Онлайн имтиҳон жараёнларида билимли ва иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш энг муҳим вазифадир
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда 2020/2021 ўқув йили учун 5-9 синфларга ўқувчилар қабул қилиш учун онлайн имтиҳонлар давом этмоқда.
Бугун 26 сентябрь куни 6-синф ўқувчилари имтиҳонларни топширмоқда. 7-синф ўқувчилари 27 сентябрь куни, 8-синф ўқувчилари 28 сентябрь куни ва 9-синф ўқувчилари 29 сентябрь куни онлайн имтиҳонларда иштирок этадилар.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари мактабига Республикамизда биринчи бор ўтказилаётган онлайн имтиҳон жараёнлари билан танишиш учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов борди.
Имтиҳон жараёнларини адолатли ўтказиш билан бир қаторда билимли ва иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов онлайн имтиҳонларга жалб қилинган хорижий экспертлар билан ҳам учрашди.
Маълумот учун:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги 10 сентябрдан 20 сентябрга қадар Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабига 2020/2021 ўқув йили учун 5-9-синфларга ўқувчиларнинг ҳужжатлари www.ictschool.uz расмий веб-сайти орқали фақат онлайн қабул қилинган.
Бу жараён доирасида мактабнинг www.ictschool.uz расмий веб-сайти орқали жами 5058 та ариза келиб тушди. Улардан 3396 та ариза қабул қилинди. Қолган 1662 та аризаларда камчилик бўлгани учун рад этилди.
Жумладан, 5-синфга жами 1261 та ариза, 6-синфга 790 та, 7-синфга 580 та, 8-синфга 441 та ва 9-синфга 324 та ариза келиб тушди.
Аризалари қабул қилинган барча ўқувчилар 25-29 сентябрь кунлари ўтказиладиган имтиҳонларда иштирок этадилар. Имтиҳонлар 5-6-синфлар учун математика, инглиз тили, 7,8,9-синфлар учун математика, физика ва инглиз тили фанларидан онлайн тест ва мантиқий масалаларни ечиш шаклида ташкил этилади.
Биринчи босқич якунида 5-синф учун 360, 6-синф учун 180, 7-синф учун 180, 8-синф учун 180, 9-синф учун 90 нафар, жами 990 нафар юқори балл олган ўқувчилар иккинчи босқичда иштирок этиш имкониятини қўлга киритадилар.
Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар жорий йилнинг 5-7 октябрь куни Zoom дастури орқали онлайн суҳбатда иштирок этадилар.
5-синф ўқувчилари учун онлайн суҳбат 5 октябрь куни, 6-7-синф ўқувчилари учун – 6 октябрь куни ва 8-9-синф ўқувчилари учун – 7 октябрь куни онлайн суҳбатлар ташкил этилади.
Иккинчи босқич имтиҳонида инглиз тили фанидан 1 та мавзу бўйича ўқиш, таржима қилиш ва суҳбатлашиш маҳорати синовдан ўтказилади, математика ва физика фанларидан эса 2 тадан мисол ишланади.
Имтиҳон синовлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети профессор-ўқитувчи мутахассислари томонидан ўтказилади.
Бу йил квота бўйича 5-синфга 120, 6-синфга 60, 7-синфга 60, 8-синфга 60, 9-синфга 30, жами 330 нафар ўқувчи танлов асосида саралаб олинади.
2020 йил 10 сентябрь кунидан бошлаб, ота-оналар ва мурожаатчиларга қулайлик яратиш мақсадида 1206 қисқа рақамли Call-center ташкил этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter