Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги лойиҳа. Мени ўзгартирган китоб: «Икки эшик ораси»

Янги лойиҳа. Мени ўзгартирган китоб: «Икки эшик ораси»

Хаbаr.uz янги лойиҳани бошлади – «Мени ўзгартирган китоб». Бу лойиҳада истаган китобсевар китобхон қатнашиши мумкин. Китобхондан кутадиганимиз атиги учта саволга жавоб, биздан эса совғага китоб. Лойиҳанинг илк меҳмони андижонлик Машҳура Исақова. Уч фарзанднинг онаси – уй бекаси. 2022 йил «Кўнгил ошёни» ҳикоя ва шеърлар жамланган китоби чоп этилган.

 

«Қалбимдаги кутубхона»

Қайси ёзувчини яхши кўрасиз демоқчимисиз?

Ўткир Ҳошимовни!

Нега?

«Икки эшик ораси»дек ўлмас асарни ёзгани учун. Йигирма икки маротаба ўқиганман. Йигирма икки маротаба Музаффарга, Раънога, Мунавварга, Шомуродга, қора аммага, Ҳусан думага, Ориф оқсоқолга қўшилиб йиғлаганман. Яна адибнинг «Қуёш тарозуси», «Дунёнинг ишлари», «Нур борки, соя бор», «Икки карра икки беш», «Тушда кечган умрлар»ини ўқиганман.

Ўткир Ҳошимовни излаб борганман Тошкентга. Учрашганимда содда, самимий ва ҳақиқий ўзбек адиби мени вокзалгача кузатиб қўйганди раҳматли...

Худойберди Тўхтабоевнинг асарлари болаликдаги ҳамроҳим, ёстиғим тагидаги китобим.

Абдулла Қодирий тушларимга киради… Кумушни ўлдириб қўйиб йиғлаган адиб ўзини отувга олиб кетишаётганида устидаги пахтали чопонини бошқа асирларга ечиб берган...

«Сиз нимага қамалдингиз, ота?»

«Мен мешга минғон, дарёнинг у томонига  сузғон. Тўйдан қайтсам, мени қамағон. Мен душмон айғоқчиси эконмен...»

Мешга миниб, дарёнинг у томонига – синглисиникига тўйга борган содда чол Афғонистонга ўтиб келганини билмайди.

Ёнидаги ҳамхонаси дунё таниган ўзбек романнависи Қодирий эканлигини ҳам билмайди...

Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар»и, «Авлодлар довони», Габриэл Гарсиа Маркеснинг «Ёлғизликнинг 100 йили», Артур Конан Дойлнинг «Шерлок Холмс»и, Ака-ука Гримм эртаклари, Ганс Христиан Андерсен эртаклари… Булар мен учун бутун бир дунё эди.

«Ая, Шукруллонинг янги китоби чиқибди, тополмаяпман…», дейман аямга.

«Кафансиз кўмилганлар»ни бобом менга олиб келди. Йиғлаб ўқидим.

Бобом айтади: «Камроқ ўқигин, болам, очки тақадиган бўлиб қолмагин». Кейинчалик Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» асари чиқди, 4 томлик. Анчагина қиммат экан. Олдим барибир. Видеофильм ҳам ишланди... Лекин менга китоби яқинроқ. Чунки фильмда негадир Асадбекнинг ўғиллари ҳақида айтилмаган. Уларнинг чет эллик ўзбек оиласи қизларига уйланиши, Хонгрейнинг хоинларча Асадбекнинг ўғлини вирус билан заҳарлаши...

Асадбек – бир танада икки одам...

Тоҳир Малик буюк ёзувчи...

Насрда, ҳикоянависликда Абдулла Қаҳҳордан ўтадигани йўқ... Саид Аҳмадниям яхши кўраман – «Уфқ» романи учун. Ўлмас Умарбековнинг «Одам бўлиш қийин», «Фотима ва Зуҳра», Мирмуҳсиннинг «Умид» романи, Наби Жалолиддининг «Ўлимнинг ранги» Афғонистон хотиралари ҳақидаги китобларниям ўқиганман.

Муҳаммад Юсуфни 1983 йили тасодифан поездда учратганман.

Китоб менга қалам тутқазди

1999 йил. «Валади зино», «Эр юзига оёқ қўйманг», «Вақтнинг даво деганлари ёлғон экан», «Оқибатли қўшнилар» номли ҳикояларим республика, вилоят матбуотида ёритила бошлади.

«Оҳ, бу кўнгил» номли эссе ёзганимда ҳатто ҳокимиятга чақиришиб, «оилали аёлга ярашмайди, бу кўнгил кечинмалари», дейишганди...

«Мен нимадир ёзсам, албатта, ўзимни ёзган бўлмайман-ку, кимнидир ҳаётини ёзсам, одамлар ўқиса, ўзига яраша хулоса чиқариб олсалар, нимаси ёмон?»

«Ҳа, майли, бошқачароқ ёзинг, жуда юракдан чиқмасин...»

Кутубхоначи, мен  ва китоб

Мен яна китоб магазинига йўл олдим.

Туманимизда ўзи битта китоб дўкони бор эди. У ерда Ўзбекистоннинг менман деган тақризчиси, журналисти, китобхони билан беллаша оладиган, ўзбек, форс тилидаги ғазалларни ифодали ўқийдиган, кирганки одамга қизиқишига қараб тўртликлар, рубоий, ғазаллар ўқиб, лол қила оладиган Акром ака ишлар эди.

Агар бошқа олий маълумотли ўқитувчини олиб келсангиз ҳам, Акром акадай мижоз билан тил топишиб, китоб дунёсига олиб киролмас, англатолмас эди. Бошқа магазин мудирлари Акром ака икки йилда бир таътилга чиққанида ўрнига ишлаб беришолмасди.

Чунки кирганки одам Акром акани сўрарди. Акром аканинг ўзидай зукко, китобсевар аёли бор эди, Мунаввар опа. Акром аканинг йўқлигида Мунаввар опа ишларди. Китоб магазинига кирсам, секингина яқинлашиб,  бу сафар кимни ўқиймиз, қизим, дерди.

«Ўткир Ҳошимовни ўқиймизми?»

«Дунёнинг ишлари», «Нур борки, соя бор», «Қуёш тарозиси», «Икки эшик ораси»–ҳаммасини ўқиб бўлдим.»

«Умар закунчининг қизининг исми нима эди? Насиба эди,» – айёрона кулиб қўяди Акром ака. – «Бу сафар сизга Неъмат Аминовнинг «Бир аср ҳикояти ёки Темирчидан қолган тиллолар» китобини бераман, қизим.»

Акром ака ичкаридан кичкинагина, брошюрага ўхшаган китобча олиб чиқиб қўлимга берди.

«Вой, буни мен автобусда уйимга етгунимча ўқиб бўламан, Акром ака, бошқа китоб ҳам беринг.»

«Бўпти, Артур Конан Дойлнинг «Шерлок Холмс»и такрор нашрдан чиқди.» «Ўқиганман-ку.»

«Такрор ўқиб келинг, кейин «Фотима ва Зуҳра»ни буюртма қилдим, келиб қолади, ўшани ўқийсиз.»

«Шарқ юлдузи»да босилаяпти, ўқиганман...»

Неъмат Аминовнинг асарларини ўқиган бўлсам ҳам ҳеч эслолмадим ўша куни. Уйга келгач, китобни варақлай бошладим...

Даҳшат... Наҳотки, наҳот шунчалар одамзод ўз қавмини, ўз миллатини қирилиб кетишига сабаб бўлган бўлса? Туҳматчининг аянчли ўлими, ўлими олдидаги талваса саҳнаси шундай моҳирлик билан ёзилганки. Йиғлаб, кўзларим қизариб кетди...

Онам, мен ва китоб

Хонамга кириб  келган онаизорим:

«Машҳура, тур болам, хамирим тоғорадан чиқиб чақираяпти, тандирга олов ёққин, ёпиб олайлик.»

«Ая, зўр китоб ўқидим...»

«Бўпти, тандир бошида гапириб берасан.»

«Ҳо-о-о, кейин ишхонангизга олиб кетиб қоласиз, кимгадир бериб юборасиз, тополмай юраман китобимни.»

«Бўпти, туманга ўтай, Акромжон акага тайинлаб келаман, сенга китобни ўқиб қайтариб берадиган қилиб. Топган пулингга китоб, газета, журнал оласан, сен тенгилар сарпосини тўлдирди, сеники икки шкаф китоб.»

«Ая, индаманг, арзон-ку, 17 сўмга бир дунё китоб беради. Почтальон ҳам ҳар куни бизга хат билан газета ташлагани келади бечора. Ўша почтачига ҳам ялпиз чой дамлаб, патиру асал билан сийлайсиз-ку, биламан.»

«Ҳа, бўпти, орқамда турма, ноним тушиб кетади, маҳмадона.»

Барибир онамнинг ширмой патир ёпишини томоша қилиш завқли эди.

Кейинги ўқиган китобим «Тушда кечган умрлар» асари эди. Наби Жалолиддиннинг «Ўлимнинг ранги» асари ҳам шу Афғонистон ҳақида эди...

Шерлок Холмс билан бирга жиноятчиларни қидирардим, доктор Ватсон ўрнида қайсидир синфдошимни қўйиб кўраман ўзимча.

Қизил бўйинбоғлилар, Холмснинг топқирлиги, унга неча марта суиқасд уюштиришлари, моҳирона скрипкачилигию, ашаддий кашандалиги, бир умр ижарада яшаганию, у туфайли дўсти ўз муҳаббатини топиши. Зўр асар.

«Ая, Саид Аҳмад нимага Толибжонни ўлдириб қўйди? Жайрона энди бахтини топганди ахир.»

«Анави учига чиққан фирибгар экан Мирвали, Эрали чавандознинг жинни бўлиб қолишига ўша айбдор.»

«Эрали чавандозни оти урушдан эгасини излаб келади, ая, чавандоз эгнидаги чопонини ечиб, йиртиб, отнинг туёқларини боғлаганида йиғладим,

Бодомгул каби содда аёллар ўлиб кетганида йиғладим.»

«Ёзувчини иши ёзиш, болам. Йиғлама, китобнинг мақсади ўша ёмон кўриб қолган одамларингнинг иши хатолигини англаш, аслида шуни етказиб бериш. Демак, яхши китоб. Сен анави мен айтган китобни топдингми? Архитектор қиз ҳақидаги»

«Ҳа, «Одам бўлиш қийин»ни айтаяпсиз, топдим. Акром ака қайта буюртма асосида олдириб бераркан. Ая, Ҳамроқулов домлани ажойиб китоби чиқибди эмиш. Ҳамроқулов домлага Ҳабибий унвони берилибди.»

«Ҳамроқулов домла яхши тилчи, адабиётни, назарияни зўр билади. Домлада баён кучли, сатрларида дард йўқ, сен анави ўзимиздан чиққан Матлуба Юсупованинг ҳикояларини ўқигин, мазмун бор, моҳиятини кенг кўламли десамми, оддийгина тилда дард бор, ўйлантиради одамни.»

«Н. Ўринбоев ҳам яхши ёзади шеърлари қўшиқ бўпти, ая.»

«У одам кўп ичади... Ундан кўра, фотоаппаратини чиқиллатиб юрадиган Тўхтасин Қурбонов дуруст.»

Аям тилга олган Тўхтасин Қурбонов «Олтин қалам» соҳиби бўлди.

Ўринбоев эса ишдан четлатилди...

Ҳамроқулов домла билан Андижонга борганимда кўришаман. Онам айтганидай билими кучли устоз, асосийси тинглашни билади, ўргатади...

Яна ҳафтада бир чиқадиган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасини кутардим. Зўр нарсалар ёритилар эди-да.

Ҳеч қандай реклама, олди-қочди гаплар йўқ эди у пайтлар.

«Ёш куч» муҳаррири Хуршид Дўстмуҳаммедовдан, «Саодат» журнали муҳаррири Қутлибека Раҳимбоевадан мактуб олганимда қийқириб, қувониб юрганларим эсимда. Марғилон телевидениесида Соҳибжон Бозоров деган журналист ишларди, менинг ҳикояларимни ўқиб берганди кўрсатувида. Бутун ҳамқишлоқларимиз суюнчилаганди, кўрмадим, ишда эдим мен.

Кечагина  Шукруллонинг «Кафансиз кўмилганлар» асарини сотиб олдим яна.

Тоҳир Маликнинг «Шайтанат»ини ҳам. Видеофильмини кўргим йўқ.

Чунки китобдан воқеалар анча ўзгартирилган. Ҳосилбойваччанинг ўлдирилиши ўша эски, чордеворли ота ҳовлиси, видеофильмида эса ҳашамдор бойваччани уйида отиб юборади...

Йиғлайсиз.

Чувриндининг, пакананинг Маҳмудни ўлдиртириши... Тоҳир Малик буюк адиб.

Ҳозир қандай китоб ўқияпсиз деб сўрамоқчимисиз?

«Дунёнинг ишлари»ни ўқияпман яна қайтадан.

Оёқлари совуқ уриб кетган Пошша холага гилам пайпоқ олиб келган ўғлини алқашлари, расмга тушайлик, болам, деса, адибнинг шошгани...

Ўткир Ҳошимовни яхши кўраман. Латофат билан бормоқчи эдик, кеч қолдик, адибнинг аёли Ўлмасхон ая ҳам оламдан ўтди... Ўткир Ҳошимовнинг уй музейини ташкил қилиш керак.

Яна ўша «Икки эшик ораси»ни ўқияпман.

Кимсанни, Ориф оқсоқол, Ҳусан дума, қора амма, Башорат, почча, Мунаввар, Музаффар, Раъно, Робия, Шомурод...

Ҳатто Умар закунчига ҳам раҳмим келади баъзан...

Сиз қайси китобни ўқияпсиз қадрдон?..

                                                                                                              Машҳура Исақова

Таҳририятдан: Мақола таҳрирсиз босилди. Оддийгина уй бекаси керак бўлса баъзи зиёли инсонлардан ҳам кўра китоб ҳақида шундай чиройли мақола ёзишига сабаб муаллифнинг китобхонлиги эмасми? Китобнинг кучи, адабиётнинг кучи аслида мана шунда...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг