Энг сердаромад соҳанинг мутахассиси бўлиш «School 21»да мутлақо бепул!
Бугунги кунда бир соҳанинг яхши мутахассиси бўлиш осон эмас. Албатта танлаган касбга ўқиб, изланиб, ўз устингизда ишлашингиз учун алоҳида вақт ва маблағ талаб этилади. Бирор таълим муассасасини тамомлагач эса олдингизда сердаромад иш топиш масаласи пайдо бўлади.
Ҳа, ҳозирги кунда кўплаб ёшлар шу масалада бош қотираётган бир вақтда сизга ажойиб янгилигимиз бор! School 21 энг талабгир касб эгалари бўлган IT-мутахассисларини бепул тайёрлаш бўйича қабул бошлади. Энг асосийси, ўқишни муваффақиятли тамомлаганларни сердаромад иш ҳам кутиб турибди!
Жорий йилнинг 30 май куни School 21 Тошкент шаҳар филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, Тошкент шаҳридаги School 21 – бу Ўзбекистон ва унга яқин мамлакатларда истиқомат қилувчи 18 ёшдан ошган барча фуқароларга IT соҳасида талаб юқори бўлган касбни бепул эгаллаш имконини берадиган рақамли технологиялар мактабидир.
Очилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирининг ўринбосари Рустам Каримжонов пойтахтимизда School 21 кампусининг очилиши Ўзбекистонда таълим ва рақамли технологияларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишини айтиб, бу ўз ўрнида, таълимга инновацион ёндашув эканлигини алоҳида эътироф этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг маслаҳатчиси Бобур Рахимов эса олий таълим муассасаларининг School 21 билан ўзаро ҳамкорлиги талабаларга замонавий технологиялардан фойдаланиш, амалий лойиҳалар ва жамоавий ишлар билан шуғулланишлари учун йўл очишини, бу эса уларнинг дунёқарашини кенгайтириши, етакчилик хислатларини ривожлантириши ва замонавий давр муаммоларини ҳал қилиш ҳамда илм-фан ва технологиялар тараққиётига ҳисса қўшишга қодир мутахассисларни шакллантиришини айтиб ўтди.
«School 21 – шунчаки таълим берадиган жой эмас, балки иқтидорли ёшлар ўз атрофидаги дунёни ўзгартиришлари учун билим, кўникма ва илҳом оладиган марказ бўлишига ҳаракат қилмоқдамиз. Бу орқали келгусида инновацион жамиятни шакллантиришда ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкинлигидан фахрланамиз.
Шу ўринда, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва мамлакатимизнинг ахборот технологиялари соҳасидаги мавқейини жаҳон миқёсида мустаҳкамлаш имконини бераётганлиги учун мамлакатимиз ҳукуматига ўз миннатдорчилигимни билдираман», – деди, School 21 бошқарувчи директори Зарина Лухманова.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур мактабга қабул учун биринчи саралаш босқичи 2024 йил 26 августда бошланади. Сиз эса ҳозирданоқ ўқиш учун мактаб сайтида ариза қолдиришингиз мумкин.
Шундан сўнг хотира ва мантиқ бўйича иккита онлайн ўйинлардан ўтгач, навбат саралаш босқичига келади. Саралаш босқичида сиз 26 кун давомида нолдан код ёзасиз, ўйин яратасиз ва жамоавий ҳамда якка тартибда турли лойиҳаларни амалга оширасиз.
Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтганингиздан сўнг эса асосий таълимга йўналтириласиз. 1,5-3 йил давомида сиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали интернет технологиялари муҳандиси, дастурчи, ML ва ишлаб чиқариш бўйича муҳандис, таҳлилчи, кичик ва ўрта ишлаб чиқарувчи, IT лойиҳа менежери каби йўналишларда мутахассисга айланасиз. School 21нинг ўзига хос хусусиятларидан бири бўлган «тенгдош-тенгдошга» ўқитиш услуби ёрдамида ўқувчилар бир-бирларидан ўрганадилар. Қолаверса, мослашувчан жадваллар, таълим жараёнини геймификация қилиш ва амалиётга катта эътибор берилиши натижасида мураккаб билимларни содда кўринишда тез ўзлаштириш янада осон бўлади.
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган. Бунга эришиш учун IT инфратузилмаси ва унга бўлган бозор талабини ривожлантириш ҳамда халқаро компанияларни жалб қилиш каби комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина, жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомида соҳа хизматлари ҳажми 20 фоизга ошди, 200 миллион долларлик экспорт амалга оширилди ва 5 мингта иш ўрни яратилди. IT саноатининг жадал ривожланиши ва компаниялар сонининг кўпайиши туфайли мамлакатда малакали мутахассисларга талаб ортиб бормоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, давлат томонидан 300 мингдан ортиқ IT мутахассисларини тайёрлаш вазифаси қўйилди. Соҳа учун ушбу кадрларни тайёрлашда эса School 21 рақамли технологиялар мактаби муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун, Тошкент шаҳридаги School 21 – бу республикамиздаги биринчи кампус эмас. Ўтган йилнинг декабр ойидан ушбу лойиҳа Самарқандда ишга туширилган эди. Унинг ўтган даврдаги фаолияти давомида 10 000 дан ортиқ аҳоли асосий таълим учун ариза топширган ва IT соҳасида ўзларини синаб кўришга қарор қилган. Шунингдек, бу ерда cамарқандлик иштирокчилардан ташқари, Тошкент, Бухоро, Жиззах ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидан келганлар ҳам таҳсил олмоқда.
Олдинда, таълим иштирокчиларини мамлакатнинг йирик компанияларида уч ой давом этадиган тажриба амалиётлари кутмоқда. School 21 бу борада OsiyoTech, UIC, QUBIT, GAME PRIME STUDIO, IT-Park ва IT-Bilim резидентлари ва бошқа кўплаб компаниялар билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда.
Рўйхатга олиш саҳифасига ушбу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter