Энди Ўзбекистонда АҚШ дипломига эга бўлиш мумкин
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида АҚШнинг Вебстер университети билан ҳамкорликда ТESL — «Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш» академик дастури бўйича бир йиллик магистратура йўлга қўйилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойидаги АҚШга давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги имзоланган шартномага мувофиқ амалга оширилиб, АҚШнинг Марказий Осиёдаги илк магистрлик таълим лойиҳасидир.
Илк маротаба йўлга қўйилган ҳамкорликдаги дастурда иштирок этиш учун Марказий Осиёнинг барча давлатларидан ҳужжат топширган талабгорлар орасидан 125 нафари танлов асосида ўқишга қабул қилинди.
Бир йиллик магистратурада таълим тўлиқ Вебстер университети ўқув дастурлари асосида амалга оширилиб, машғулотлар Вебстер университетининг малакали мутахассислари ҳамда ЎзДЖТУнинг махсус танловдан ўтган профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилади.
Ўқишни муваффақиятли якунлаган битирувчиларга Вебстер университетининг магистрлик дипломи берилади.
Маълумот учун, 2018 йил июль ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Вебстер университети ўртасида имзоланган келишувга асосан кейинги йилдан Вебстер университети Ўзбекистонда тўлақонли фаолият кўрсатади.
2019 йил январь ойидан бошлаб мазкур университет билан ҳамкорликда Тошкент давлат Иқтисодиёт университетти, Тошкент ахборот технологиялари университетида MBA дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter