Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода 2600 нафардан ортиқ абитуриент тест имтиҳонларига келмади, 5 нафари четлатилди

Бухорода 2600 нафардан ортиқ абитуриент тест имтиҳонларига келмади, 5 нафари четлатилди

Олий таълим муассасаларига тест топшириш жараёнларининг охирги куни. Нега абитуриентлар сони ўтган йилгига нисбатан кам? Давлат олий таълим муассасаси ректори нима дейди, хусусий олийгоҳ ректори-чи?

Жорий 2024-2025 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига тест топширишга иштиёқманд абитуриентларнинг сон жиҳатдан шашти пастроқдек туюлди, назаримизда. Ўтган йил айни кунларда тест синовларидан ўтиш масканлари олди нисбатан гавжум эди.

«Кўпроқ абитуриентлар хусусий олийгоҳларга кириш истагини билдиришганга ўхшайди. Ваҳоланки, қатор хусусий олийгоҳларда ўқишга қабул қилишда абитуриентлар билими тест синовларидан ўтказилмайди. Билимсиз ёки билимли абитуриентларнинг хусусий олийгоҳларга имтиҳонсиз қабул қилиниши – эртанги кунда кадрлар салоҳиятида муаммолар келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас», — дейди давлат ОТМ ректорларидан бири.

Бухорода бир неча йилдан буён нодавлат олий таълим муассасаси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Осиё халқаро унивeрситeти ректори Суҳроб Деҳқонов эса ушбу муносабатга қуйидагича жавоб берди:

«Хусусий олийгоҳларга абитуриентларнинг имтиҳонсиз қабул қилиниши ҳақидаги фикр бироз мулоҳазасиз билдирилганга ўхшайди. Бизда абитуриентлар ўқишга имтиҳонсиз эмас, имтиҳон орқали қабул қилинади. Имтиҳонлар жараёни давлат олий таълим муассасаларига нисбатан бироз енгиллаштирилган тартибда ўтказилади, холос.

Бизда шундай тамойил бор: «Ўқишга кириш осон, ўқиш қийин». Бу нарсани биз курсдан қолдирилган ва талабалар сафидан четлатилганлар фоизи мисолида исботлаб беришимиз мумкин. Чунки, ўтган ўқув йилида талабаларимизнинг 11 фоизи тиббиёт йўналишида, 8 фоизи ижтимоий йўналишда курсдан курсга ўта олмади.

«Талабада билим етарли бўлмаса-да, контракт тўлар экан, таниш-билиш экан» деган тушунча билан курсдан курсга ўтказиш йўқ. Шуни унутмаслик керакки, ҳамма тестлар компьютер орқали амалга оширилади,инсон омили аралаша олмайди,шаффоф. Талабаларни чинакам ўқишга ундаяпмиз. Лекин, ҳақиқатан хусусий олийгоҳларда таълим олиш истагида бўлганлар жорий ўқув йилида қўпроқ. Бундан ташқари, абитуриентларнинг хусусий олийгоҳларга ошиқаётгани талабаларга имконият ва шарт-шароитларнинг кенг яратилгани билан ҳам боғлиқ. Жуда кўп талабаларимиз хориж давлатларига амалиётга бориб келишяпти. Кўп грант лойиҳаларга эга бўлишаяпти, стипендиялар ҳар бир йил ёхуд олти ойда эмас, ўқиш ва интилишига қараб, лозим бўлса, ҳар ойда оширилади. Бу жараёнлар эртага  кадрлар салоҳиятини туширишга эмас,  яхшилашга хизмат қилади», — деди Суҳроб Деҳқонов «Xabar.uz»га берган интервьюсида.

Билдирилишича, Бухорода 2022-2023-ўқув йилида 11-синфни 22003 нафар ўқувчи-ёшлар битирган бўлса, 2023-2024-ўқув йилида битирувчилар сони 21860 нафарни ташкил этган.

«2024-2025-ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш истагини билдириб, Бухоро вилоятида тест топшириш учун 40 875 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Бу кўрсаткич 2023-2024-ўқув йили қабулида 47 751 нафардан иборат эди.  Абитуриентлар сони ўтган йилгига нисбатан камроқ бўлса-да, олдинги йилги қабул жараёнларидан фарқли ўлароқ, жорий йилда қабул жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 81-сонли фармонига асосан, олдин тест кейин танлов тамойили асосида амалга оширилди. Абитуриентлар сонини у ёки бу сабаблар билан оз-кўплигини битирувчилар сони камлиги ёхуд уларнинг хусусий олийгоҳларни танлашаётганига боғламаслик керак, деб ўйлайман. Ҳар ким хоҳишига қараб, таълим йўналишини танлайди», — деди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Бухоро вилояти бўлими бош мутахассиси Иззатулла Раҳмонов.

Маълумки, тест синовлари 14 июлдан 25 июлгача — 12 кун давом этиши белгиланган. Тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Бухоро вилояти бўлими биноси ва Бухоро шаҳридаги «Ёшлик» спорт мажмуаларида ўтказилган. Шаффофликни таъминлаш мақсадида тест жараёнлари онлайн трансляция қилинган. Шунингдек, 80 дан ортиқ видеокамералар ўрнатилиб, жараёнлар тўлиқ назоратга олинган. 200 нафарга яқин профессор ўқитувчи гуруҳ назоратчилари сифатида қатнашган.

Маълумот ўрнида: Бухорода тест синовлари топширишнинг биринчи  сменасида 1740 нафар абитуриент иштирок этиши учун жойлар тайёрланган. Бу эса иккинчи смена билан бир кунда 3480 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этганини кўрсатади.

Ушбу тест синовлари ўтказиладиган биноларда абитуриентлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Ҳар бир ҳудудда ота-оналар учун соя-салқин кутиш жойлари ташкил этилган. Уларда ўрнатилган катта ҳажмдаги мониторлар орқали тест жараёнларини онлайн кузатиш имконияти мавжуд.

Тест синовларида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилган саралаш танловдан муваффақиятли ўтган ва шартнома имзолаган ходимлардан 133 нафари гуруҳ назоратчиси сифатида фаолият олиб борган, шундан 4 нафари сурдотаржимонлардир.

Билдирилишича, жорий йилда 11,5 кун ҳисобида 2635 нафар абитуриент тест синовларига етиб келмаган бўлса, ўтган йилда 2280 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этамаган. Бундан ташқари, тест синовлари жараёнларида тартиб-қоидаларга амал қилмаган 5 нафар абитуриент  четлатилган. Бу кўрсаткич ўтган ўқув йили қабулида 6 нафардан иборат бўлган.

«Тест синовларидан четлатилган 5 нафар абитуриентнинг 3 нафари жараёнда тест материалларига жиддий шикаст етказган. 1 нафари «шпаргалка» олиб киришга уринган ва яна 1 нафари ўринга ўрин киришга ҳаракат қилган. Ва бугун республикамиз бўйлаб абитуриентларни олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг охирги куни. Тест синовлари Республика бўйича бугун куни тўлиқ якунланади ва абитуриентларнинг натижалари эълон қилингандан кейин уларга 15 кун муддатда ўзи танлаб тест топширган фанларига мос бўлган 5 тагача таълим йўналишини танлаш имконияти берилади. Ушбу муддат якунлангандан кейин 10 кун муддатда мандат якуний натижалар эълон қилинади», — деди Иззатулла Раҳмонов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг