Бир муаммо изидан. Зангиоталик болакайни нега мактабга қабул қилишмаяпти?
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида мактаб ёшидаги болакайни мактабга қабул қилишмаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Оила даврасида» газетасида «Кўчада қолган бола» номли мақола эълон қилинди.
Кўчада қолган бола
«Катта бўлсам, ҳарбий бўламан. Бунинг учун мактабда аъло баҳоларга ўқишим керак. Лекин мени мактабдан ҳайдашди. Ҳозир ҳеч қайси мактаб мени ўқишга қабул қилмаяпти. Онам билан кўчада юрибмиз. Амаким уйимиздан ҳайдаб чиқарган. Ўз уйимиз бўлишини, маза қилиб чўмилишни, озода бўлиб, иссиқ ўриндиқда ухлашни, мактабга боришни жуда-жуда истайман. Ҳамма бизга ёрдам бермоқчи бўлишади-ю кейин алдаб кетишади…»
Бу гапларни узоқ бир мамлакатдаги бечора эмас, сизу бизнинг ёнимизда яшаётган бола айтмоқда. У тўққиз ёш бўлишига қарамай, баъзи бир сабабларга кўра, гарчи ақл-ҳуши жойида, мактабда билим олиш учун салоҳияти етарли бўлса-да, биронта ҳам мактаб даргоҳига сиғмаяпти. Ёшгина Бахтиёр Омоновнинг орзуси ҳозирча ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ.
Тошкент шаҳрининг Сергели тумани билан Тошкент вилоятининг Зангиота тумани кесишадиган катта йўл ёқасида бир аёл тўққиз ёшдаги ўғли билан майда-чуйда (писта, қурут, яхна ичимликлар) сотиб ўтиради. Савдосидан тушган даромад ўғли билан ўзининг қорнини аранг тўйғазишга етади, холос.
Умумтаълим мактабида таҳсил олиш давлатимизда мажбурий ва бепул этиб белгиланган бўлишига қарамай, Бахтиёр бундай бахтдан мосуво. Бепул таълим олиш мажбурий бўлган мактабларнинг эшиги у учун ёпиқ. Сабаб битта — уларнинг муқим яшайдиган жойи йўқ.
Мақоламизни бу тарзда бошлаганимизнинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Гап шундаки, бу аёл биргина фарзандини вояга етказиш йўлида не-не азобларга бардош бериб келмоқда. Энг ачинарлиси, бу ожиза ўз яқинларининг «илтифоти» билан кўчага ҳайдаб чиқарилган. Яхшилар кўмагидан умид қилиб, бормаган жойи, ёрдам сўрамаган ташкилоти қолмаган ҳисоб. Тўққиз йилдан бери фарзанди билан сарсон-саргардон, бошпанасиз, кўча-кўйда тентираб юрган аёлга ҳатто, ўзи туғилиб вояга етган маҳалласи мутасаддилари ҳам ёрдам беришни истамаган.
Келинг, яхшиси, бу ҳақда аёлнинг ўзидан тингласак.
Қимматга тушган хато
— Бундан ўн бир йил аввал оилавий можаро сабаб уйдан чиқиб (аниқроғи ҳайдаб чиқаришган) кетишга мажбур бўлдим, — дейди Меҳринисо Омонова. — Ота-онамдан мерос қолган уй-жойдаги ўз ҳаққимни ундириш учун адвокат ёлламоқчи бўлдим. Лекин унга маблағим етмади. Шу сабабли таниш аёллар билан Россияга ишлашга кетдим. У ерда андижонлик Анвар деган йигит билан танишиб, қонуний оила қурдик. Кўзим ёришидан бир ой илгари турмуш ўртоғим мени ўз юртимга кузатиб қўйди. Орадан бир ойлар ўтиб, турмуш ўртоғимни электр токи таъсирида ҳалок бўлгани ҳақида хабар келди. Бу гап қанчалик рост ёки ёлғонлигини билмайман. Унинг мурдасини менга кўрсатишмаган. 2008 йил март ойида ўғил фарзанд кўрдим. Уч-тўрт ой кўча-кўйда юриб, кейин уйга қайтдим. Дастлаб, акам бизни яхши кутиб олди. Шу пайтда боламга нафақа пули олиш учун маҳаллага мурожаат қилдим. Боламнинг бир ойлик пулидан кечиш шарти билан бола пулини оладиган бўлдим. Лекин буям узоққа чўзилмади. Менга маълум бўлмаган сабабларга кўра, болам олти ойлик бўлгач, бу пулдан ҳам мосуво бўлдим. Шундан сўнг, олти ойлик болам билан лағмон пишириб, бозорда сотиб юрдим. Хуллас, ота уйимда бинойидек яшай бошлаган ҳам эдимки, акамнинг мен ва боламга муносабати тўсатдан ўзгара бошлади. Тез-тез ичиб келиб, бизни кўчага ҳайдайдиган одат чиқарди. Маст бўлган пайтида доим «Ўғлингнинг меросда ҳаққи йўқ, агар шу уйга эгалик қилмоқчи бўлсанг, болангни ўлдираман», деб пўписа қиладиган бўлди.
Шундай кунларнинг бирида ярим кечаси акам маст ҳолатда кириб келди-да, «Эртага мен билан нотариусга борасан-да, иккита қоғозга қўл қўясан, агар қўл қўймасанг, болангни ўлдираман», деб қўрқитди. Очиғи, бу унинг қўлидан келади. У ҳеч нарсадан тап тортмайди. Ўша пайтлар қамоқдан чиққан вақтлари эди. Яккаю-ягона суянчиғим бўлган фарзандимни йўқотишни истамадим. Ундан кўра, уйдан кечганим яхши дедим-да, акамнинг шартига рози бўлдим.
Нотариусда менга бир нималар ёзилган иккита қоғоз беришди. Кўзим яхши кўрмаслиги учун нотариус нимага қўл қўяётганимдан хабардор қилди. Мен кўрсатилган жойга мажбурлигимдан қўл қўйдим. Шундан бери кўчада яшаб юрибман. Менга бу дунёда боламдан-да азиз ва қадрли инсон йўқ. Ҳозир менинг бирдан-бир тилагим ва истагим — фарзандимни мактабга жойлаш. Уни ўқитиб одам қилиш. Келажакда менга ўхшаб дарбадар, уй-жойсиз қийналиб юришини истамайман.
Ўз яқинлари, маҳалласи бағрига сиғмаган аёл гўдаги билан ўз туманини тарк этган.
Кузнинг совуқ ва ёмғирли кунларидан бирида уни ёши олтмишдан ошган бир мўйсафид Тошкент вилояти Паркент туманига олиб кетган. Уни ўз қизидек кўриб, олти ёшли Бахтиёрнинг суннат тўйини ўтказган. Бола етти ёшга тўлгач, шу тумандаги 35-умумтаълим мактабига ўқишга берган. Шу отахоннинг ёрдами билан Бахтиёр ўқишга қатнай бошлаган. Аммо...
Биринчи синфни тамомлашига икки ойлар вақт қолганда мактаб раҳбари алмашган. Янги директор эса Бахтиёрнинг ҳеч бўлмаса биринчи синфни тугатишига ҳам рухсат бермай, ҳужжати йўқлигини рўкач қилиб мактабдан чиқариб юборган.
Янги директорнинг қилмишидан ранжиган Ғулом ота ўзи истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғинига ёрдам сўраб, мурожаат қилган. Афсуски, маҳалла фаоллари бу масалани ижобий ҳал этиб бермаган. Аксинча, отахондан уларни ўз туманига кетказиб юборишни талаб қилган.
Шундан сўнг она боласини ўқитиш мақсадида ўзи туғилиб ўсган Зангиота туманидаги 32-умумтаълим мактабига мурожаат қилган. Мактабнинг ўша пайтдаги директори аёлнинг муқим яшайдиган уйи йўқлигини рўкач қилиб, болани мактабга қабул қилмаган.
Ғулом ота Меҳринисони ўз қизидек кўриб, унга ёрдам бериш чораларини излаган. Меҳринисо Омонова отахоннинг маслаҳати ва бевосита ёрдами билан 2014 йилда ота-онасидан қолган уй-жойдаги ўз ҳаққини талаб қилиб, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота туманлараро судига мурожаат қилган. Ўша йилнинг 4 август куни унинг мурожаати бўйича суд жараёни бошланган. Лекин суд унинг мурожаатини қаноатлантирмаган. Бир пайтлар нотариусда имзо чеккан қоғозлар ўз хоҳиши билан мерос уй-жойдан воз кечиш тўғрисидаги ҳужжатлар бўлиб чиқди.
2016 йил 17 ноябрда Меҳринисо Омонова Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига шу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилган. Афсуски, бу уринишлари ҳам бесамар кетган. Хуллас, ҳеч қандай ташкилот, ҳеч бир мутасадди раҳбар аёлнинг додига қулоқ солмаган. Унга ҳеч ким ёрдам беришни истамаган. Ўз қизидек кўрган отахон ҳам маҳаллада гап-сўз кўпаявергач, уларни ўз уйидан кетказишга мажбур бўлган. Шундан бери аёл ҳеч кимга ишонмайди ва ҳеч кимдан ёрдам кутмайди. Бошига нима кун тушмасин, фарзанди учун барига чидашга тайёр. Фарзанди вояга етса, бу кунларни кўрмагандек бўлиб кетишидан умидвор.
— Балки бошқа давлатда турмуш қурганим ҳаётимдаги катта хатоимдир, — дея сўзида давом этади Меҳринисо Омонова. — Ўгай акам ҳам айнан шу сабабни рўкач қилиб, ҳар хил йўллар билан мени меросдан маҳрум қилди. Тўққиз йил давомида ўғлим иккимиз кўрмаган азобимиз қолмади. Фарзандимни кўчада катта қиляпман.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter