатлардан бири ҳисобланади, — дейди Абдурашид Абдуқодиров. — Бироқ шунга қарамай, мажбурий таълимга жалб этилиши лозим бўлган ўқувчилар сонининг кўплиги, таълим соҳасида хусусий сектор улушининг деярли йўқлиги соҳада кечаётган ислоҳотларни сифатли ва самарали амалга оширишда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Буюк Британияда ўқув йили уч семестрга бўлинади ҳамда қиш ва баҳор фаслида 2-3 ҳафтадан таътил берилади. Ўқув йилининг бошланиши, саналари штат билан штат ўртасида фарқ қилса-да, АҚШда ҳам Европа давлатларидаги сингари август ойининг охири, сентябрь ойининг бошларига тўғри келади. Японияда ўқув йили табиатдаги янгиланиш даврига мос ҳолда апрелдан бошланади. Хитойда ҳам биздагидек, 1 сентябрдан ўқув йили бошланса-да, ўқувчиларнинг таътиллари июль ва август ойидаги ёзги ва январь ёки февралдаги бир ойлик қишки таътилларга бўлинади.
Хорижий давлатлар тажрибаларидан келиб чиқиб, иссиқлик ва электр энергиясига бўлган талаб куз-қиш мавсумида кескин ошишини ҳисобга олиб, ресурсларни тежаш, ўқувчиларга қиш мавсумида қулай шароит яратиш, қиш ойларида таълим муассасаларини иситиш ва ёритиш сарфини икки баробарга қисқартириш каби мақсадларни инобатга олган ҳолда ўқув йилининг бошланиш ва тугаш вақти, ўқув йили давомидаги таътил кунларининг муддатини ўзгартириш ҳисобига қишки таътил кунларини белгилаш таклиф этилмоқда.
Бунинг учун, ўқув йилининг бошланиши 26 август, тугашни 31 май деб белгилаш; амалдаги 4-9 ноябрь, 28 декабрь - 10 январь, 21-27 март кунларидаги таътил ўрнига 25 декабрдан 2 февралгача қишки таътилни жорий этиш; ёзги таътил вақтининг икки ҳафтага қисқариши муносабати билан ўқитувчилар учун 11-25 январь кунлари давомида икки ҳафталик ҳақ тўланадиган меҳнат таътилини жорий этиш; 1 ва 2-чораклар ҳамда 3 ва 4-чораклар оралиғида таътил зарур деб ҳисобланса, 1 ва 3-чоракнинг охирги ўқиш куни машғулотларини ҳамда 2 ва 4-чоракнинг биринчи ўқиш куни машғулотларини тегишли чораклардаги бошқа ўқиш кунларида ўтиш ҳисобига чораклар орасида икки кунлик таътил белгилаш таклиф этилади.
Бундан ташқари, бошланғич синф ўқувчилари учун дарс машғулоти давомийлигини 40 дақиқа деб белгилаш (бунда бошланғич синфлар учун танаффус вақтини 5 дақиқага узайтириш орқали барча синфлардаги дарс вақтининг бошланишини бир хил қилиш мумкин); туман ёки шаҳар халқ таълим бўлимлари рухсати билан ноқулай об-ҳаво шароитларида, яъни ўта иссиқ ёки совуқ кунларда иситиш ёки совитиш тизимлари билан тўлиқ жиҳозланмаган, шунингдек, икки-уч сменада ўқитиладиган умумтаълим мактабларида дарс машғулотининг давомийлигини 5 дақиқага қадар қисқартиришга рухсат бериш амалиётини жорий этиш таклиф этилади.
Ушбу таклифлар жорий этилса, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг таътиллари ёзги ва қишки таътилларга бўлинишидан ҳамда ўқув йилининг бошланиш ва тугаши муддатларининг бир ҳафтага ўзгаришидан ташқари жиддий салбий оқибатлар келиб чиқмайди. Аммо қуйидаги ижобий натижаларга эришилади:
— умумий ўрта таълим тизимида куз-қиш мавсуми даврида иситиш ва электр энергияси сарфи 30 фоиз атрофида тежалади, бу эса ушбу мақсадлар учун сарфланаётган маблағнинг 20-30 миллиард сўми тежаб қолинади демакдир;
— ҳозирги кунда бир кунга тўғри келаётган Мустақиллик байрами, Биринчи Президентимизнинг Хотира куни ҳамда Билимлар кунларининг тарбиявий-маънавий тасъирчанлигининг ошишига хизмат қилади;
— ўқувчиларга, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига қулайлик яратилади;
— бошланғич синф ўқитувчиларининг дарс машғулотларидаги меҳнат сарфи 10 фоизга яқин қисқаради;
— ўқувчи ва ўқитувчилар учун ўқув йили ўртасида ҳам меҳнат таътилига чиқиш ва ўз устида ишлаш учун қўшимча имконият пайдо бўлади;
Президент фармонида белгиланган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича таълим муассасалари ўқувчилари, раҳбар-ходимлари учун қулай вазият вужудга келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter