Ўқишни кўчириш бўйича тест синовлари санаси маълум бўлди
Талабалар ўқишини хорижий давлатлардаги ОТМлардан, шунингдек Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларига кўчириш бўйича тест синовлари 23-24-25 август кунлари бўлиб ўтади.
Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.
Тест синовлари очиқ майдонларда ташкил этилади ва 23 август куни бошланиб, 25 август куни 1-сменада якунланади. Бунда тест синовлари:
1-сменада 08:00 дан 11:00 га қадар;
2-сменада 18:00 дан 21:00 га қадар бўлиб ўтади.
Тест синовлари 2 та мутахассислик ва 3 та мажбурий фан бўйича ўтказилади ҳамда талабгорларга мутахассислик фанларида 20 тадан, мажбурий фанларда 10 тадан жами 70 та тест топшириғи ва уларни ишлаш учун 3 соат вақт ажратилади.
Тест синовларида тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 189 балл бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб учун мутахассислик фанларида 3,15 баллдан, мажбурий фанларда 2,1 баллдан берилади.
Талабгорлар тест синовида иштирок этиш учун рухсатномани Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайтидан олишлари мумкин.
Талабгорлардан тест синови ўтказиладиган ҳудудга белгиланган вақтдан камида 1 соат олдин шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва тест синовида иштирок этиш учун рухсатнома билан келишлари сўралади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter