«Уруш оловини ёқувчи президентлар». Ота-бола Бушларни нима бирлаштиради?
Бугун, 1декабр куни АҚШнинг собиқ президенти катта Жорж Буш 94 ёшида вафот этди.
Унинг турмуш ўртоғи Барбара Пирс ҳам шу йили ҳаётдан кўз юмганди.
Жорж Буш АҚШнинг 41-президенти бўлган. Ўғли кичик Жорж Буш АҚШнинг 43-президенти, яна бир ўғли Жеб Буш Флорида губернатори лавозимини эгаллаган.
Катта Жорж Буш АҚШ президентлигига 1988 йилда икки муддат ва саккиз йиллик президентилигидан кейин «тахт»ни бўшатган Роналд Рейгандан кейин сайланган эди. У республикачилар партиясидан номзод бўлган.
Катта Буш бор йўғи бир муддат, тўрт йил АҚШга президентлик қилди ва 1992 йилда ўтказилган сайловларда демократлар вакили Билл Клинтонга ютқазиб қўйди.
Катта Бушнинг номи кўпроқ унинг 1990 йилда Ироққа қарши олиб борган уруши билан эсланади. Ўшанда Ироқ президенти Саддам Ҳусайн ўзига қўшни бўлган Қувайт давлатини босиб олади. Бунга сабаб Қувайтда катта заҳираларга эга бўлган кўплаб нефть конлари борлиги эди. Ўшанда Саддам Ҳусайн бир нарсани ҳисобга олмай хато қилган эди. У ҳам бўлса Қувайтдаги аксар нефть конлари АҚШ компаниялари билан шерикликда ишлар эди.
Шундан кейин АҚШ зудлик билан Ироққа қарши уруш учун БМТ резолюциясини қабул қилдириб, Ироққа бостириб кирди ва саноқли кунларда Саддам Ҳусайн Ироқ армиясининг таслим бўлгани ҳақидаги ҳужжатга имзо чекди. Орадан бироз ўтиб АҚШ Ироқдан қўшинларини олиб чиқиб кетди. Ўшанда Ироққа қарши уруш операциялари «Саҳродаги бўрон» деб номланган эди.
Ҳаётни қарангки, Жорж Бушнинг ўғли Кичик Буш ҳам орадан 14 йил ўтиб яна Ироққа қарши уруш очди. Олдингисида Қувайт баҳона бўлган бўлса, бу сафар АҚШнинг Ироққа уруш бошлаши учун тузукроқ сабаби ҳам йўқ эди. Аммо Кичик Буш Ироқнинг кимёвий қуроллар ясаётгани, атом бомбасига эга бўлиш учун тадқиқотлар ўтказаётгани ҳақидаги ёлғон ҳисоботлар билан барибир Ироққа бостириб кирди ва бу иш Ироқ президенти Саддам Ҳусайни мусулмонлар учун улуғ байрам бўлган Ийд кунида дорга осиш билан тугади. Йўқ, тугамади. Кичик Буш отасидан фарқли равишда Ироқни босиб олганидан кейин у ердан АҚШ армиясини осонликча чиқаришни хоҳламади. АҚШ армияси ундан кейинги президент Барак Обама даврида Ироқдан қисман чиқарилди.
Катта Буш президентлик қилган ўша йилларда АҚШ аҳолиси дунёда катта урушлар бўлишини ва унда АҚШ армияси таркибида ўз фарзандлари қатнашишини унчалик хоҳламас эдилар. Шу учун ҳам Катта Буш бир муддат, бор йўғи 4 йил АҚШда президентлик қилди ва уни иккинчи муддатга сайланиб АҚШда президентлик қилишига АҚШ аҳолиси рози бўлмади ва 1992 йилдаги сайловларда Билл Клинтонга кўпроқ одам овоз берди.
Кейинчалик турли тарғиботлар натижасида АҚШ аҳолисининг АҚШ бошлаётган урушларга нисбатан фикри ўзгарди шекилли, Кичик Буш ўзининг 4 йиллик фаолияти давомида турли давлатларга нисбатан турли урушлар олиб борган бўлса ҳам уни 2004 йилда кейинги 4 йиллик муддатга қайта сайлашди. (Ўшанда айрим ОАВда Кичик Бушнинг сайловларда қинғирликлардан фойдаланиб ютиб кетгани ҳақида ҳам ёзилди. Аммо бу гап-сўзларга ҳеч ким эътибор бергани йўқ.)
Очиғи, шахсан менда Катта Буш унча яхши таассурот қолдирмаган. У ва унинг ўғли Кичик Буш дунёда кўплаб уруш ўчоқларини ёқишган. Миллионлаб одамларнинг ҳалок бўлишига, мамлакатларнинг, шаҳарларнинг вайрон бўлишига сабабчи бўлишган. Шундай экан тарих бу иккаласини ҳеч қачон яхши гап билан эсламайди ва доим уларнинг номларини худди мендай «уруш» сўзининг ёнига қўйиб эслашади, деб ўйлайман.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter