Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДТМ баёноти: Тест синовлари саналари аниқ белгилангач эълон қилинади

ДТМ баёноти: Тест синовлари саналари аниқ белгилангач эълон қилинади

Фото: «Xabar.uz»

Мамлакатимизда пандемия шароити мураккаб кечаётганлиги, карантин чекловлари бекор қилинмаётганлиги ёки юмшатилмаганлиги боис, олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш муддатлари тест топширувчилар саломатлигига зарар етмайдиган вазият келгунга қадар кейинга сурилмоқда ва бу ҳақда жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилмоқда, дейилади ДТМ ахборот хизмати хабарида. 

Кейинги кунларда турли интернет нашрларида кириш имтиҳонлари усти очиқ катта майдонларда, эрталаб ва кечки сменада ўтказилиши, шунингдек, аниқ саналар белгиланганлиги тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.

Бу борада расман шуни маълум қиламизки, айни кунларда Давлат тест маркази томонидан жараёнларни энг аввало тест топширувчилар саломатлиги хавфсизлигини таъминлаган ҳолда ташкил этиш борасида турли вариантлар ўрганиб чиқилмоқда.

Қайд этиш керакки, ушбу ҳаракатлар ҳали ўрганиш босқичида бўлганлиги сабабли, ҳозирдан «шундай бўлади» қабилида хабарлар тарқатиш абитуриентларни чалғитиши, тестга тайёргарлик жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шуларни ҳисобга олиб, Давлат комиссияси кўрсатмаси асосида соғлиқни сақлаш ташкилотлари билан биргаликда, жорий йил қабул тест синовларини ўтказиш учун мақбул ва хавфсиз жойлар танланиб, аниқ саналар белгилангач, Давлат тест маркази томонидан оммавий ахборот воситалари орқали ишончли хабар берилади.

Бунга қадар абитуриентлардан турли хабарларга эътибор қилмасдан вақтдан унумли фойдаланишларини, тест синовига пухта тайёргарлик кўришни давом эттиришларини сўраб қоламиз, — дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг