Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Дипломсиз ҳам яшаса бўлар

Дипломсиз ҳам яшаса бўлар

Фото: «Vesti.UZ»

Бу йил квоталар сезиларли даражада ошди (20%). Лекин асосан тўлов-контракт асосида квоталар оширилди. Айрим ОТМлардаги йўналишларга умуман давлат гранти ажратилмади ҳам.

Таълим – эҳтиёжми ё ҳашамат? Асли эҳтиёж, лекин бизга бу эҳтиёжни қондириш ҳашаматга тенг бўлиб турибди.

Нима қилмоқ керак?

Бу саволга жавоб излаб ўзим университетда ўтказган 5 йилимни эсладим. 90-йиллар иккинчи ярмида таълим сифати ҳозиргичалик эмасди, ҳар ҳолда яхши домлалар дарс беришган, коррупция кам, олимпиадалар ва сессиялар пулсиз ўтарди. Адабиётлар танқислиги ҳам ҳозиргичалик эмасди, гарчи интернет кенг ёйилмаган бўлса ҳам, кутубхоналар бой эди, китоблар ёқилмаган, янги алифбо машмашаси уларга дахл қилмаган эди.

Лекин барибир бугун журналистлик, блогерлик, копирайтерлик фаолиятимда эришганларим учун университетдан миннатдорман, десам катта гапирган бўламан. Мен учун дипломим ёки аудиторияларда эшитган маърузаларимдан кўра кўпроқ талабаликдан кейинги меҳнат фаолиятим, муҳит, тажриба, савияли суҳбатлар яхши мактаб бўлган.

Айтмоқчиманки, олий таълим, айниқса, ҳозирга шакл ва савияда, бу қадар ажиотажга арзимайди. Яхши шифокор, фармацевт, ҳуқуқшунос, олим... бўлиш учун олий таълим керак, албатта. Аммо яхши журналист, дастурчи. ихтирочи, шоир, драматург, копирайтер, реклама менежери, тадбиркор ва ҳоказо кўплаб касблар борки, дипломсиз ҳам муваффиятга эришиш мумкин. ОТМда ўқимасангиз ҳам, кутубхоналарда, форумларда, анжуманларда, жараёнда, тажриба орқали ўқийверинг.

Мен Mahfuza Salohiddinovna Imamova, Mirzohid Muzaffar сингари бир нечта тилларда эркин гапирадиган, истеъдодли, «тайёр кадр»ларни биламан. Уларга ўзбек ОТМлари йиллар давомида ўз эшикларини очмаяпти (коррупциями ё қийшиқ ўлчовларми, билмадим). Бундай ёшлар «дипломсиз ҳеч ким эмассан» деган нотўғри ақиданинг қурбони бўлиб увол кетмаслиги керак. Сизлар дипломсиз ҳам етук кадрсизлар, ука-сингилларим.

P.S. Аллақачон масофадан ўқитиш тизимини жорий этиш пайти келган. Мутасаддилардан бу борада инновацион ечимлар кутиб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг