Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИнинг «Darya» лойиҳаси Марказий Осиёга қандай наф келтиради?

ЕИнинг «Darya» лойиҳаси Марказий Осиёга қандай наф келтиради?

Элчи Ш.Адриан ва депутат Б.Бекмуродов.

Фото: Xabar.uz

Бугун, 17 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Европа Иттифоқининг Ёшлар ҳаракат режаси доирасида «Марказий Осиё ёшлари овози» форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири. Тадбир доирасида ЕИнинг айнан навқиронга авлод учун «Darya» лойиҳаси ҳам тақдим этилди.

ЮНИCEФ, Европа таълим жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган форумда минтақанинг беш давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ёшлари рақамлаштириш, иқлим ўзгариши, гендер тенглиги,  таълим каби масалалар бўйича ўзаро фикр алмашди.

«Ёшлар эртанги кунда муҳим қарорларни қабул қилувчи қатламдир. Шу боис ҳам биз ёшларнинг сиёсатни шакллантириш жараёнларида иштирок этиш маданиятини юксалтириш тарафдоримиз. Бу борада уларнинг имкониятлардан тенг фойдаланишини таъминлаш талаб этилади. Ана шундагина Марказий Осиё ўз салоҳиятини тўлақонли намоён эта олади», – деди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним.

Дипломат Марказий Осиё ёшлари учун форум мунтазам платформага айланиши муҳимлигини урғулади.

Халқаро экспертлар ёшларни «яширин қаҳрамонлар» деб атади. Фото: Xabar.uz

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов минтақа фавқулодда имкониятларга эга экани, уларнинг рўёбга чиқариш кўп жиҳатдан ёшларга боғлиқ эканини қайд этди. Сиёсатчига кўра, Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг ўртача ёши 28 ни ташкил этади. Бу эса катта имконият демакдир.

Форум давомида ЕИ молиялаштириладиган «Darya» лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди. Европа таълим жамғармаси томонидан Марказий Осиё манфаатдор идоралари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа минтақада ёшларнинг касб-ҳунар таълими даражасини оширишга хизмат қилади. 

5 давлат ёшлари муаммолар юзасидан ўз лойиҳаларини тақдим этди. Фото: Xabar.uz

«Darya» – ЕИнинг Марказий Осиёда касб-ҳунар таълимига доир биринчи минтақавий ташаббусидир.  Лойиҳа 2022-2027 йиллар мобайнида минтақа давлатларининг касб-ҳунар таълими, бандликка масъул идоралари, таҳлил марказлари ва бошқа ижтимоий институтлар билан ҳамкорликда амалга татбиқ этилади. Маълумки, пандемия даврида бутун дунёда бўлгани каби Марказий Осиёда ҳам ёшлар касб маҳоратини ошириш борасида қийинчиликларга дуч келди. Қиймати 5 млн еврони ташкил этган лойиҳа доирасида ёшларнинг меҳнат бозорига интеграцияси ва малака оширишига алоҳида эътибор қаратилади», – дейди Европа таълим жамғармаси дастур координатори Франка Крестани «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 28 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель учрашувиида ҳам таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланган. Жумладан, икки етакчи касбий таълим бўйича «Darya» лойиҳаcи амалга оширилишини олқишлаган.

ЕИнинг 2019 йилда қабул қилинган Марказий Осиёга доир янги стратегиясида ҳам кўплаб соҳалар қатори таълим ва инклюзив барқарорлик йўналишидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг