Бу йил мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ўтказилмайди
25 май куни юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида «Дунёда энг катта бойлик-ёшликда олинган билим ва эгалланган касб-ҳунардир» ғояси остида ўқув йили якунларига бағишланган тантанали сафланиш тадбирлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Жорий йилда республикамиздаги 9 628 та умумтаълим мактабларининг 475 276 нафар 9-синф битирувчиларини 11 йиллик таълим тизимининг 10-синфига ва академик лицейларнинг биринчи босқичига қамраб олинади.
2017-2018 ўқув йилининг якунига бағишланган тадбирлар «Қадрдон мактабимиз бағрида ўқиб-ўрганиш, доимо изланиш, янгиликка, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилиб яшаймиз!» шиори остида ўтказилади.
Тадбирлар жорий йилнинг 25 май куни республикамизнинг барча мактабларида эрталаб соат 08:30 да бошланади ва соат 10:00 да якунланади.
Тадбирларда 2017-2018 ўқув йилини якунлаш, келгуси ўқув йилидан бошланғич синфларда ҳафтасига 5 кунлик ўқиш тизимига тўлиқ ўтилиши тўғрисида ота-оналар, маҳалла ва кенг жамоатчиликка етказиш, 11 йиллик умумий ўрта таълим тизимининг мазмун-моҳиятини ўқувчи ёшларга тушунтириш, ушбу таълим тизими жараёнида ўқувчиларнинг турли касб эгалари бўлиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот беришга эътибор қаратилади. Ўқув йили давомида республика ва халқаро фан олимпиадалари, мусиқа танловлари ва спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этган, билимлар беллашуви, инновацион олимпиада ва «Умид ниҳолари»да фаол қатнашган ўқучилар, аъло баҳоларга ўқиган, намунали хулққа эга бўлган, босқичли назорат имтиҳонларидан озод бўлган ёшлар фахрий ва мақтов ёрлиқлари билан тақдирланади.
Ёзги таътил кунларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини тўғри ва мазмунли ташкил қилиш мақсадида уларни ижодий ва спорт тўгараклари ҳамда дам олиш оромгоҳларига жалб этиш, таътил даврида ўқувчиларни бадиий адабиётларни кенг мутолаа қилишларини тизимли ташкил этиш, бу борада мавжуд кутубхоналар имкониятлардан унумли фойдаланиш; ички туризмни ривожлантиришга қаратилган дастурлар доирасида мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойларига оилавий саёҳатлар ва дам олишларини ташкил этиш; ёз мавсумида сув ҳавзаларида чўмилиш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш, ёввойи ва уй ҳайвонлари билан муомалада эҳтиёткор бўлиш юзасидан тушунчалар берилади.
Ўтказиладиган тадбирларда мактаб ва ўқувчи-ёшлар ҳаётига мос бўлмаган ортиқча дабдабабозликни чеклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter