Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муҳтож талабалар учун «Контракт» жамғармаси тузиш таклиф қилинди

Муҳтож талабалар учун «Контракт» жамғармаси тузиш таклиф қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Ижодкор Аброр Зоҳидов ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида «Моддий ёрдамга муҳтож талабалар учун «Контракт» жамғармаси тузишга қандай қарайсизлар?» дея мурожаат қилди ва бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди:

«Энг яхши хайрия таълимга қилинган хайрия эканлиги ўз исботини топган. Чунки бунда келажак таъминланади. Бугунги кунда жуда кўпчилик иқтидорли ёшлар турли сабабларга кўра (асосан «армиячилар» туфайли) тўлов-контракт асосида таълим олишга мажбурлар ва унинг суммаси миқдори анча катта эканлигидан қийналишади. Мамлакатимизда фақат шу масалада уларга кўмак берувчи бирорта жамғарма йўқ. Борлари ҳам турли йўналишлар қаторида контракт тўловига ҳам ҳомийлик қилишади. Таълим кредитлари деярли берилмайди, ёшлар иттифоқининг кўмаги ҳам жуда чекланган.

Таклиф шуки, жамоатчилик асосида «Контракт» номли жамғарма тузилса ва унинг доимий ҳисоб рақамига истаган одам истаганича маблағ ўтказиши мумкин бўлса. Дастлабки йилларда балки жуда озчиликка ёрдам берилар, лекин аста-секин хайриялар миқдори орта боришига умид қилиш мумкин.

Масаланинг нозик жиҳати – шафофлик ва ҳалоллик. Жамғарма кимга кўмак бериши масаласида коррупция аралашишидан қўрқиш лозим. Зеро мурожаат қилувчилар кўп бўлиши аниқ, кўпчилик бу жамғармани давлат томонидан тузилган ёки қайсидир катта ҳомийнинг (масалан: чет эл банкининг) пулларига эгалик қилиб турибди, деган фикрга бориши ҳам табиий. Қолаверса, айрим мурожаатчилар фикрича  «ҳақиқат улар учун ишлаган ҳолатдагина ҳақиқатдир» — яъни мурожаат қилганларида рад жавобини олсалар, овозлари етган жойгача жамғармани нохолисликда айблай бошлашлари мумкин.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун аввало холис раҳбар сайлаб олиш шарт. Мен бу ўринда фаол блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевни кўряпман. У таълим тизимидан хабардор, жуда кўп жон куйдиради. Ҳалоллиги билан ном қозонган. Қолаверса, барча тушумларни ва аризаларни онлайн тарзда олиб бориб шаффофлик таъминланади.

Табиийки, ким танланиши бўйича мезонлар алоҳида ишлаб чиқилади, барча ариза топширганлар ва уларнинг ютуқлари эълон қилинади, бевосита ёки онлайн суҳбатлардаги жараённи ҳамма кузатиб боришига эришилади. Лайкбозликдан эҳтиёт бўлган ҳолда овоз бериш услубини қўллаш ва бу бўйича натижаларни ҳам тавсиявий характерда қабул қилиш мумкин.

Энг нозик жиҳат юртдошларимизнинг сахийлиги. Бир кун енгилроқ тушлик қилиш, бир қути сигарет чекмаслик ёки автомобилда қоидага риоя қилган ҳолда ҳаракатланиб битта жаримани камроқ тўлаш орқали яхши бир мутахассис етишиб чиқишига кўмак беришимизни англаб етишимиз лозим. Биз жуда ҳавас қилган ривожланган давлатларда энг бадавлат кишилар айнан асосан таълим ва тадқиқотлар тизимига катта ҳомийлик маблағлари ажратувчилардир. Мана шу тажрибани бизда ҳам қўллаш вақти аллақачон келган.

Жамғарма учун кўпчилик ўтказган 5-10 минг сўм пуллар ҳам анчагина маблағ шакллантиришга имкон беради. Лекин аминманки, саховатда кимўзарлик бошланади. Нафақат аниқ бир сумма, балки бир талабанинг яхлит шартномасини ўзи эгаллаб олувчи, тўлиқ тўлаб берувчи ҳотамтойлар топилади.

Муҳими — ғояни тўғри англаб етишимиз, савобини ҳис қилишимиз лозим.

Албатта, бу менинг фикрим ва у ҳозирча жуда хом ҳамда қўшимча таклифларга муҳтож. Демак бу масалага бефарқ бўлмаган дўстларимиздан кўмак кутамиз» — дейди муаллиф.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг