Ёдгоровга фарқи йўқ – «ёпиқ қўрғон» очилмоқда
1
Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга тадорик анча аввал бошлангани рост. Чунки, кун тартибида беш йил (ва ундан ортиқ) ишлаб, ваколати ниҳоясига етган 19 нафар судьяни кейинги муддатга тайинлаш масаласи қўйилган, бундай ишлар маълум тайёргарлик талаб этади. Бироқ бу галги йиғилишнинг аввалгиларидан фарқи шундаки, унга оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари таклиф қилинди. Шу тариқа журналистлар навбатдаги муддатга тайинланиш умидида келган 19 нафар судьянинг имтиҳон топишириши жараёнининг (ОАВ ходимлари учун махсус ташкил этилган хонадаги монитор орқали) бевосита гувоҳига айланишди.
Очиқликми? Ҳа. Шаффофликми? Бўлмаса-чи?!
Шу тариқа ғоят нуфузли эканига қарамай «ёпиқ қўрғон» дея ном олишга ҳам улгурган Судьялар олий кенгашининг оммавий ахборот воситаларига қия очиқ эшиклари энди ланг очилди ҳисоб.
Буни катта янгилик деса бўлади.
2
Судьялар олий кенгаши фаолиятининг асосий принципларидан бири – ОЧИҚЛИК экани қонунда алоҳида белгилаб қўйилган («Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонун, 4-модда). Судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш асосида судьялар корпусини шакллантириш эса кенгаш фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади (6-модда).
Демак, бугун фавқулодда ҳодиса юз бергани ёки кенгашнинг янги раиси «ўзини кўрсатиш»га интилгани йўқ. Бор-йўғи, қонун ва давр талаби бажарилаётир, холос. Иккинчидан, судьялик – ҳазилакам лавозим эмас. Айни мартабадаги шахс фаолияти бевосита инсон тақдирига боғлиқ бўлиб, шунинг учун ҳам у ДАВЛАТ номидан ҳукм ёки қарор чиқаради. Бундай юксак ва ўта масъулиятли лавозимга тайинлаш ишларида очиқлик ва шаффофлик таъминланмас экан, ижтимоий адолатни ўрнатиш борасида амалга оширилаётган ишларга соя тушаверади. Зеро, ҳар не вазифа – кадрларга боғлиқ, шу нуқтаи назардан – суддаги адолат тантанасига кенгашда тамал тоши қўйилади. Бу эса судьялар корпусини шакллантиришга масъул кенгаш ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофлик тамойилларига риоя қилиши шарт эканини каррасига англатади...
3
Судьялар олий кенгаши – нисбатан янги институт: ташкил этилганига уч йилдан ўтди.
Холмўмин Ёдгоров унинг учинчи раҳбари.
Янги ташкилот – янги туғилган чақалоққа қиёсланади кўпинча. Яъниким, чақалоқ то мустақил юриб кетгунча вақт керак. Судьялар олий кенгашига нисбатан бундай қиёс ўтмайди. Бундай орган туғилибоқ чопиб кетиши керак. Зеро, туман, шаҳар (суд раислари) ва вилоят судларига судья тайинлаш ваколати тўлиқ Судьялар олий кенгашига берилган (аввал барча даржадаги судьялар Президент фармойиши билан лавозимига тайинлаб, яна шу тартибда озод этилар эди).
Кенгаш тизимни салоҳиятли ва лаёқатли кадрлар билан тўлдиришда ҳали кўп риёзат чекиши керакка ўхшайди. Ишончни оқлай олмай ваколати муддатидан аввал тугатилаётганларни айтмайлик. Тизимда юзлаб (!) судьялик ўринлари ҳамон муносиб эгасини кутиб турибди. Айни пайтда 175 та судьялик лавозими вакант (республика бўйича жами судьялик штати 1380 та): Олий судда 5 та, фуқаролик ишлари бўйича судларда 54 та, жиноят ишлари бўйича судларда 34 та, иқтисодий судларда 55 та, маъмурий судларда эса 27 та судьялик лавозими бўш турибди. Фақат ҳарбий суд судьялари (жами 10 нафар) тўла таркиб билан ишлаяпти, холос. Кадрлар билан боғлиқ бундай ҳолат сабаб ишлаётган судьяларга қўшимча юкламалар тушиши аниқ. Бу эса одил судловни таъминлашга тўсқинлиқ қилувчи омиллардан бири бўлаётганига таъкид шарт эмас.
4
Эътиборлиси, юқоридаги рақамларни Судьялар олий кенгаши мутасаддиларининг ўзи очиқлади. Нима, судьяликка даъвогарлар камми? Йўқ, уларга қўйилаётган талаблар қатъийлаб бормоқда. Йўқса, оммавий ахборот воситалари орқали бўш судьялик лавозимларига танлов эълон қилинармиди?! (буям аввал кузатилмаган ҳолат). Унда қайси инстанция судларида нечта судьялик лавозими вакант экани, бўш ўринларнинг ҳудудлар кесими бўйича очиқ-ойдин маълумотлар берилдики, даъвогар борми – марҳамат. Ким талабга жавоб берса, марҳамат – иш тайёр. Акс ҳолда, ризқини бошқа жойдан қидирсин.
Хуллас, қилинадиган ишлар кўп, кўп...
5
Бугун ўтказилган очиқ имтиҳонга келсак. Кенгаш қарорига кўра, 19 нафар даъвогарнинг 15 нафари яна 10 йил муддатга судьялик лавозимига тайинланди. Хайрли бўлсин. Тўрт нафари эса бир ойдан кейин яна омадини синаб кўришлари мумкин.
Шунингдек, кенгаш ваколати доирасида бошқа масалаларни кўриб чиқди. Бунинг натижасида кейинги муддатга тайинланиш учун ариза берган (юқоридаги 19 нафар номзоддан ташқари) 4 нафар судья номзоди нолойиқ деб топилган бўлса, 1 нафар судьянинг ваколатини муддатидан олдин тугатилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter