Имтиҳонларга қанча маблағ сарфланиб, қанча фойда олиниши маълум бўлди
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Давлат тест маркази директори Мажид Каримов маълумот берди.
«Ҳар йили олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ўтказиш учун харажат қилинади. Бизга давлат бюджетидан энг минимал маблағ берилади. Имтиҳонларни ташкиллаштириш жараёнида ўзимизнинг таянч экспертларимиз, ташқаридан жалб қилинадиган экспертлар, чет тилидан CEFR тизими учун экспертлар ишлайди. Президент ва ихтисослаштирилган мактабларида тест ўтказилади, шунингдек, февралдан апрелгача ҳарбий қисмларга бориб тест оламиз.
Бу харажатларнинг ҳаммаси — 30 миллиард сўмдан ошади. Бу фақат тест жараёнлари ва ходимларга тўланадиган маблағлар.
Бундан ташқари моддий-техник база учун сарфланадиган харажатлар ҳам бор. Ҳар йили 2 миллиондан ортиқ тест материаллари чоп этилади ва текширилади. Бунда ноёб қурилмалар, хусусан Япониядан келтирилган скантрон жиҳози қўлланади. Бу жуда нозик қурилма, ўтган йили очиқ ҳавода имтиҳон ўтказилганидан кейин, унинг заҳира қисмларини, қоғоздаги маълумотларни «ўқийдиган» сезгир оптик воситаларини тўлиқ алмаштиришга тўғри келди. Чунки очиқ ҳавода шамол бўлгани туфайли жавоб варақалари қум, чанг зарралари билан қопланган ҳолда келди.
Моддий-техник базани янгилаб бориш учун сарфланадиган шу каби харажатлар билан боғлиқ рақамлар ДТМнинг сайтида эълон қилиб борилади».
Мажид Каримовнинг маълум қилишича, ўтган йили қабул жараёнларидан 90 миллиард сўм атрофида пул тушган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter