Малайзия ўзбекистонлик ёшларга таълим олиш имкониятини кенгайтирмоқчи
Малайзия Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ёшлари учун олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятини кенгайтирмоқда. Бу ҳақда Тошкентда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов ва Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги (EMGS) раиси Абдул Раззоқ Аҳмад ўртасидаги музокараларда маълум қилинди.
Юқори мартабали меҳмон Марказий Осиё давлатлари билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
«Ўзбекистон – инсон салоҳияти борасида порлоқ истиқболга эга мамлакат. Малайзия бу борада кўмак беришга тайёр. Албатта, бу ҳар икки томон учун манфаатли бўлиши керак. Биз фақат талаба алмашуви эмас, стартаплар, қўшма илмий тадқиқотлар бўйича ҳам ҳамкорлик қилиш истагидамиз. Шунингдек, ўзбекистонлик янада кўпроқ талабалар Малайзия ОТМларида магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олиши тарафдоримиз», – дейди доктор Абдул Раззоқ Аҳмад «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда.
Қайд этилишича, Малайзия ислом молияси, ислом банки, муҳандислик, тиббиёт, туризм каби йўналишларда ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр.
Айни чоқда, Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги раиси ўзбекистонлик ёшлар IT, математика, физика ва бошқа аниқ фанлар бўйича пешқадам эканини урғулади.
Аввал хабар берганимиздек, Малайзиянинг юртимиздаги элчиси Ҳенди Ассан ҳам ўзбекистонлик иқтидорли ёшларни халқаро рейтингларда юқори ўринда турувчи олий таълим муассасаларида таҳсил олишга таклиф этган эди.
Маълумотларга қараганда, ҳозирда Малайзияда 150 га яқин давлатдан 120 мингдан зид хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Мамлакат ЮНЕСКО томонидан чет эллик талабалар сони бўйича дунё ўнталигига киритилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter