Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!

Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!

Фото: Институт матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлардан нималар кутаётганини ўтган йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ижод мактабида, яқинда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига йўллаган мурожаатномасида рўйи рост ифода этди.  Ёшлар муаммоларига, улар олдида кўндаланг турган вазифаларга тўхталиб, «Ҳали олдимизда қиладиган ишларимиз жуда кўп ва бу борада ёшлар мамлакатнинг таянчи бўлади», — дея ишонч билдиргани бежиз эмас.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган «Биз, ёшлар — Президентимизга камарбастамиз!» деб номланган маърифий учрашув юқоридаги мулоҳазаларнинг исботи ўрнидаги дадил қадам десак, муболаға бўлмайди.

Фото: Институт матбуот хизмати
Фото: Институт матбуот хизмати

Тадбирда нуфузли меҳмонлар, офицерлар, ҳарбий оркестр ва профессор ўқитувчилар, талаба ва магистрантлар иштирок этишди. Уни институт ректори Ўктам Умурзоқов кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, давлат ва жамоат арбоби, академик Оқил Салимов, Фанлар академияси академиги Саъдулла Искандаров, мамлакатнинг биринчи мудофаа вазири, генерал-полковник Рустам Аҳмедов, Ўзбекистон қаҳрамони Равшан Қурбонов ва бошқалар сўзга чиқишиб ўзларининг ҳаётий ва илмий тажрибаларини ўртоқлашишди.

Бадиий қисмда Мудофа Вазирлиги ашула ва рақс ансамбли солисти, подполковник Марат Ҳакимов ижросида қўшиқ янгради. Тадбир якунида Қуролли кучлар Марказий ашула ва рақс ансамблининг хонандаси  Ботир Ҳожиев ижросида «Миллий армиям» номли қўшиғи ижро этилди.

Шу ўринда президент мурожаатномаси юзасидан мулоҳаза.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида олий таълимдаги муаммолар ва янги ташаббусларга тўхталди. Унда, олий ўқув юртларида давлат грантлари икки баробар кўпайтирилиши, қизлар учун олий ўқув юртларида алоҳида грант ўринлари ажратилишини эътироф эта туриб «Ҳеч бир давлат таълимдаги муаммоларни бирдан ҳал қила олмайди, Олий таълим муассасаларида мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар икки баробар қисқартирилади. Геология бўйича қандай мактабимиз бор? Математика бўйичачи? Илм-фан соҳасида мақсадли грантлар масаласини тубдан қайта кўриб чиқишимиз керак. Шу вақтгача қарсак чалиб юрдик, натижа бўлмади. Грантлар миқдорини икки баробар кўпайтирамиз», деди.

Олий таълим муассасаларида мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар икки баробар қисқартирилиши эътиборга молик масала. Педагогик таълим муассасаларда 6 та таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил этиб белгиланди. Педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этилиши ҳам аҳамиятли бўлди. Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказилиши мамлакат тараққиётида муҳим омил саналган олий маълумотли мутахассислар сонини кескин оширади.

Имом Бухорий ҳазратлари «Илмдан ўзга нажот йўқ», деб таъкидлаган эди. Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантириш ҳам фақат илм-маърифат ва инновация туфайли амалга ошади. Бунинг учун ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, нутқий маданият ва нотиқлик маҳоратига эга бўлган лидерлик фаолияти билан алоҳида ажралиб турадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялаш, олий маълумот оламан, илмли бўламан, деган ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратиб бериш зарурлиги Мурожаатномада алоҳида қайд этилди.

Президентимизнинг она тили бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизимини яратиш тўғрисидаги таклифи нафақат ёшлар, балки ўзини ватанпарварман, деб ҳисоблайдиган барча юртдошларимизни қувонтирди. Ватанга садоқат, маънавият ва қадриятларимизга ҳурмат ҳисси ҳар бир инсон қалбига, аввало, она тили орқали сингишини, кишининг билими ва фикрлаш доираси ўз она тилини ўзлаштирганлик даражасига боғлиқлигини ҳисобга олсак, бу таклифнинг аҳамияти кўз олдимизда яққол намоён бўлади.

Президентимизнинг ушбу ўгитларини ҳар бир ёш қулоғига қуйиб, юрагига жойлаб олиши зарур: «Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир»!

Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг