Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

«Ихтиёрий»лик ортидаги мажбуриятлар ёки ўқитувчиларни ким ҳимоя қилади?

«Ихтиёрий»лик ортидаги мажбуриятлар ёки ўқитувчиларни ким ҳимоя қилади?

Фото: «Sirkhtb.uz»

Охирги пайтларда «ўқитувчи», «мактаб» сўзлари эшитганда, ўқиганда   юракка оғриқ берадиган сўзларга айланиб қолди. Чунки ўқитувчиларнинг ҳоли ҳаммага аён.

Сизга текин ишчи керакми? Марҳамат, ўқитувчилар бор.

Кўча супурувчилар керакми? Марҳамат, ўқитувчилар бор.

Металл эритадиган корхона бўш қолмасин дейсизми? Марҳамат, ўқитувчилар металломни бемалол йиғиб беришади, ҳатто қишнинг чилласида ҳам.

Ие, бу нима? Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси чиқарган, аммо «Ўзбекистон почтаси» тан олмайдиган уч пулга қиммат марками? Донаси неча пул, ўқитувчилар уларни бемалол ўз ўқувчиларига сотиб бера оладилар.

Туман марказида боғ қурилаяптими? Марҳамат, ҳар бир мактаб навбати билан уч-тўрттадан ўқитувчисини бера олади. Қисқаси, универсал ишчи. Улардан яхшисини тополмайсиз.

Шу ҳолатда «Шурикнинг саргузаштлари» фильмидаги 15 суткага қамалган ва нима иш айтилса «мен», «мен» деб олдинга отилиб чиқаверадиган қаҳрамон эсимга тушди. Унинг-ку ҳатто маҳбус бўлса-да  тушлигини иш жойига олиб бориб беришади, аммо ҳашарга бораётган ўқитувчилардан сўранг-чи, тушликни кимнинг ҳисобидан қилишади? Ёки ҳашарга борадиган жойларига йўлкира кимнинг ҳисобидан бўлади? Ҳаҳ шўринг қурсин, ўқитувчи, 15 суткага қамалган алкашчалик қадринг йўқми-а?!

Бундан бир неча кун олдин, аниқроғи 2018 йил 5 февраль куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида халқ таълими вазири журналистларнинг саволларига жавоб бера туриб, «Ўқитувчиларнинг жамоат ишларига чиқишлари мажбурий эмас, ихтиёрий» деган ва яна ўқитувчиларга «ихтиёрий равишда маҳаллаларда уйма-уй юриб одамларга жамиятдаги ислоҳотларни тушунтиришни» тавсия қилган.

Мен ҳозир ўқитувчининг шундоқ ҳам вақти камлиги, юкламалари эса кўплиги, шу туфайли ўзига тегишли ишларга ҳам зўрға улгураётгани ҳақида ёзмоқчи эмасман. Шунчаки вазир жанобларининг «ихтиёрий» деганига эътибор қаратмоқчиман. Мен ўша матбуот анжуманида қатнашмаганман. Лекин шундай бўлса-да, журналистларнинг «ўқитувчилар ўзига тегишли бўлмаган турли ишларга жалб қилинаётгани» ҳақидаги саволига вазирдан умуман бошқача, масалан, «Бундан кейин ўқитувчилар ўзига тегишли бўлмаган ҳар қандай ишга жалб қилинмайди. Мабодо шундай ҳолат юз берса менга мурожат қилсинлар, муаммони ижобий ҳал қилиб бераман ва уларни ўзига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилган ҳар қандай шахс ёки ташкилотга қонун доирасида чора кўришлари учун ҳаракат қиламан» деган жавобни кутган эдим. Аммо, минг афсуски, вазир ўз қўл остидаги ҳақ-хуқуқлари топталаётган ўқитувчиларни шу пайтгача ҳимоя қила олмагани етмагандай, бундан кейин ҳам ҳимоя қила олмаслигини «ўқитувчилар ихтиёрий равишда ҳашарга чиқаверсин» деб ҳаммага сездириб қўйди.

Энди, вазир жанобларининг «ихтиёрий»лик ҳақидаги гапларига қайтадиган бўлсак, ҳозир далил келтира олмайману, аммо халқ орасида тарқалган гап-сўзларга қараганда ўтган йили кузда ўқитувчилар «ихтиёрий» равишда мажбурланиб, улардан «пахта йиғим-теримига ўз ихтиёрим билан бораяпман» деб тилхат олиниб, кейин пахта теримига ҳайдалгани ҳам ҳақиқат. Буни ўшанда «ўз ихтиёри билан» пахта теримига борган  ўқитувчиларнинг кўпидан эшитдим. Аммо ўшанда ҳам, ҳозир ҳам биронтасининг олдига бориб, «ака ёки опа, муаммонгизни ОАВда кўтармоқчимиз, сиз ўтган йили кузда ўша пахтага ҳашарга кетишдан олдин  дардингизни дастурхон қилган эдингиз. Ўшанда бўлган гапларни яна бир қайтарсангиз, ёзиб олсам»  десангиз  қўрққанидан буни тасдиқламайди.

Ўртада сиз ёлғончи, туҳматчи бўлганингиз қолади.

Яқинда ўғлим «ота, маркага пул беринг» деб қолди. Биламан, маркаси уч пулга қиммат марка. Бунинг устига тепасида нархи ҳам йўқ, хат ёзганда ишлатиб бўлмайди. Аммо нархи икки минг сўм. Ўғлим ҳар йили олади. Ўғлимга «ўқитувчингдан ўша маркани ўзим бориб оламан» дедиму мактабга жўнадим. Бориб ўша маркани сотишга масъул бўлган жисмоний тарбия ўқитувчисига ўзимнинг «файласуфона» нутқимни бошлаган эдим, мактаб директори келиб қолиб, хонасига таклиф қилди. У билан ҳам мавзуни муҳокама қилдик. Унга «ана шу мавзуни сайтда муаммо сифатида кўтариб чиқаман, 2008 йилда қурилган мактабимизда на спорт майдончаси, на спорт зали бор, шунча йилдан бери марка сотадиган ўша жамғарма нега мактабимизга спорт зали қуриб бермади?» деган эдим, бечора ялинишни бошлади.

«Ака, ҳамма калтак менинг бошимда синади, “сен тўғри тушунтира олмагансан” деб мени айблаб, ишдан бўшатиб юборишади. Шундай экан, илтимос, бу ишни бўлмади деб қўя қолайлик», — деди.

Мен унга: «Муаммони “ишдан бўшатади” деб сен гапирмасанг, мен гапирмасам, ким гапиради? Токайгача аҳвол шундай бўлади? Ахир сизлар  мардикор ёки сотувчи эмассизлар, ўқитувчи, устозсизлар-ку. Шундай экан, қачонгача ўзларингга тегишли бўлмаган ишларни елкаларингга юклашади? Бу муаммоларни гапиравериш керак. Мана яқинда президент ўқув муассасаларининг металлом йиғишини бекор қилди», — десам, директор: «ака, “металломни бу йил ихтиёрий йиғиб беролсанглар йиғиб беринглар, лекин мажбурий эмас” деб айтган», — деса бўладими. Унинг бу гапини эшитиб «дод» деб юбордим. Наҳотки жойлардаги мутасаддиларга президентнинг қарорининг бир тийинлик ҳам қадри бўлмаса?

Мен директорга: «Сиз “туман ХТБ мудири ихтиёрий деб айтди” деяпсизу, аммо эртага баъзи мактаб директорлари мудирга яхши кўриниш учунми ёки бошқа сабаб биланми яна қанчадир металломни олиб бориб топширса, кейин ўша мудир металлом топширмаганларга “мана, булар топширди, сенларга нима қилган, нега сенлар ҳам топширмайсанлар?” деб танбеҳ бериши мумкинми?», — десам, «мумкин», — дейди. «Хўш, унда нега уларнинг айбини бекитасан?», — десам, «ака, ишим ўзимга керак», — дейди. Мана сизга ихтиёрийлик!

Ўқитувчиларнинг турли юмушларга ихтиёрий жалб қилинишини ҳам батамом йўқотишимиз керак. Ўқитувчими, ўқитувчилигини қилсин.

Эътибор берган бўлсангиз, мен ўқитувчиларнинг «марка савдоси» ва  «ихтиёрий металлом йиғиши» каби ишларни ёзаяпману, воқеа қаерда бўлаётганини ёзганим йўқ. Воқеалар қаерда, қайси туманда, қайси мактабда содир бўлганини ёзганим билан жаноб вазир уялганидан, виждони қийналганидан истеъфога чиқмайди, балки «айбдор» бўлган ўша бечора мактаб директорини кимлардир ишдан бўшатади. Ҳаммасини очиқ ёзадиган кунлар келар... Унгача бир бечора мактаб директорининг кейинги тақдирини ўйлаб ҳаммасини сир сақлашга мажбурман.

Мен собиқ иттифоқни ёмон кўраман. Ўша тузумнинг энг жирканч ишларидан бири одамларнинг эътиқодига чанг солгани бўлса, иккинчиси бизда азалдан ота каби эъзозланадиган ўқитувчиларни, устозларни ўзларига тегишли бўлмаган ишларга жалб этиб, хор қилгани бўлди. Биз озод, ҳур Ўзбекистон бўлиб собиқ иттифоқнинг кўпгина жирканч ишларини тарихга улоқтирдик. Аммо негадир ҳанузгача ўқитувчиларга муносабат эски тузумдагидай бўлиб қолмоқда.

Умуман олганда, биз таълим сифатининг ошишини, етук кадрлар етишиб чиқишини хоҳлар эканмиз, ўқитувчиларни ҳам мажбурий, ҳам ихтиёрий равишда турли ишларга жалб қилишни тўхтатишимиз керак. Акс ҳолда тараққиётга эришишдан, турли соҳаларда етук кадрлар етишиб чиқишидан умид қилмай қўяверсак ҳам бўлаверади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг