Энди талабаларнинг контрактлари ошадими?
Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида Президент Фармонига кўра, иш ҳақининг энг кам миқдори атамаси ўзгарди. Мазкур ўзгаришлар ОТМ талабалари тўлов-контрактларига таъсир қиладими? Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев шу масалага эътибор қаратди.
Бироз аввал 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига қуйидаги миқдорлар белгилангани хабар қилинди:
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 577 170 сўм;
Базавий ҳисоблаш – 202 730 сўм;
Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 202 730 сўм.
Бу хабарни ўқиган кўпчилик, айниқса талабалар, ушбу янгиликдан сўнг, «энди энг кам иш ҳақига боғлаб қўйилган контрактларимиз ҳам 577 минг сўмдан ҳисобланадими», дея сўрашмоқда. Масалан, иқтисод йўналишининг контракти ЭКИҲ 50 баравари (10 млн 136 минг сўм) эди, энди шу 577 минг сўмдан ҳисобланса, 28 млн 858 минг сўм бўладими?
Жавоб: Йўқ, контрактлар нархи ошмайди.
Ушбу Фармоннинг контрактлар ошишига алоқаси йўқ. Тушунтираман.
Фақат атама ўзгарди
Илгари «энг кам иш ҳақи» деган тушунча бор эди. Солиқлар, мажбурий тўловлар, жарималар, талабаларнинг контракти ва бошқа нарсалар айнан шу ЭКИҲга боғлаб қўйиларди. Масалан, фалон йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун ЭКИҲнинг фалон миқдорида жарима дейиларди. Ёки нотариусда олди-сотди шартномани тасдиқлаганлик учун ЭКИҲнинг фалон баравари миқдорида давлат божи дейиларди ва ҳ.к.
Кўпчилик «энг кам иш ҳақи» миқдорини ойликлар билан боғлар ва «202 минг сўм ойликка ҳам яшаб бўладими?» деган эътирозлар жуда кўп учрар эди. Лекин энг қизиғи Ўзбекистон ҳудудидаги меҳнат учун тўланадиган энг кам иш ҳақи аслида 202 минг сўм эмасди. У бирмунча баландроқ ва иш ҳақларининг ҳисобланиш тартиби алоҳида эди. Қизиқадиганларга мана бу ёки мана бу мақоламни ўқиб кўришни тавсия қиламан, батафсил тушунтирганман.
Разряд, тариф коэффиценти деган тушунчалар билан ҳисоблаганда шу кунгача Ўзбекистонда 1 ставка учун энг кам ойлик иш ҳақи 577 минг 172 сўмдан кам бўлиши мумкин эмас эди.
Хуллас, фақат номигина «энг кам иш ҳақи» бўлган, лекин аслида ўзи маошни англатмайдиган бу атама одамларни доим чалғитарди.
Эндиликда ушбу муаммога чек қўйилиб атамалар номи ўзгартирилди.
Яъни энди «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори» деган атама пайдо бўлди ва у 577 минг 170 сўм этиб белгиланди. Юқорида айтганимдек, аввал ҳам бу худди шунча миқдорда эди, ҳеч нарса ўзгармади (фақат яхлитлаш ҳисобига 2 сўмга камайибди).
Бундан кейин «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори» деган атама билан
• маош
• устамалар
• қўшимча ҳақ
• гонорар ва ҳ.к.лар ҳисобланади.
Шунингдек, «базавий ҳисоблаш» деган атама ҳам пайдо бўлди ва бу шу кунгача мавжуд бўлган ЭКИҲ билан бир хил – 202 минг 730 сўм этиб белгиланди. Мана шу айнан биз тепада гаплашган нарсаларга, яъни солиқлар, йиғимлар, жарималар, давлат божлари ва ҳ.к.ларга қўлланади.
Талабаларнинг тўлов-контракти ҳам айнан шу атама билан белгиланади.
Масалан, бундан кейин қизил чироқда ўтиб кетганларга ЭКИҲ 2 баравари миқдорида жарима солинади», дейилмайди, балки «2 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида жарима солинади» дейилади.
Ёки талабаларнинг контракти ҳам эндиликда «ЭКИҲ 45, 50, 60 баравар миқдорида» дейилмайди, балки «45, 50, 60 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида» дейилади.
Яъни пули ўша-ўша, фақат атама ўзгарди холос.
Ва охиргиси «пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори» деган атама ҳам пайдо бўлди, бунинг миқдори ҳам – 202 минг 730 сўм этиб белгиланди. Бу атама пенсиялар, устамалар, қўшимча ҳақ ва компенсация тўловлари, шунингдек, ходимлар соғлиғига етказилган зарарни қоплашда қўлланилади.
Якуний ҳулоса: ушбу Президент фармони билан иш ҳақлари, пенсиялар, стипендиялар, жарималар, тўлов-контрактлар ва бошқа шу каби тўловлар ошиши кутилмаяпти. Шунчаки мавжуд атамалар бошқасига алмаштирилди ҳамда тушунарли тилга ўгирилди холос.
P.S.: Фармоннинг бошқа мақсадлари ҳам бору, лекин бу ерда мураккаблаштиргим келмади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter