Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

XXI аср эпидемиялари: инсоният ўлим вирусларини қандай енгган?

XXI аср эпидемиялари: инсоният ўлим вирусларини қандай енгган?

Фото: ФАН

Ҳозир бутун дунёнинг диққати Хитойга қаратилган: янги пайдо бўлган коронавирус «ўлим юриши»ни амалга ошириб, бу улкан мамлакат ҳудудидан-да чиқиб, Гонконг, Макао, Тайвань, Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Малайзия, Франция, Сингапур, Австралия ва Непалгача етиб борди. Давоси топилмаётган ажал уруғи глобал хавфга айланиб улгурди.

Шунга қарамасдан, Хитойда уйғонган янги коронавирус сўнгги 20 йилда инсоният тўқнаш келган хавфли касалликларнинг биттаси, холос. XXI аср эпидемиялари қандай касалликлар эди ва уларни инсоният қандай енгган — шуларни эсга оламиз.

Атипик пневмония

Фото: ТАСС

Атипик пневмония (Severe Acute Respiratory Syndrome, SARS) биринчи бўлиб 2002 йилда Хитой жануби-ғарбидаги Гуандун провинциясида тарқаган. Кейин Хитойнинг бошқа вилоятларида, Вьетнам, Янги Зеландия, Индонезия, Таиланд ва Филиппинга ўтиб кетган. Худди шу касалликка чалиниш ҳолатлари Шимолий Америка, Европа ва Россияда ҳам қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоб-китобларига кўра, эпидемия тарқаган 2002-2003 йилларда 37 мамлакатда жами 8 437 кишига бу касаллик юқиб, шулардан 813 нафари оламдан ўтган.

ЖССТ 2003 йилнинг июлида атипик пневмония (SARS) дунё бўйлаб тугатилганини расман эълон қилди. Шунинг давомида қўшимча қилиндики, атипик пневмония эпидемиясининг тугатилиши унинг устидан тўлиқ ғалаба қозонилганини англатмайди. Шу боисдан ташкилот эпидемия тарқаган мамлакатлардан ҳушёрликни йўқотмасликни сўради.

Шундан кейин ҳам айрим мамлакатларда ўқтин-ўқтин бу касалликка чалинганлар учраб турди, аммо касаллик эпидемияга айланмади. Бу касалликка қарши самарали вакцина ҳануз яратилмаган, АҚШ, Канада, Хитой, Россия ва бошқа мамлакатлар олимлари изланишдан тўхташгани йўқ.

Чўчқа гриппи

Фото: «MedPortal.ru»

Инсоният асрнинг навбатдаги эпидемияси билан 2009 йил бошида юзма-юз келди. Мехикода чўчқа гриппини келтириб чиқарувчи (ҳайвонлардан одамларга ва одамдан одамга ўтувчи) H1N1 янги вируси пайдо бўлганди. Шундан сўнг касаллик Мексика бўйлаб тарқаб, АҚШга ўтиб кетди. Бир неча ойдан кейин Испанияда ҳам бу вирус топилди, кейин эса H1N1 етиб бормаган деярли биттаям Европа мамлакати қолмади. Ўша йилнинг июнида ЖССТ мутахассислари охирги 41 йилда илк маротаба гриппнинг янги вируси пандемияси (эпидемиянинг жуда кенг тарқалиши) бошланганини эълон қилишди.

Чўчқа гриппи вируснинг бошқа штаммларидан кўра камроқ ўлим хавфини келтириб чиқарарди.

Гарвард жамоат саломатлиги мактаби маълумотларига кўра, чўчқа гриппига чалиниш ҳолатларининг 0,007 фоизида ўлим қайд этилган, ҳатто айрим мавсумий грипп турлари ҳам бундан кўра кўпроқ ўлимга сабаб бўлади.

Шу боисдан ҳам 2010 йилнинг июнида Европа кенгашининг Парламент ассамблеяси 2009 йили H1N1 гриппи пандемиясини эълон қилган ЖССТ фаолиятини танқид қилувчи ҳисоботни тасдиқлади. Ҳисоботда ЖССТ билан бирга Европа мамлакатлари ҳукуматлари, ЕИ муассасалари аҳолини беҳуда қўрқувга солиб, давлат маблағларини ўринсиз сарфлаб юборишда айбланди. Эпидемия масштаблари унча катта бўлмагани учун сотиб олинган катта-катта вакцина партиялари фойдаланмай қолиб кетган.

Айрим экспертларнинг назарида чўчқа гриппи — ўйлаб топилган касаллик, вакциналар ва вирусга қарши дори-дармон ишлаб чиқарувчи айрим фармацевтика компанияларининг бойлик топиш учун ишлатган найранги.

Парранда гриппи

Фото: «ASIA-Plus»

Яна Осиёга қайтамиз. 2013 йилнинг февралида Жанубий ва Шарқий Осиёда парранда гриппи тарқади. H5N1 ҳамда H7N9 вируслари уйғотувчи бу касаллик қўлда боқиладиган паррандалардан одамга юқарди. Вирус эпидемияга айланиб кетмаслиги учун кўриладиган ягона чора — касаллик аниқланган жойдаги паррандаларни битта қолмай йўқотиш бўлиб қолмоқда.

Тиббиёт мутахассисларига бу касаллик бегона эмас эди, чунки 2003 йили илк марта Осиёда айнан шу «парранда вируси» аниқланганди. Аммо ўшанда атиги 100 кишида касаллик топилган, 140 млн.та парранда йўқ қилинганди. Умуман олганда, ЖССТ маълумотларига кўра, 2003 йилдан 2013 йилнинг декабрига қадар H5N1 вируси билан 15 мамлакатда 649 киши касалланиб, 384 нафари дунёдан кўз юмган. Парранда гриппида пневмониянинг ривожланиб кетиши, буйраклар, жигар ва қон ҳосил қилувчи органлар фаолиятининг жиддий бузилиши ўлимга олиб келган.

Касалликка қарши курашиш учун қатор вакциналар ишлаб чиқилгани учун ундан ўлим ҳолатлари анча камайди. Бироқ яна бир бор таъкидлаб ўтамиз, парранда гриппи ҳам, чўчқа гриппи ҳам батамом йўқ қилинмаган. Чунки бу вируслар ўта тез мутацияланиш хусусиятига эга. Ҳар йили одамлар келгуси йилда пайдо бўлиши кутилаётган штаммларга қарши эмаланади. Янаги йили худди шу вирус бутунлай ўзгача шакл-шамойилда бўй кўрсатади, яна эмлаш керак...

Полиомиелит

Фото: «Хайтек»

2014 йили дунё бўйлаб полиомиелит билан касалланганлар сони кўпайиб кетди. Ўткир шол касаллиги — полиомиелит айниқса болалар учун ўта хавфли бўлиб, бир умрга мажруҳ қилиб қўйиши мумкин. Қадимий бу касаллик устидан замонавий тиббиёт узил-кесил ғалаба қозона олганича йўқ. Шунга қарамасдан, ўтган аср 50-йилларида ихтиро қилинган вакциналар касалликнинг олдини олишда жуда яхши самара беряпти.

ЖССТ маълумотларига кўра, 1988 йилдан бери полиомиелит билан касалланиш ҳолатлари озайиши 99 фоиздан ошган: 1988 йилда — 125 дан зиёд мамлакатда 350 мингдан ортиқ бемор; 2013 йилда — бир неча мамлакатда 406 нафар бемор аниқланган.

Полиомиелитнинг эндемик ҳолати Нигерия, Покистон ва Афғонистонда сақланиб қолмоқда, Сурияда 2013-2014 йилларда 17 та, Камерунда 7 ҳолатда, Экваториал Гвинеяда 5 ҳолатда полиомиелит касаллиги аниқланган.

Эбола вируси

Фото: «ASIA-Plus»

ЖССТ Эбола безгагини 2014 йил августида глобал хавф уйғотади, деб топди. Бу ўткир вирусли касаллик бўлиб инсон ва айрим ҳайвон турларида учрайди. Касалликка у топилган жой яқинидан оқиб ўтувчи Эбола дарёси (Конго Демократик Республикаси) номи берилган. Бу касалликнинг ўлим коэффициенти — 90 фоиз!

Ушбу касаллик бир неча йилда бир марта Марказий Африка мамлакатларида қўзғалиб туради. Асосан Конго ва Угандада. Аммо Эбола безгагининг энг йирик эпидемияси 2014 йилнинг февралида Ғарбий Африкада (Гвинея, Сьерра-Леоне ва Либерия) тарқаб, то 2015 йилнинг декабригача давом этган ва 11 минг кишининг ёстиғини қуритганди. Ўшанда 27 мингдан ортиқ инсон безгакка чалингани тахмин қилинади. Европада биринчи марта Эбола безгагига чалиниш оқибатида Либериядан Испанияга олиб келинган руҳоний Мигель Пахарес вафот этган. Кейинчалик Эбола вируси Пахаресни текширган тиббий комиссия таркибида ишлаган ҳамшира Тереза Ромерода аниқланган. Ромеро — Ғарбий Африкага келмасдан туриб Эбола билан касалланган биринчи инсон.

Эбола вируси 2018 йилнинг августида Конго ДР бўйлаб авж олиб, 2019 йилда ҳам давом этди. 2019 йилнинг декабрига келиб касалланганлар сони 3 303 нафарни ташкил этиб, 2 199 ҳолатда ўлим билан тугаган.

ЖССТ 2019 йилнинг июлида бу мамлакатдаги вазиятни «фавқулодда вазият» деб баҳолади ва вирусга қарши самарали вакциналар мавжуд эмаслиги боис касаллик бошқа мамлакатларга тарқаб кетиши мумкинлигидан жаҳон ҳамжамиятини огоҳлантирди.

Конголез эпидемияси чоғи врачлар иккита янги дорини клиник синовдан ўтказишди. 2019 йилнинг 12 август куни АҚШ Соғлиқни сақлаш миллий институти бу дорилар синовдан муваффақиятли этганини маълум қилди. Эбола безгагини даволашда қўлланган дорилар ўлим хавфини 50 фоиздан 27 фоизгача (REGN-EB3) ва 34 фоизгача (mAb114) пасайтирди, касалликнинг бошланишида қўлланганида эса беморларнинг яшаб қолиш имконияти 90 фоизга етди.


P.S.: Бизда мавжуд сўнгги маълумотларга кўра, Хитой коронавирусидан ўлганлар сони 81 кишига етган, касаллик аниқланганлар сони эса 3 минг нафардан ошган. Инсоният гарчи юқорида номлари саналган касалликларга узил-кесил чора топмаган бўлса-да, хавфни чекинишга мажбур қила олганди. Бу сафар нима бўларкин? Бедаво (ҳозирча) касаллик ўчоғи 11 млн. кишилик Ухань шаҳри ва 1,386 миллиард аҳолига эга Хитойлиги ва вазият бу мамлакат (ўтмишидан фарқли ўлароқ) дунёнинг нариги чеккасига саноқли соатларда етиш мумкин бўлган бугунги кунда «жуда очиқлиги» нуқтаи назаридан баҳоланадиган бўлса, бошқаларни ҳам олдинда жиддий синов кутяпти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг