Касб-ҳунар коллежларининг 383 та биноси мактабларга берилади
Президент Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 15 июлда узлуксиз профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш масаласига бағишлаб ўтказилган мажлисда берган топшириғига кўра, республикада мавжуд 1469 та касб-ҳунар коллежларининг 383 та биноси мактабларга берилади.
Натижада 2019-2020 ўқув йилида мактаб ўқувчилари учун қўшимча 224 мингдан ортиқ ўқувчи ўринлари яратилади.
Коллежларни мактабларга айлантиришни самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириғи билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокими бошчилигида республиканинг ҳар бир ҳудудида ишчи гуруҳлар тузилган.
Ишчи гуруҳларига:
-касб-ҳунар коллежларининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди, мебель ва ўқув-лаборатория жиҳозлари, спорт инвентарлари билан биргаликда халқ таълими тизими тасарруфига ўтказиш бўйича белгиланган тартибда топшириш - қабул қилиш ишларини амалга ошириш;
-таълим тизимидан бошқа соҳаларга берилган касб-ҳунар коллежларининг мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва асбоб-ускуналарини инвентаризация қилиш ва яроқли деб топилганларини умумтаълим мактаблари балансига ўтказиш;
-2019 йил 10 августга қадар халқ таълими тизимига ўтказилган касб-ҳунар коллежлари биноларидан самарали фойдаланиш, навбатлилик коэффициенти 2 ва ундан юқори бўлган мактабларга қўшимча бино сифатида бериш ҳамда эҳтиёж мавжуд бўлган ҳудудларда янги мактаблар сифатида қайта ташкил этиш чораларини кўриш;
-халқ таълими тизими тасарруфига ўтказилган таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш вазифалари юкланган.
Топширилган вазифани ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш мақсадида Халқ таълими вазирлигида штаб ва ҳудудий ишчи гуруҳлари ҳам тузилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter