Форум ҳамкорлик, тараққиёт ва истиқболга йўл очади
Ривожланган давлатларнинг аксарияти тарихига ва бугунига, иқтисодий кўрсаткичларига қарайдиган бўлсангиз, уларнинг Таълим тизимига эътибори юқори даражада бўлганининг гувоҳи бўласиз. Давлат бюджетининг энг катта қисмини айнан шу тизимга ажратишгани маълум. Бусиз илм-фан ривожини, тараққиёт тамойилларини, келажак руҳи ва пойдеворини, юрт фаровонлигини тасаввур қилиш қийин.
Чунки илму таълим ривож топмаган мамлакaтда тараққиёт бўлмаслиги аксиома. Шубҳасизки, тарқаққиётнинг муҳим тамойили бу ўзаро манфаатга қурилган ҳамкорлик риштаси билан бевосита боғлиқ. Илғор таълим муассасаларининг тажрибасидан самарали фойдаланиш, таълим жараёнларини интеграциялаш ҳамда етакчи таълим муассасаларининг ютуқларини жорий этиш ва оммалаштириш мақсадга мувофиқдир. Бу борада Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани ва эришилаётган ютуқлар бунинг яққол кафолатидир. Бунга биргина 2021 йилнинг ўзида Россиянинг 4 та нуфузли олий таълим муассасаси филиалининг очилиши икки давлатнинг мазкур соҳадаги самарали ҳамкорлигининг ёрқин намунаси дейиш мумкин.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистонда Россиянинг 15 та етакчи олий ўқув юртларининг филиаллари ташкил этилган бўлиб улардан 12 таси очилгани, уларда жами 6 мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётгани юқоридаги фикримизнинг исботидир. Шунингдек, уларда 267 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият юритаётгани, таълим жараёни 47 та таълим йўналишида олиб борилаётгани эътиборга молик.
Айниқса, ушбу ҳамкорликнинг бардавомлиги сифатида 26 — 27 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон-Россия 3-таълим форумини ўтказилаётгани, унда Россиядан 100 дан ортиқ ОТМ раҳбарлари иштирок этиши ҳамда форум якунида юзга яқин ҳамкорлик шартномаларининг имзоланиши назарда тутилаётгани қувонарлидир. 2018 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Ўзбекистон-Россия таълим форуми – икки давлат таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқишда, тажриба алмашишда самарали платформага айланди десак, хато бўлмайди.
Форум доирасида Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг Россия ишлаб чиқариш секторлари ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш, муҳандислик-технологияси, энергетика, кимё саноати соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш кенгайтирилади. Форум якунида 100 га яқин ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилмоқда.
«ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети жамоаси ҳам Россия федерациясидаги бир нечта олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилиб келади. Яқиндагина ташкил этилган ҳамкорлик мисолида баъзи мулоҳазаларни билдириш мумкин. Маълумки, бизнинг таълим муассасамизга Президентимиз ташаббуси билан миллий тадқиқот университети мақоми берилган. Республикамиздаги биронта олий таълим муассасаси бундай мақомга эга эмас. Шунинг учун ҳам худди шу нисбатга хос бўлган олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қайта йўлга қўйилди.
Шу ойнинг бошларида Россия «Олий иқтисодиёт мактаби» миллий тадқиқот университетининг бир гуруҳ мутахассисларидан таркиб топган делегацияси университетимизга ташриф буюришди. Уларни университетимиз ректори, техника фанлари доктори, профессор Мирзаев Баҳодир Суюнович ўз проректорлари ва бўлим бошлиқлари билан кутиб олди ҳамда музокара ўтказди.
Меҳмонлар таркиби А.Н.Тихонова номидаги Москва «Электроника ва математика» институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Аксенов Сергей Алексеевич, худди шу институтнинг директор маслаҳатчиси Алескерова Инесса Ивановна, филология бўйича «Гуманитар фанлар» факультетининг аспирантлар мактаби директори Виренкова Анастасия Сергеевна, Санкт-Петербургдаги НИУ ВШЭ (ОИМ МТУ) халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Киселева Мария Алексеевна, Нижний Новгороддаги НИУ ВШЭ (ОИМ МТУ) халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шиловская Анна Анатольевна, НИУ ВШЭ (ОИМ МТУ)нинг Пермдаги филиали директори Володина Галина Емельяновна, шу филиал директорининг ўринбосарлари Загороднова Екатерина Павловна ва Шадрина Елена Витальевналардан иборат эди.
Уларнинг ташрифидан кўзланган мақсад миллий тадқиқот университетимиз билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ва бошқа таълимий жараён бўйича музокаралар олиб бориш ҳамда амалга оширишдир. Демак, асосий йўналишлардан бири профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро алмашинувидир. Тажрибали профессор ўқитувчиларимизнинг уларга бориши айни пайтда уларнинг университетимизга ташрифи тизимли равишда амалга оширилиши юзасидан аниқ режалар ишлаб чиқилиши қайд этилди. Шунингдек, талабалар учун ёзги ва кузги мактабларни ташкил қилиш мақсадга мувофиқлиги эътироф этилди.
Россиялик мутахассислар иқтидорли талабаларимизнинг Россия Давлат грантлари асосида ўқишлаи мумкинлигини таъкидлашди. Ҳамкорлик ришталари ҳар икки томонлама манфаатдорлик ва дўстона тарзда мустаҳкамланди десак, хато бўлмайди.
Бир неча кундан кейин ташкил этиладиган Ўзбекистон - Россия олий таълим муассасалари ректорларининг Самарқанд форуми ҳам аминмизки, ҳамкорликнинг янги истиқболларини очиб бериши тайин.
Улар ўртасида тузиладиган Битимлар асосан Россияда ривожланган технологик ишлаб чиқариш соҳаларининг тажрибасини Ўзбекистон олий таълим муассасаларига татбиқ этиш билан боғлиқлиги муҳим.
Раҳимбой Жуманиёзов, «ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети доценти
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter