2023 йилда тиббий таълимда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бошқарма бошлиғи Ўктам Исмоилов 2023 йилда тиббий таълимда қандай ўзгаришлар кутилаётгани ҳақида маълумот берди.
2023 йилда 7,5 минг нафар битирувчи ҳисобига оилавий шифокор вакансиясини 90 фоизга, тор мутахассислар бўш ўринларини эса 70 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.
Шунингдек, бу йилдан бошлаб ҳар йили камида 500 нафар ёш, иқтидорли педагог ҳамда коллеж ва техникум директорлари чет элда малака оширади.
Қолаверса, олий таълим муассасаларида олий малакали ҳамширалар тайёрлаш 4 йиллик халқаро ўқув дастурлари асосида амалга оширилади. Талабалар 2 йил Ўзбекистонда, 2 йил хорижда таълим олади.
Тиббиёт олий ўқув юртларида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура ўқув режаларига «нано технология», «тиббиёт генетикаси», «IT-технология» каби фанлар киритилади ва хорижий педагогларни жалб қилган ҳолда ўқув жараёнлари ташкил этилади.
Талабаларнинг назарий ва амалий билим ҳамда кўникмаларини баҳолаш бўйича икки босқичли янги тизим жорий этилади.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб коллеж ва техникумларда кадрлар тайёрлаш тизими мутлақо янги тартиб ва йўналишларда йўлга қўйилади. Унга кўра:
- бирламчи бўғин муассасалари учун коллежларда умумий амалиёт ҳамширасини тайёрлаш 2 йиллик дастур асосида амалга оширилади;
- техникумларда ихтисослаштирилган ҳамширалар 3 йиллик дастур асосида ўқитилади;
- 2023 йил феврал ойидан бошлаб 2-Республика тиббиёт коллежи негизида шифокор ва ҳамшираларни тайёрлаш бўйича Саудия Арабистонининг «Ал Ҳабиб академияси» ташкил этилади.
- Туркиянинг соғлиқ билимлари университети билан ҳамкорликда Ҳамширалар Академияси фаолияти йўлга қўйилади.
- энг муҳими, 2023 йилдан ҳар бир коллеж ва техникумда халқаро қўшма таълим дастурлари жорий этилади, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter