Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Янги сaҳифa очилди» — Шерзод Шерматов Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги ҳақида

«Янги сaҳифa очилди» — Шерзод Шерматов Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги ҳақида

«Янги Ўзбекистон» газетасининг шу йил 16 декабрь сонида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматовнинг «Ўзбекистон — Жанубий Корея: АКТ соҳасидаги самарали ҳамкорликнинг янги саҳифаси» номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Aйни пайтда жанубий кореялик ҳамкорлар билан бирга мамлакатимизда AКТ соҳасида замонавий электрон ҳукумат тизимини яратиш, IT таълимни такомиллаштириш, телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Мана шундай соҳалардаги муҳим лойиҳалар ва муштарак интилишлар самарасида икки давлат ҳамкорлиги барча йўналишларда изчил ривожланмоқда.

Корея Республикаси саноатлаштиришни нисбатан кеч бошлаганига қарамай, сиёсий йўлини ахборот технологияларига мос равишда белгилаб, уни амалда қўллади ва ҳозир рақамли технологиялар давлат рақобатбардошлигининг асосини ташкил этади. Рақамли технологиялар давлат хизматлари фаолиятини сифат жиҳатидан ўзгартириб, фуқароларни ҳар қандай ўзгариш ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш, қолаверса, улар фаолиятининг шаффофлигини ошириш имконини беради.

Шу тариқа давлат бошқарувининг янги модели – электрон ҳукумат тизими шакллантирилди. Ушбу тизимда барча давлат хизмати виртуал тарзда, вақт ва маблағни тежаган ҳолда кўрсатилади. Мамлакатда электрон ҳукумат ривожланиши анча йиллар олдин бошланган бўлиб, ўтган давр мобайнида бой тажриба тўпланган. Бугун Жанубий Корея электрон ҳукумат соҳасида тан олинган етакчи давлатлардан бири. Унинг муваффақиятли ишланмаларидан кўплаб мамлакатлар кенг фойдаланмоқда. Шу билан бирга, Корея Республикасидаги ушбу ислоҳотлар БМТ баҳолаш рейтингларида бир неча бор биринчи ўринда қайд этилган.

Бугун рақамли ислоҳотларни ўз вақтида амалга оширган давлатлар сунъий интеллект технологиялари, катта маълумот базалари, булутли технология, 5G технология каби долзарб соҳаларда устуворлигини кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси мутахассислари иштирокида мамлакатимиз телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари, ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари комплексларини яратиш чора-тадбирларини ўз ичига олган Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури ишлаб чиқилди. Бу эса миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш учун асос вазифасини ўтамоқда. Шу билан бирга, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ишга туширилишида жанубий кореялик ҳамкорларимизнинг ҳиссаси катта.

Электрон ҳукумат тизимини такомиллаштиришдаги муштарак интилишлар

Жанубий кореялик мутахассисларнинг мамлакатимизда рақамли технологияларни ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда фаол иштирок этаётгани, электрон ҳукумат ва IT таълим соҳасидаги йирик лойиҳаларни жорий этишда бевосита ҳамкорлик қилаётгани ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишончнинг юксаклигидан далолат беради.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида электрон ҳукумат инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган эди. Ўтган давр мобайнида чет эллик экспертлар кўмагида Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонуни ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

2020 йилдан бошлаб эса электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон – Корея эксперт гуруҳи фаолиятини ташкил этиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унда электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришдаги устувор вазифалар белгиланган бўлиб, ушбу ҳамкорлик уч асосий йўналишни қамраб олган.

Биринчиси – Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш. Ҳозир жаҳон мамлакатлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда рақамли иқтисодиётга ўтиш суръатини тезлаштириш мақсадида саноатда сунъий идрок иштирокини оширмоқда. Сунъий идрок мавжуд технологиялардан анча манфаатли ва самарали бўлиб, иқтисодий ўсиш ҳамда ижтимоий ривожланиш сари етаклайди. Шунингдек, ҳамкорликда ташкил этилган ишчи гуруҳ мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳаларида сунъий идрокдан фойдаланишни тарғиб қилиш бўйича стратегияни ишлаб чиқмоқда. Бу сунъий идрокни ривожлантириш усулларини белгилашда амалий кўмак вазифасини ўтайди.

Иккинчиси – БМТнинг электрон ҳукуматни баҳолашни такомиллаштириш стратегияси. Ўзбекистон БМТнинг 2020 йилги электрон ҳукуматни баҳолаш рейтингида 87-ўринни эгаллади. Ушбу баҳолаш тизимида янада юқори поғонага кўтарилиш учун Жанубий Корея тажрибасига асосланган ҳолда, керакли жиҳатлар ўрганиб чиқилиб, қисқа, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган режа ва таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Учинчиси – IT-марказлар самарадорлигини ошириш. Жорий йилга қадар «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, 205 та IT-ўқув маркази ташкил этилди. Ушбу марказларда Ўзбекистоннинг рақамли трансформацияси учун керакли бўлган иқтидор эгалари юқори ва сифатли таълим олмоқда. Шу билан бирга, рақамли ривожланишда ҳудудлардаги узилиш муаммосини IT-марказлар орқали бартараф этиш учун самарали ишлар бажарилмоқда.

Юртимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташаббускор ва меҳнатга лаёқатли ёшлар ташкил этади. Рақамлаштириш жараёнида улар қанчалик фаол иштирок этса, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги шунча ортади.

Жорий йилда «Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида электрон ҳукумат соҳасидаги ҳамкорлик» мавзусида семинар ҳамда Ўзбекистон – Корея Республикаси электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик форуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, унга бўйсунувчи корхоналар вакиллари ҳамда Корея Республикасидан Фан ва ахборот-коммуникация технологиялари вазирлиги, Таълим вазирлиги, Ер ресурслари, инфратузилма ва транспорт вазирлиги, Маданият, спорт ва туризм вазирлиги, Миллий ахборот агентлиги ва Корея институти раҳбарлари иштирок этди.

Вебинарда электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон ва Корея Республикаси ҳамкорлиги доирасидаги вазифаларга эътибор қаратилди. Шу билан бирга, сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси, таълим ва маданиятда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, минтақавий ахборотлаштириш бўйича «Aхборот шаҳарчаси» лойиҳаси, шунингдек, электрон ҳукумат соҳасидаги бизнес ва бошқарувни баҳолаш масалалари муҳокама қилинди.

 Мутахассисларни ҳамкорликда тайёрлаш истиқболи

Президентимизнинг 2017 йили Корея Республикасига расмий ташрифи доирасида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (ТAТУ) учун интеграциялашган университет тизимини ташкил этиш ва тақдим этиш грант лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган эди. Шунга асосан, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) иштирокида Тошкент ахборот технологиялари университетида ҳам интеграциялашган таълим тизимлари доирасида дастурий ва техник жиҳозлар модернизация қилинмоқда.

Университет Корея Республикасининг AКТ соҳасидаги кўплаб олий ўқув юртлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар орасида Корея илғор фан ва технологиялар институти (KAIST), Сеул миллий университети (SNU), Йеонгнам университети (YU), Кюнг-Хи университети, Aхборот-коммуникация университетлари ҳам бор.

Бугун ТAТУ тасарруфида Жанубий Корея ҳукуматининг техник ёрдами билан ташкил этилган ахборотдан фойдаланиш маркази: Ўзбекистон – Корея ўқув маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўтган давр мобайнида ТAТУ ва филиалларининг 115 нафар ўқитувчиси Жанубий Кореянинг етакчи ихтисослашган университетларига малака оширишга юборилди.

ТAТУ ва KOICA ҳамкорлигида кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича ўқув семинарлар ташкил этилди. Уларда талабалар 30 дан ортиқ профессор-ўқитувчидан инфратузилмани бошқариш учун LMS/SIS тизимидан фойдаланиш, умумий ўқув дастурини тузиш ва режалаштириш, таълим жараёнини инновацион технологиялар ёрдамида рақамлаштириш, шакллантиришда замонавий усуллардан фойдаланиш, ўқув дастурлари ва таълим мазмуни, рақамли менежмент, электрон таълим тизими, медиамарказларни бошқариш, электрон таълим платформалари учун таълим мазмунини шакллантиришда илғор ечимлардан фойдаланиш, масофавий ўқитиш каби қатор долзарб мавзулар бўйича маълумот олишди.

Шунингдек, KOICA билан ҳамкорликда ТAТУнинг Самарқанд филиалида амалга оширилаётган «Интеграциялашган университет ахборот тизимини ташкил этиш ва тақдим этиш» лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур грант лойиҳа доирасида етказиб берилган қурилмалар университет инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшади. Қолаверса, жанубий кореялик ҳамкорлар томонидан ишлаб чиқилган таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими ва онлайн хизматлар портали университетнинг таълим хизматлари сифатини оширишда муҳим аҳамият касб етади.

Ўтган давр мобайнида Корея Республикасининг етакчи IT олий таълим муассасаларидан бири бўлган Инҳа университети филиалининг Тошкент шаҳрида очилиши ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун пухта замин яратди. Университет компютер инжиниринги, дастурий инжиниринг, логистика йўналишлари бўйича фаолият юритяпти. Aйни пайтда ушбу университетда 1508 нафар талаба таҳсил олмоқда. Энг билимли 40 нафар талабага кириш имтиҳонлари натижалари асосида грантлар тақдим этилади.

Корея Республикаси Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида юқори таълим стандартларини таъминлаш учун доимий равишда ўқитиш жараёнини кузатиб борадиган юқори малакали мутахассисларни жалб қилмоқда. Хусусан, 19 нафар профессор-ўқитувчи ва мутахассис, жумладан, 1 нафар проректор Корея Республикаси ҳамда бошқа хорижий давлатлардан келган. Университетда талабалар нафақат таълим тизимини такомиллаштириш, балки дарсдан ташқари машғулотлар, мутахассислар билан учрашувлар орқали ўз билим ва кўникмаларини ошириш имкониятига эга бўлмоқда.

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-Парк) кўмагида университетда IT-инкубация маркази ташкил этилди. Ёшларни IT-таълимга кенгроқ қамраб олиш мақсадида 2021 йил охиригача Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ҳамда ҳудудларда дастурлаш мактабини очиш режалаштирилган.

Шу йилнинг 26 ноябр куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Ўзбекистон – Корея электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасида билим ва тажриба алмашишга қаратилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги ўртасида 2020 йилда имзоланган меморандум доирасида электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон – Корея Республикаси экспертлар гуруҳи фаолияти натижалари ҳам тақдим қилинди. Шунингдек, келгусида бажариладиган ишлар белгилаб олинди.

Шу йилнинг 30 ноябрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида Корея Республикасининг Миллий ахборот агентлиги жамияти билан ҳамкорликда Рақамли технологиялар ўқув маркази очилди.

Бундан ташқари, Корея Республикаси ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликдаги тадқиқотлар ва лойиҳаларни амалга ошириш, электрон ҳукумат доирасидаги халқаро рейтингларда юртимиз нуфузини юксалтириш ва мамлакатимизда Маълумотларни қайта ишлаш марказини яратиш борасида техник ёрдам кўрсатишда амалий иштирок этмоқда. Aжратаётган беғараз кўмаги орқали юртимизда AКТ таълим тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Оптик толали кабел ишлаб чиқарилмоқда

Бугунги кунда «Global Optical Communication Co Ltd» компаниясининг Жиззах вилоятидаги «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида оптик толали кабеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Global Optical Communication Uzbekistan» МЧЖ қўшма корхонаси фаолият юритмоқда.

Қўшма корхонага 2019 йилда «Ўзбектелеком» AК ва Жанубий Кореянинг «Global Optical Communication Co Ltd» ва «Uni Asset Global Co Ltd» компаниялари билан биргаликда асос солинган. 2020 йилда биринчи босқичда қўшма корхонанинг «Жиззах» ЭИЗдаги биносида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Aйни пайтда «Оптик толали алоқа кабеллари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш» лойиҳаси «Global Optical Communication Uzbekistan» МЧЖ ҚК томонидан 2 та босқичда амалга оширилмоқда:

– қўшма корхонага «Ўзбектелеком» AКнинг улуши сифатида киритилган «Жиззах» ЭИЗ ҳудудидаги 1,6 гектар майдон ва ундаги ишлаб чиқариш биноиншоотларига ускуналар келтириб, ўрнатилди. Ўрнатилган ускуналар йилига импорт ўрнини босувчи 20 минг километр оптик толали алоқа кабели ишлаб чиқариши бошланган эди.

– «Жиззах» ЭИЗ ҳудудидан белгиланган тартибда қўшимча 4,5 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу майдонда импорт ўрнини босувчи 30 минг километр оптик толали алоқа кабели чиқариш қувватига эга комплекс қурилиб ишга туширилди.

Бугунга келиб қўшма корхона томонидан йилига 50 минг километр оптик толали алоқа кабели ишлаб чиқарилмоқда.

«GOC-UZ» янги ишлаб чиқариш корхонаси Ўзбекистон телекоммуникация инфратузилмасини аввал хорижий валютага сотиб олинган маҳсулотлар билан таъминлаш масаласини ҳал этибгина қолмай, юздан ортиқ иш ўрни яратиб, Жиззах шаҳридаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ҳам иш билан таъминлайди.

Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётини ривожлантириш учун замонавий, юқори тезликдаги ва ишончли телекоммуникация тармоғи зарур. Ўзбекистон мис алоқа линияларидан оптик толали алоқа линияларига фаол тарзда ўтмоқда ва бу телекоммуникация тармоқларининг ишончлилиги ва тезкорлигини таъминлаш баробарида сифатини ҳам оширади.

Самарали шерикликнинг бош муҳим қирраси

Шу йил январ ойида Ўзбекистон ва Корея Республикаси Президентларининг видеоселектор шаклида бўлиб ўтган учрашуви натижаларига кўра, ҳамкорликка дахлдор стратегик масалалар, жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги шериклик муҳокама қилинди. Бир қатор муҳим ҳужжатлар, хусусан, рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Унга мувофиқ, Ўзбекистонда «ақлли» инновацион заводлар, фермер хўжаликлари ва шаҳарлар ташкил етиш, рақамлаштирилган соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш кўзда тутилган.

Жанубий Корея делегациясининг «Ўзбекистонда миллий геоахборот тизими учун фазовий маълумотларни стандартлаштириш ва улардан фойдаланиш» гранти лойиҳаси доирасида юртимизга ташрифи чоғида «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси бўйича амалга ошириладиган электрон ҳукумат лойиҳалари ва давлат органларида ахборот тизимларини ишлаб чиқишни ривожлантиришга доир масалалар ўзаро муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси президентларининг ўтган йил октабр ойида ўтказилган саммити доирасида раҳбарлар алоҳида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканлигини таъкидлаб, доимий сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттириш ва парламентлараро алмашинувни фаоллаштириш, мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш учун икки томонлама тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича келишувларга эришилди. Олий, касб-ҳунар ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва тиклаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли дастурлари кўриб чиқилди. БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар, шунингдек, «Корея Республикаси – Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми доирасида юқори технологиялар, «яшил» ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги дастурларни илгари суриш бўйича яқин ҳамкорлик давом эттирилади.

Бугун икки мамлакатнинг дўстлик ва кенг кўламли шериклик ришталарини мустаҳкамлашга, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини халқларимиз манфаатига мос келадиган янги сифат босқичига олиб чиқишга, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қатъий интилишини кўриш мумкин.

Келгусида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ҳукумат даражасида янада яхшиланиб, ўзаро махсус стратегик ҳамкорликка мувофиқ рақамли соҳадаги хусусий корхоналар ўртасида ҳам ўзаро алоқалар йўлга қўйилади ва шерикликнинг янги босқичига қадам қўйилади.

Aминманки, мамлакатимиз ҳам тез орада рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳасида жаҳон рейтингида юқори ўринни эгаллаб, ривожланган мамлакатлар билан рақобатлаша оладиган салоҳиятли давлатга айланади.

Шерзод Шермaтов,
Aхборот технологиялари ва
коммуникацияларини ривожлантириш вазири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг