Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДТМ тест тўпламларини контрафакт ҳолатда тарқатаётганларни қаттиқ огоҳлантирди

ДТМ тест тўпламларини контрафакт ҳолатда тарқатаётганларни қаттиқ огоҳлантирди

Давлат тест маркази «DАVR PRESS» нашриёт-матбаа уйи ҳамкорликда абитуриентлар, ўқитувчи ва шу соҳа мутахассислари учун фанлар кесимида «ДТМ ТЕСТ ТОПШИРИҚЛАРИ ТЎПЛАМИ – 2019» номи билан саволлар базаларидаги тест топшириқларини нашрдан чиқарди, деб хабар бермоқда марказ матбуот хизмати.

«Бироқ ҳозирда Давлат тест маркази ва нашриётга республика ҳудудларида бу тўпламларнинг ноқонуний қалбакилаштирилиши ва тарқатилиши, контрафакт ҳолатда китоб дўконларига тарқатилиб, савдога чиқарилиши ҳақидаги асосли хабарлар келиб тушмоқда. Бу ҳолатлар айниқса Наманган, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Нукус шаҳрида кўп кузатилмоқда.

Бундан ташқари интернет тармоқлари – айнан телеграм мессенжерида кўплаб ноқонуний равишда тарқатилаётган электрон материаллар кузатиляпти. Бу эса китоб, дарслик ва Давлат тест марказига тегишли материал муаллифларининг ҳам ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганлигидан далолат бермоқда.

Ҳозирда бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида керакли асослар йиғиляпти ва албатта буларга қонуний баҳо берилади.

Юқорида келтирилган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда Давлат тест маркази барча ноқонуний ҳаракатларни амалга ошираётган шахсларни огоҳлантиради ва ушбу тест тўпламларини ноқонуний чоп этиш ҳамда электрон ҳолатда тарқатиш ҳолатларига барҳам беришга чақиради, акс ҳолда, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 149-моддасига асосан муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузганлик учун тегишли чора кўрилишини эслатиб ўтади.

Тест тўпламларига киритилган барча материаллар давлат тест марказининг интеллектуал мулки ҳисобланади!», дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг