Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Келинг, уларнинг яхши яшашига имкон берамиз»

«Келинг, уларнинг яхши яшашига имкон берамиз»

Фото: «Xabar.uz»

Нукус шаҳрида реабилитация марказига эга бўлган биринчи мактабгача таълим муассасаси очилди.

Бугун, 4 апрель куни Нукус шаҳрида Ўзбекистонда биринчи ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик. Ушбу тадбирни ёритиш учун Мактабгача таълим вазирлиги журналистлар учун Қорақалпоғистонга пресс-тур уюштирди.

«Xabar.uz» мухбирининг хабар беришича, Нукус шаҳрида реабилитация-таълим муассасасининг қурилиши ва унинг жиҳозланиши хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг беғараз ёрдами ҳисобидан амалга оширилган.

— Дастлаб, айнан Қорақалпоғистон Республикасини танлаганимизнинг сабаби бу ерда ногирон болалар сони ошиб бормоқда. Улар кўмакка муҳтож. Келинг, уларга ишонч берамиз, яхши яшашига имкон, қанот берамиз, — дея таъкидлади Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёва.

Майдони 3 447 кв. метр бўлган икки қаватли бинода стандарт хоналардан ташқари бассейн, даволаш-жисмоний тарбия зали, 2та физиотерапия хонаси, 2та массаж хонаси, сенсор хонаси, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший мослашиш, мусиқа ва арт-терапия хонаси, ортопед, психолог, педиатр, диетолог, логопед, реабилитолог, психоневролог, методист ва навбатчи шифокор хоналари мавжуд.

— Оролбўйи минтақасида болалар саломатлиги масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига 7 ёшгача бўлган ногирон болалар сони 2013 йилга нисбатан 17,5 фоизга ошди. Шу муносабат билан республика Президентининг ташаббусига кўра, Нукус шаҳрида Ўзбекистонда биринчи реабилитация-таълим муассасаси ташкил этилди, — деди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. — Бу ердаги болалар илгари ижтимоий-маданий муҳитга қўшила олмас эдилар. Кўп тарбияланувчилар ҳаётининг асосий қисмини уй деворлари ортида ўтказардилар. Шунингдек, биз Нукус шаҳрида эрта аралашиш тамойилини амалга оширишни бошламоқдамиз. Маълумки, бола миясининг 85 фоизи ҳаётининг биринчи 5 йили мобайнида ривожланади. Жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар ҳақида гап кетганда, машғулотларнинг ҳар бир куни муҳим аҳамиятга эга. Коррекцион-ривожлантирувчи ишларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида биз ушбу мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ёшини 3 ёшдан 2 ёшгача пасайтирдик.

Нукус шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси Оролбўйи минтақасининг чекка ҳудудларида яшовчи болалар ушбу муассасада тунда қолиши учун ҳафтасига 5 кун мобайнида туну-кун ишлайди. Куннинг биринчи ярмида тарбияланувчилар махсус педагогика бўйича малака ошириш курсларини тамомлаган тарбиячилар билан ўқув дастури бўйича шуғулланадилар, куннинг иккинчи яримда эса штатдаги тиббий ходимлар назорати остида соғломлаштириш-реабилитация муолажаларидан ўтадилар.

— Нукусда энди ногирон болалари бор оналар ҳам ишлай олади, чунки энди уларнинг болалари ишончли қўлларда. Бошқа давлатлар учун ҳам методологик марказ бўлади. Бундай марказлар бошқа вилоятларда ҳам бўлади, — деди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева.

Фото: «Xabar.uz»

Реабилитация марказининг коррекцион-таълим хоналари парафин печи, тиббий тренажёрлар, қуруқ массаж ванналари, нейро-ортопедия пневмокостюмлари, мобиль стендерлари, ортопедия велосипедлари, ётиқ самокатлар, мослашувчан креслолар, вестибуляр аппаратни ривожлантириш ускуналари, сенсор интеграцияси маҳсулотлари, «Саундбим» тизими ва физиотерапия аппаратлари каби хорижий ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланган.

Менинг набирам «мен ҳам энди эшитяпман», деганда қанчалар хурсанд бўлганимни шунчаки тарифлай олмайман, — дейди Роҳатой Искенова. — Болаларга аралашишини, мана шундай жойларда ўзини бошқача ҳис қилишини тасаввуримга сиғдиролмагандим...

Даволаш тадбирлари ривожланишда бузилишларни тузатишга, тиббий реабилитация ва ижтимоий мослашувга йўналтирилган. Шунингдек, реабилитация марказида мактаб ёшидан ўтган жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар учун ҳам муолажалар ўтказилади.

Мактабгача таълим вазирлиги реабилитация марказларига эга бўлган ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларини республиканинг бошқа ҳудудларида қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича ишларни давом эттиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг