Ишсиз ёшлар 2 карра камайди

Учрашувда ёшларимиз турли соҳалардаги ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётгани таъкидланди.
Ҳозирги вақтда дунёдаги «топ» олийгоҳларда 1,5 мингдан зиёд талабаларимиз таҳсил олмоқда. Бу Ўзбекистон учун тарихда кузатилмаган воқелик.
Яқинда Бирлашган Араб Амирликларида ўтган катта форумда Тошкент шаҳридаги Президент мактаби глобал даражада энг нуфузли номинацияда ғолиб деб топилди.
«Бунинг бош омили нимада, деб сўрасангиз, мен аввало ёшларга муносабат давлат миқёсида бутунлай ўзгарганида, деб жавоб берган бўлардим. Ўғил-қизларимиз ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини сезиб, ўзларига беқиёс куч олмоқда», - деди Президент.
Бундан беш йил олдин Сенат ва Қонунчилик палатасида Ёшлар парламенти ташкил этилган эди. У ерда ёшлар сиёсий етакчилик, демократия мактаби, парламентаризм мактаби қандай бўлишини амалда кўрди. Охирги сайловда ана шу ёшларимиздан икки нафари Қонунчилик палатасига, 250 нафари кенгашларга депутат бўлиб сайланди.
«Энди барча тизимдаги раҳбарлар ёшларнинг баралла овозини эшитишга мажбур. Ёшлар буюк келажагимизнинг асосий бўғини эканлигини тушунмаган раҳбар бизнинг сафимизда бўлишга ҳаққи йўқ», - деди Президент.
Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келмоқда. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етади.
Бу давлат ва жамият зиммасига катта масъулият юклаши таъкидланди.
Бу борада ёшларни қўллаб-қувватлаш тизими яратилди. Биргина «Ёшлар дафтари» орқали ўтган йили 180 минг нафар ёшларга 345 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.
Ўтган 8 йилда ёш тадбиркорлар сони 3 карра кўпайиб, бугун бизнес вакилларининг салкам 40 фоизини ёшлар ташкил этмоқда.
Ишсиз ёшлар 2 карра камайди. Ишсизликдан холи маҳаллалар сони 1 минг 889 тага етди.
Шу билан бирга, Шўрчи, Бувайда, Фурқат, Касби, Фориш туманларида ишсиз ёшлар кўплиги у ердаги раҳбарларнинг масъулиятсизлигидан далолатлиги кўрсатиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter