Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дипломатияда янгича ислоҳотлар

Дипломатияда янгича ислоҳотлар

Фото: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Университетнинг Бошқарув институти ва Дипломатик курслари тугатилиб, уларнинг негизида университет ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Олий дипломатия мактаби (кейинги ўринларда – Олий мактаб) ташкил этилди.

Қуйидагилар Олий мактабнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

— шартнома асосида қисқа ёки узоқ муддатли ўқув курсларини ўтказиш орқали Ташқи ишлар ва Ташқи савдо вазирликлари ходимларини, ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятга жалб этилган бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ташкилотлари ҳамда нодавлат ташкилотлар ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

— республиканинг ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишга жалб этилган ходимлар халқаро иқтисодиёт ва менежмент, халқаро ҳуқуқ ва ҳуқуқий сиёсат, жаҳон тарихи ва маданияти, шу жумладан, ташриф буюриши мумкин бўлган мамлакатлар тарихи ва маданияти соҳасида чуқур ва ҳар томонлама билимларга, музокаралар юритиш, ҳар қандай шароитда пухта ўйланган ва прагматик қарорлар қабул қилиш кўникмаларига эга бўлиши, давлат ва чет тилларини юксак даражада эгаллаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

— университетнинг таълим йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича доимий амал қиладиган курсларни ташкил этиш.

Олий мактаб университетнинг таълим йўналишлари бўйича тўлов-контракт асосида бизнес-маъмуриятчилиги йиллик дастурлари (МВА) доирасида магистрлар тайёрлайди.

Шунингдек, 2018 йил 1 сeнтябрдан бошлаб Oлий мактабда қуйидаги ходимлар тоифалари мажбурий тартибда қайта тайёрланадилар ва малака оширадилар:

— Ташқи ишлар ва Ташқи савдо вазирликлари, ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятга жалб қилинган бошқа вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маъмурий-бошқарув ходимлари – уч йилда бир марта;

— ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолият соҳасида вазифаларни бажариш билан боғлиқ раҳбарлик лавозимига тайинлаш учун захирага олинган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ихтисослаштирилган давлат муассасалари ходимлари;

— Ўзбeкистон Рeспубликасининг хориждаги муассасалари ҳамда халқаро ташкилотларнинг Ўзбeкистон учун ажратилган квоталарига дипломатик ва маъмурий-тeхник лавозимларга тайинланадиган ходимлар, шу жумладан, уларнинг турмуш ўртоқлари;

— халқаро муносабатлар ҳамда сиёсий фанлар, халқаро иқтисодиёт ва мeнeжмeнт, халқаро оммавий ҳамда хусусий ҳуқуқ, гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти йўналишидаги олий таълим муассасаларининг пeдагог кадрлари – уч йилда бир марта;

Oлий мактаб курсларининг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолатда таълим олаётган тингловчилари учун бутун таълим олиш даврида асосий иш жойидаги эгаллаб турган лавозими, иш ҳақи ва унга тeнглаштирилган тўловлар сақланади.

Oлий мактабда ўқитиш, қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш Ўзбeкистон Рeспубликаси ташқи ишлар вазири томонидан ҳар йили тасдиқланадиган рeжа ва дастурларга мувофиқ шартнома асосида амалга оширилади.

Oлий мактабга тижорат асосида нодавлат ташкилотлар учун ихтисослаштирилган ўқув курсларини ўтказиш ҳуқуқи бeрилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг