Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Легитимлик стратегиялари, ўйлаб топилган догма» — Нагоя университети докторанти билан суҳбат

«Легитимлик стратегиялари, ўйлаб топилган догма» — Нагоя университети докторанти билан суҳбат

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервьюлар давом этади. Бу галги суҳбатдошимиз Япониядаги Нагоя университети докторанти Акром Авезов.

Қаҳрамонимиз магистратурани ҳам Нагоя университетида ўқиган, бакалавр босқичини эса, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида тамомлаган.

Ютуқларимда бобом ва бувимнинг ҳиссалари улкан

Тошкент шаҳрида туғилганман. Болалигимнинг катта қисми ҳам айнан шу ерда ўтган. 6-синфгача пойтахтдаги 328-умумтаълим мактабида таҳсил олганман. Сўнгра эса, Урганч шаҳрига кўчиб, у ердаги 1-сонли мактабни тамомлаганман. Иккала мактаб ҳам мен учун кўплаб унутилмас хотираларнинг манбаси ҳисобланади, айниқса синф раҳбарлари борасида роса омадим келган.

Тошкентда яшаган давримда тарбиям билан асосан бобом ва бувим шуғулланишган, шунинг учун ҳам барча ютуқларимда уларнинг улкан ҳиссаси бор. Айнан бобом менда илм олишга қизиқишни биринчи бўлиб уйғотган, 1-синфга боришимдан олдин ёзиш, ўқиш ва ҳаттоки компьютердан фойдаланишни ўргатган. Юмушлари кўп ва ишдан чарчаган бўлсада, менинг «У ким?», «Бу нима?» туркумидаги саволларимни биронтасини ҳам жавобсиз қолдирмасликка ҳаракат қилганлар. Балки, шунинг учун ҳам болалигимдан интеллектуал ўйинларга қизиқишим баланд, аввало «Ким миллионер бўлишни истайди?», «Ким? Қаерда? Қачон?», «Заковат», «Ўйла, изла, топ» дастурларини телевизорда кўрган бўлсам, Урганчдаги мактабда ўзим шундай ўйинларни ташкил қилиш билан шуғулланганман.

Хорижий университетларга ҳам қабул қилинган эдим...

Аввало, иқтисодиёт соҳаси ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини танлашимда қандайдир бир романтик ёки қулоққа ёқадиган сабаб мавжуд эмас. Ҳаммаси жуда оддий. Бу қарорга келишимда отамнинг роли катта. Биринчидан, отамнинг ўзи иқтисодчи бўлгани туфайли, табиийки менда ҳам бу соҳага қизиқиш пайдо бўлган. Қолаверса, мактаб пайтлари математика фанига иштиёқим баланд эди ва инглиз тилини ўрганишни 1-синфдаёқ бошлаб юборганим туфайли отам мени ЖИДУ қошидаги академик лицейга ҳужжат топширишга ундаган.

Математика ва инглиз тили бўйича ўрганишларимни лицейда ҳам давом эттирдим. Натижада, 2015 йил ЖИДУнинг халқаро иқтисодий муносабатлар факултети талабасига айланганман. ЖИДУ билан биргаликда ўша пайтда Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча хорижий университетларга ҳам қабул қилинганман. Аммо, университетни тамомлагач Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа давлат бошқаруви идораларида фаолият юритишни мақсад қилганим боис ЖИДУни танладим. Бу ердаги 4 йил академик салоҳиятимни ошириш билан чекланиб қолмай, турли сабабларга кўра ҳаётдаги позициям, қарашларим ва келажакдаги режаларимда кескин ўзгаришларга олиб келди. 2018 йил талабалар алмашинуви дастури асосида Япониянинг Ҳоккайдо университетида ўтказган 5 ой ҳамда ЖИДУдаги жаҳон иқтисодиёти ва савдо муносабатларига оид курсларда иштироким бурилиш нуқтаси бўлди.

Таълимни сиёсатшунослик бўйича давом эттирдим

Шундай ўзгаришлардан энг муҳими таълимни иқтисодиёт эмас, сиёсатшунослик бўйича давом эттириш бўлди. Зеро, ЖИДУдаги талабалик даврида Ўзбекистонда мавжуд деярли барча ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг илдизи бориб сиёсий масалаларга тақалишига амин бўлдим. Яъни, «ўзбек модели»нинг «аввал иқтисод, кейин сиёсат» тамойили сиёсий ислоҳотларни ортга суриш учун ўйлаб топилган догмалардан бири эканлигини тушуниб етдим. Аксинча, комплекс сиёсий ислоҳотларсиз барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш қийин эканлигини кўрсатувчи таҳлиллар ҳам бу фикримни янада мустаҳкамлади. Шунинг учун ҳам магистратура босқичида сиёсатшунослик бўйича таҳсил олиб, бу соҳада илмий ишлар олиб боришга қарор қилдим.

Нима сабабдан Японияга ҳужжат топширганимга асосий сабаб эса, юқорида айтганимдек, Ҳоккайдо университетида ўтказган қисқа давр эди. 5 ой давомида мен Япония таълим тизими ҳақида зарур маълумотларни тўпладим, магистратурага грант ютиб олиш учун керакли шартларни ўргандим. Қўшимчасига, япон тили бўйича билимларимни кучайтиришга муваффақ бўлдим. Энг муҳими, илмий қизиқишларим мос келадиган япон университетларидаги профессорлар билан боғланиб, улар билан мулоқот қилдим. Хуллас, магистратурада таълим олиш учун энг мос манзил сифатида Японияни танлаш қарори анча осон кечди.

Шахс сифатида мустақил бўлишга ҳаракатим кучайди

Япониядаги 3 йилдан ортиқ ҳаёт шахсий ҳислатларим ва дунёқарашимга таъсир ўтказмасдан қолмади, албатта. Биринчи навбатда, индивидуаллик, яъни шахс сифатида мустақил бўлишга ҳаракатим кучайди. Молиявий жиҳатдан ҳам эмоционал жиҳатдан ҳам кўпроқ ўз кучимга ишонишни бошладим. Иккинчидан, саёҳат қилиш маданиятини шакллантиришга эришдим. Бир ойда камида 2 марта турмуш ўртоғим билан биргаликда Япониянинг турли бурчакларига боришни одат қилганмиз. Пандемия янада чекингандан сўнг эса яқин атрофдаги бошқа мамлакатларга ҳам ташриф буюришни режалаштирганмиз. Учинчидан, Японияда илмий соҳа вакиллари, мустақил экспертларнинг давлат бошқаруви, қарор қабул қилиш жараёнидаги ўта муҳим роли мени келажагимни академик йўналиш билан боғлашимга сабаб бўлди. Қачондир Ўзбекистонда ҳам ҳокимиятнинг барча бўғинларида соҳа мутахассисларининг объектив баҳоларига жиддий муносабат билдиришни бошлашади деган умиддаман.

Изланишим Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматларининг легитимлик стратегияларини ўрганишдан иборат

2021 йилда магистратура босқичини муваффақиятли тамомлагач, илмий раҳбаримнинг маслаҳатига биноан таълимнинг кейинги босқичи-докторонтурага ҳужжат топширдим ва қабул қилиндим. Ҳозир, сиёсатшунослик бўйича фалсафа доктори даражасини олиш учун илмий изланиш олиб боряпман. Изланишимнинг мақсади Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ҳукуматларнинг легитимлик стратегиялари ва уларнинг самарадорлигини ўрганишдан иборат. Яъни, бу икки давлат раҳбарлари ва уларнинг жамоалари қандай қилиб ўз ҳокимиятини асослайди ва бу борадаги ёндашувлар мустақиллик йилларида қай тарзда ўзгарган деган саволларга жавоб қидириш билан шуғулланмоқдаман.

Илмий лойиҳам нафақат ҳукуматнинг ўз легитимлиги борасидаги қарашларини ва аргументларини, балки аҳолининг бу асосларга қай даражада ишонишини ҳам ўрганишни тақазо қилади. Қолаверса, аҳоли учун давлат бошқарувида қайси жиҳатлар энг муҳим эканлигини аниқлаш имкони бўлади. Бу илмий иш мамлакатимиздаги аниқ бир муаммонинг ечимини тақдим қилади дейиш қийин, бу кўпроқ давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларнинг асл кўринишини аниқлаш ва бу орқали келажакдаги сиёсий натижаларни таҳмин қилиш имконини беради.

Энергетика соҳаси хусусийлаштирилиши жуда муҳим

Мамлакатимизда муаммолар бор, энг асосий муаммо эса – ўртача ўзбекистонлик потенциалидан камбағалроқ ҳаёт кечирмоқда. Масалан, аҳоли жон бошига ЯИМ (Ялпи ички маҳсулот) бизда 2000 АҚШ долларидан кам, Ҳукумат бу кўрсаткични 2030 йилгача 4200 АҚШ долларига етказиш ҳақида гапирмоқда. Фикримча, Ўзбекистоннинг ҳақиқий имконияти бу рақамлардан анча юқори, шу боис олдинга қўйилган мақсадга эришиш учун ислоҳотларнинг ҳозирги суратини каррасига жадаллаштириш лозим.

Агар фақат иқтисодий масалаларга тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон меҳнат ва ер ресурсларига бой бўлганлиги ҳисобига айнан шу ресурслар интенсив ишлатиладиган соҳалар қисқа ва ўрта муддатда иқтисодий ўсишимизнинг локомотиви бўла олади. Масалан, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва туризм соҳалари шулар жумласидан. Шу билан бирга, жаҳон бозорига интеграциялашув, протексионизм сиёсатидан воз кечиш ҳамда энергетика соҳасининг хусусийлаштирилиши жуда муҳим ҳисобланади. Аммо, комплекс сиёсий-маъмурий ислоҳотларсиз фақат иқтисодий чоралар орқали эришилган ўсишнинг ижобий натижалари аҳолининг катта қисми учун чегараланган бўлади.

Илмий изланиш бу – суткасига 24 соатлик фаолият

Докторантура талабаси сифатида университетда дарсларда қатнашиш ёки дарс бериш мажбуриятим йўқ. Ўз кун тартибимни мустақил белгилаган ҳолда, фақат илмий изланиш билан шуғулланаман. Бир қарашда бўш вақтим кўпдек туюлиши мумкин, лекин бу суткасига 24 соатлик фаолият десам муболаға бўлмайди.

Шундай бўлсада, зарур хордиқ учун, оилам билан бирга вақт ўтказиш учун доим вақт ажратаман. Сал олдинроқ айтганимдек, турмуш ўртоғим ва оилавий дўстларимиз билан биргаликда тез-тез саёҳат уюштириб турамиз. Япониянинг табиати жуда гўзал манзаралардан иборат ва ҳар сафар ўзимиз учун қандайдир янгилик кашф қиламиз. Саёҳат мени кундалик ташвишалардан чалғишдан ва йиғилиб қолган чарчоқларимни чиқаришдан ташқари, фикрларимни ойдинлаштиришга ёрдам беради. Асосий фаолиятимнинг ўзи китоб ва мақолалар ўқишни тақазо қилганилиги учун китоб ўқишни бўш вақт учун машғулот деб айта олмайман, аммо ҳужжатли филмлар ҳамда YouTube платформасидаги ўзимни қизиқтирган мавзулардаги видеоларни томоша қилишни ҳам одат қилганман.

 Сиёсий тузилмада илмий соҳа вакиллари роли жуда юқори

Бу саволни жуда кўп беришади. Унга қандай жавоб бериш кераклиги эса мени доим ўйлантириб келган. Бакалавр босқичидаги битирув ишим ҳам шунга яқин мавзуда эди. Шубҳасиз, ривожланган давлатларнинг мисолларини ўрганган ҳолда улардан хулоса қилиш ҳар қандай ривожланаётган мамлакат учун муҳим. Аммо, мен бу саволга фақат Япония нуқтайи назаридан эмас, балки деярли барча ривожланган давлатлар учун универсал бўлган айрим жиҳатларни умумий тарзда санаб ўтмоқчиман. Фуқаролик жамиятининг эркинлиги ва фаоллиги, мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги, сиёсий плюрализм, кучли парламент, ОАВ эркинлиги, меритократик асосларда шаклланган бюрократия шулар жумласидан. Юқоридагилар барқарор ривожланишимиз учун зарур таркибий қисмлар, бироқ улар ҳам абсолют эмас, албатта. Агар бошқа мамлакатлардан фарқ қиладиган Япониянинг бир жиҳатни ажратиб олиш лозим бўлса, сиёсий тузилмада илмий соҳа вакиллари, тадқиқот институтлари ва мустақил экспертларнинг роли жуда юқори эканлиги Ўзбекистон учун ҳам андоза бўла олади.

 Ўзимни тўлиқ ўқитувчиликка бағишлаш ниятим бор

Мен танлаган йўл, академик фаолият, олдиндан режалаштириш қийин соҳалардан. Шундай бўлса-да маълум режалар йўқ эмас, албатта. Биринчи навбатда, 2-3 йил ичида диссертациямни ёзиб уни ҳимоя қилиш ҳозирги кунда приоритетим ҳисобланади. Ундан кейинги қадам эса, илмий тадқиқот институтларида тажриба орттириш бўлади деган умиддаман. Шундай экан яқин келажакда асосий эътибор Марказий Осиёни ўрганиш бўлган тадқиқот институтларида фаолият юритишни мақсад қилганман.

Шу билан бирга Ўзбекистонда ўз соҳам бўйича дарс беришга ҳам қизиқиш билдиряпман. Аммо, бошланишига фақат хусусий университетлар ва фақат онлайн дарс бериш бўйича вариантларини кўриб чиқаман, деган фикрдаман. Тадқиқот институтларидаги фаолиятим тугагач эса ўзимни тўлиқ ўқитувчиликка бағишлаш ниятим бор. Хуллас, қаерда бўлсам ҳам илмий фаолиятим марказида Ўзбекистоннинг ички сиёсий тузилмаси қолади, деб ўйлайман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг