Узлуксиз иш стажи бўлмаган аёлларга «декрет пули» тўланмайдими? – Эксперт жавоб беради
Президент нинг жорий йил 7 мартдаги ПФ-87-сон Фармонига мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларга охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши айтилган эди.
Шу ўринда айрим юртдошларимизда мазкур тартиб 6 ой узлуксиз иш стажига эга бўлмаган аёлларга тегилши эмасми деган мазмундаги саволларни пайдо қилаяпти.
Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжоновнинг фикрларини олдик.
Аввало Фармонда назарда тутилган меҳнат ҳуқуқига оид янги тартиб ҳақида...
Ушбу тартибга кўра, ходимга давлат бюджети ҳисобидан мазкур нафақанинг тўланиши учун аёл камида узлуксиз 6 ой давомида ташкилотда ишлаган бўлиши керак.
Бундан ташқари қуйидаги шартлар ҳам бажарилиши керак:
- ходим ягона миллий меҳнат тизимида расман банд бўлиши, унга корхона томонидан электрон меҳнат дафтарчаси очилган бўлиши;
- шунингдек, 6 ой давомида ходимнинг Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасида даромадлари ва солиқ тўловлари акс эттирилган бўлиши керак.
Нафақа фақатгина 2022 йилнинг 1 сентябридан бошлаб «декрет»га чиққан аёлларга тўлаб берилади.
Кўпчиликда олдин бюджетдан ташқари ташкилотда ишловчи аёлларга «декрет пули» тўлаб берилмаган эканда, энди Президент фармони қабул қилингач тўланадиган бўлибдида деган фикр туғилган бўлса керак.
Аслида Меҳнат кодекси 233-моддасига кўра, аёлларга туққунга қадар етмиш календар кун ва туққанидан кейин эллик олти календар кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календар кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.
«Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра, 2007 йил 1 январдан бошлаб вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизларга нафақа тўлаш билан боғлиқ харажатлар:
– бюджет ташкилотлари томонидан — меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида;
– хўжалик юритувчи субъектлар томонидан — фойда солиғини ҳисоблашда мазкур харажатлар солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланган ҳолда шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Демак, ПФ-87-сон Фармон қабул қилунгунга қадар ҳам хусусий ташкилотларда аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўлаб келинган.
ПФ-87-сон Фармон билан хусусий секторда банд бўлган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бир қисми бюджетдан компенсация қилинади. Агар бюджетдан ташқари ташкилотда ишловчи аёл охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлмаса Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланмайди. Бу ҳолатда нафақани иш берувчи тўлиқ ўзи тўлиқ тўлайди. Агар аёл охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлса, ҳар ой учун давлат томонидан минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Бугунги кунда бир ойда киши бошига минимал истеъмол харажатлари 498 минг сўмни ташкил этади.
Масалан, А. исмли аёлнинг 126 календарь кун учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тахминан 6 миллион деб олсак, агар у охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлса, давлат томонидан тахминан 2 миллион (4 ой * 498 минг сўм) сўм нафақа тўлаб берилади. Яъни бу ҳолатда 4 миллион сўм иш берувчи томонидан, 2 миллионини эса давлат тўлайди.
Агар юқоридаги А. исмли аёл охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлмаса, у ҳолда 6 миллионни барчасини иш берувчи ўзи тўлиқ тўлайди.
Иш берувчи ходимга «декрет пули»ни тўлаб бермасачи?..
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-3-моддасига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонунчиликда белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш, БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, БҲМнинг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар меҳнат ҳуқуқларингиз бузилса, ҳудудингиздаги меҳнат инспекциясига, прокуратура ёки адлия органларига мурожаат қилинг. Ёки қуйидаги ишонч рақамларига телефон қилинг:
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги – (+998)71 200 06 00
Бош прокуратура – 1007;
Адлия вазирлиги – 1008.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter