Хитойда жиддий сиёсий ўзгариш. Ғарб матбуоти ҳодисани тарихни қайта ёзишга қиёсламоқда
Пекинда Хитой коммунистик партияси Марказий қўмитасининг олтинчи пленуми якунланди. Мажлисда Хитой раҳбар Си Цзиньпин ташаббуси билан коммунистик партиянинг асосий ютуқлари ва тарихий тажрибаси хусусида ҳужжат қабул қилинди. Эътиборга молик жиҳати, замонавий Хитой тарихида мамлакат учун дастуриламал саналган бундай ҳужжат бор-йўғи икки марта – Мао Цзэдун (1945) ҳамда Дэн Сяопин (1981) даврида қабул қилинган.
Ҳужжатнинг тўлиқ матни ҳали эълон қилинганича йўқ, аммо пленум якунлари бўйича расмий матбуотда чоп этилган коммюникеда Си Цзиньпин раҳбарлигидаги Хитой коммунистик партияси теграсида жипслашиш, ўртоқ Сининг хитойча социализмга етакловчи ғояларини ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш лозимлиги қайд этилган.
Коммюникеда, шунингдек, Хитой сўнгги йилларда эришган барча ютуқлар ўртоқ Си номи билан боғлиқ экани, етакчининг миллатнинг буюк уйғонишига қўшган ҳиссаси улкан экани таъкидланган.
CNN нашрининг ёзишича, Коммунистик партия пленумида жиддий сиёсий ҳужжат қабул қилиш билан Хитойнинг амалдаги раҳбари Си Цзиньпин ўзини мамлакат яқин тарихидаги икки улуғ йўлбошчи – Мао Цзэдун ва Дэн Сяопин билан бир сафга қўймоқда.
«Ислоҳотлар отаси» Дэн Сяопин давридан бери Хитой жамоавий тарзда идора этилмоқда. Давлат раҳбарлари ҳам одатда кўпи билан икки ваколат муддат давомида (10 йил) мамлакатни бошқариб, сўнг ихтиёрий равишда ўз ўрнини ворисига топшираётган эди. Кузатувчиларга кўра, Си Цзиньпин ушбу анъанага чек қўйиб, иккинчи ваколат муддати тугаганидан кейин (2022 йил) ҳам ҳокимиятда қолишни кўзламоқда.
Гап шундаки, 2013 йилдан бери Хитойни бошқариб келаётган Си Цзиньпин 2018 йили мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритиш ва давлат раҳбари икки муддатдан ортиқ лавозимда қолишига доир чекловни бекор қилишга муваффақ бўлди.
Ғарб матбуоти Си Цзиньпиннинг сўнгги дадил сиёсий қадамларини тарихни қайта ёзиш деб баҳоламоқда.
Хитой расмий нашрлари эса Си Цзиньпин коронавирус инфекцияси тарқалган илк кунлардан қаттиққўллик билан назорат ўрнатгани ва касаллик ёйилишини тўхтатиб қолганига урғу бериб келади.
Шунингдек, Ҳонгконгдаги норозилик намойишлари бостирилиши ва маҳаллий ҳокимиятнинг Пекиннинг тўлақонли назоратига ўтказилиши ҳам сиёсий ютуқ ўлароқ баҳоланади.
Хитой Мао Цзэдун вафотидан кейин амалда бўлган жамоавий бошқарув тизимидан яна воз кечиб, яккабошлик бошқарувига қайтмоқда. Қайд этилишича, бунинг хавфли жиҳати шундаки, эндиликда 1,4 миллиард аҳолининг тақдири бир шахснинг қарорига боғлиқ бўлади.
Кузатувчиларга кўра, Си Цзиньпин пропаганда — тарғибот-ташвиқотга зўр бериб, шахсга сиғиниш ҳолатини кучайтирмоқда.
«Собиқ етакчилар Ху Цзиньтао ва Цзян Цзэминь жаноб Си каби яхлит ҳокимиятга эга бўлмаган. Айни пайтда жаноб Си шахсиятига фавқулодда катта эътибор қаратилмоқда», – дейди Сингапур миллий университети вакили, доктор Чонг Жа Ян.
Маоизм ғоялари «қизил китобча» тарзида миллионлаб нусхада тарқатилгани маълум. Ҳозирча «Си Цзиньпин таълимоти» яхлит ҳолда жамланмаган. Аммо унинг мушоҳадалари аллақачон мактабларда ўқитилмоқда, кўплаб университетларда Си Цзиньпин фалсафасини тадқиқ этиш бўйича марказлар ташкил этилган. ХХР раиси ғояларини тарғиб этувчи ўнлаб мобил иловалар ҳам ишлаб чиқилган.
Аввал хабар берганимиздек, «Bloomberg» ахборот агентлиги Си Цзиньпиннинг асарлари мамлакатни бошқаришда асосий дастуриламалга айланаётгани, пировардида амалдаги раҳбарнинг ғоялари замонавий Хитой давлати асосчиси Мао Цзедун ишлаб чиққан маоизм таълимотининг ўрнини эгаллаши ҳақида ёзган эди.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter