Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Толибон»нинг тезкор ғалабаси сири

«Толибон»нинг тезкор ғалабаси сири

2001 йилдан буён давом этаётган урушда 100 мингдан зиёд афғонистонлик ҳалок бўлди.

Фото: Reuters

Сўнгги бир неча ой ичида «Толибон» ҳаракати бутун Афғонистонни ишғол қилиб, Ғарб ишбошиларини танг ҳолатда қолдирди. Йиллар давомида «Толибон» билан курашиб, унинг мусбату манфий жиҳатларини пухта ўрганган АҚШ маъмурияти ҳам президент Ашраф Ғани ҳокимияти бу қадар тез қулашини кутмагани аниқ. Қўшма Штатлар жосуслик идораси йирик шаҳарлар бирин-кетин толиблар илкига ўтаётган паллада ҳам пойтахт Кобул 30 кундан 90 кунгача Ғани маъмурияти назоратида қолишига умид қилаётган эди. Аммо бош кент ҳам бир неча кун ичида «Толибон» қаламравига ўтди. Ғанимларни бир неча ой ичида ер тишлатишга ваъда берган Ашраф Ғани афғон халқини тақдир ҳукмига топширганча апил-тапил мамлакатни тарк этди.

Ҳолбуки, АҚШ ҳамда НАТОга аъзо иттифоқчилари йигирма йил давомида Афғонистон қуролли кучлари ва хавфсизлик бўлинмаларини тайёргарликдан ўтказди, уларга мўл-кўл қурол-аслаҳа, замонавий жанг анжомлари туҳфа этилди. Америка ва британ генераллари бир неча бор Афғонистонда қудратли армия барпо этганлари ҳақида музаффар баёнотлар беришди. Аммо амалда бари қуруқ гап бўлиб чиқди. Хўш, расман 300 минг кишидан иборат Афғонистон хавфсизлик кучлари нега ўзидан бир неча баробар кам «Толибон» ҳаракати вакилларига осонликча мағлуб бўлди?  

Ашраф Ғани маъмуриятининг саноқли ҳафталарда ер тишлашига олиб келган энг асосий иллат бу – коррупциядир!

Расмий ҳужжатларда Ашраф Ғани маъмурияти хавфсизлик тизими (армия, ҳарбий ҳаво кучлари ва полиция) 300 минг кишидан иборат деб кўрсатилса-да, амалда улар сони бир неча баравар камроқ бўлган. Гап шундаки, аксар командирлар ўз ҳарбий бўлинмалари аъзолари сонини кўпайтириб кўрсатган ҳолда, «ўлик жонлар» учун ёзилган маошларни ўзлаштириб келган. АҚШ Конгрессининг Афғонистон бўйича махсус нозири (SIGAR) ҳам сўнгги ҳисоботида қуролли кучлар тизимида коррупция даҳшатли даражада илдиз отиб кетгани, расмий ҳужжатларда қайд этилган ҳарбийлар сони шубҳали эканини таъкидлаган.

АҚШ Афғонистонда замонавий армия барпо этиш учун 83 миллиард доллар сарфлаган эди. Фото: AFP

АҚШ ва унинг иттифоқчилари йигирма йил ичида Афғонистон хавфсизлик тизимига жуда катта миқдорда молиявий кўмак кўрсатди. Биргина Қўшма Штатлар Афғонистон мудофаа секторига 83 миллиард доллар сарфлаган. Аммо таҳлилчилар мудофаа учун ажратилган барча маблағлар ҳам мақсадли сарфланмаганини айтмоқдлар. 

«Foreign Policy» нашри ҳам аламли мағлубиятнинг бирламчи сабаби коррупция деб ҳисоблайди. Нуфузли нашрга кўра, Афғонистон махсус кучлари жанглари юқори даражада тайёргарликдан ўтган. Аммо мудофаа ҳамда ички ишлар вазирлиги тизимидаги жангчиларга тайинли маош берилмаган. Аксар ҳудудларда аскарлар ва миршаблар етарли озиқ-овқат, ҳатто қурол ва ўқ-дори билан ҳам таъминланмаган. 

Узоқ йиллар Афғонистонда фаолият юритган австралиялик журналист Линн О’Доннелл Ашраф Ғани президент сифатида армия ҳамда халқни ўз ортидан эргаштира олмаганига эътибор қаратади. Қайд этилишича, Ашраф Ғани ҳамда унинг яқин аъёнлари – миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Ҳамдулла Муҳиб ва президент маъмурияти раҳбари Маҳмуд Фазлий кўп йиллар хорижда яшаган шахслардир. Учовлон, аксар юқори мартабали амалдорлар каби, чет эл фуқаролигига эга бўлиб келган. Улар киноявий тарзда «уч кишидан иборат республика» ҳам деб аталган. Бундан ташқари, юқори лавозимларга расмий тиллардан (дари ва пушту) бирортасини билмаган, халқ ҳаётидан бехабар шахслар ҳам тайинланган. 

Кобулдаги таҳлил маркази раҳбари Иноят Нажафизода ҳам Ғани маъмурияти ҳамда афғон халқи ўртасида чуқур жарлик вужудга келгани, бунга эса президентнинг узоқни кўра олмагани сабаб бўлганини айтади. Сирасини айтганда, қуролли кучлар уларни чорасизлик ва муҳтожлик домида қолдирган маъмурият учун жанг қилишни истамаган. (Буни қарангки, ҳарбийлар ва аҳолининг ишончсизлиги бежиз эмас экан. Мамлакат бошида турган «учлик» 15 август куни биринчилардан бўлиб хорижга қочишни маъқул кўрди.)

Таҳлилчиларга кўра, Ашраф Ғани олисдаги ҳомийлар кўнглига йўл топа олди-ю, аммо ён-атрофидагилар ишончини қозона билмади. Фото: Getty Images

Нафс қутқуси, ўзимбўлайчилик, тамагирлик, уқувсизлик – буларнинг бари ҳарбийлар руҳиятига кучли салбий таъсир кўрсатди. Умидсизликка тушган аскарлар ҳатто жанг қилмасдан таслим бўлди, Ғарб мамлакатлари тақдим этган ҳарбий техника ва қуроллар ҳам «Толибон» ихтиёрига ўтди.

Афғонистон армиясининг 217-корпусига қўмондонлик қилган генерал Аббос Таваккулий ҳам мағлубиятларда сиёсатчиларни айблаган. «Биз вилоятларни қуролли уруш туфайли эмас, балки психологик уруш туфайли  бой бердик», – дейди генерал «The New York Times» нашрига интервьюсида.

Дарвоқе, «Толибон» ҳаракати тезкор ғалабалар борасида бироз бошқача фикрда. Мазкур ҳаракатнинг расмий вакили Муҳаммад Наимга кўра, йирик шаҳарларнинг қисқа муддатда назоратга олиниши мамлакат аҳолиси уларни қўллаб-қувватлаётгани, уларнинг ҳокимиятга келишига хайрихоҳлигини билдиради. 

Айни чоқда, айрим таҳлилчилар Ашраф Ғани ҳукуматининг мағлубиятида АҚШ маъмуриятининг ҳам ҳиссаси бор деб ҳисоблайди.

«Қўғирчоқ ҳукумат тизимида коррупция шу қадар кенг миқёс касб этдики, қўлга илинган нарса ўмарилди. Хўш, АҚШ 20 йил давомида нега бу ҳолга кўз юмди? (Раҳбарлик лавозимларига) кадрларни у саралаган эди-ку!» – деб ёзади сиёсий таҳлилчи Михаил Шрайбман.

Дарҳақиқат, АҚШ кўмагида салкам чорак аср давомида барпо этилган сиёсий бошқарув модели ҳамда армия бир неча ҳафта ичида яксон этилди. Йўқотишлар, мағлубиятлар сабаб-омиллари ҳали кўп бора тафтиш этилади. Ҳавога учган триллионлаб доллар маблағ ўз йўлига, афғон заминидаги 20 йиллик урушда 100 мингдан зиёд афғонистонлик, 6 минг америкалик ҳалок бўлди. Шунча умрлар бевақт завол топгани эса сарҳисоб бўлмоғи лозим, албатта.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг