Мактаб таъмири ёхуд танганинг иккинчи томони
Яқин кунларда ўқиш муддати тугаб, ўқувчилар ёзги таътилга чиқишади. Имтиҳонлардан сўнг мактабни таъмирлаш ишлари бошланади. Синф хоналари-ю йўлакчаларни қанчалик авайлаб-асрамайлик, ўқувчиларнинг шўхликлари туфайли бир йилда анча таъмирталаб бўлиб қолади. Буни ҳар бир ота-она болалигини эсласа билади.
Ва ниҳоят бир қанча уринишлардан сўнг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган мактаб таъмирига пул йиғиш масаласига чек қўйилди. Синф раҳбари бир балодан қутулди. Чунки ўқувчидан пул йиғиш азоб, йиғмаслик бахт эканини бошига тушган билади (билмаганлар билиб қўйсин). Давлат ғазнасидан таъмир учун ажратилаётган маблағ аввал вилоятларга, кейин ХТБга, охири мактабларга етиб келади. Таъмирлаш маҳсулотлари берилади-ю таъмирни ким қилади? Албатта ўқитувчининг ўзи. Натижада мажбурий меҳнатдан озод қилинган ўқитувчига янгича меҳнат мажбурияти юкланаяпти-ку. Уста ёллаш учун эса камида 150-200 минг сўм керак.
Йўли топилиб, ижарага, обунага, макулатурага, спорт жамиятига, синфни тозалаш жиҳозларига, мажбурий томошаларга ҳам пул йиғиш тўхтатилса нур устига нур бўлар эди. Мажбурий меҳнатдан озод қилинган ўқитувчи мажбурий пул йиғиш мажбуриятидан ҳам қутулган бўлармиди?
Бекхўжа
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter