Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тахта кана ҳужуми: Франция ваҳимада, Британия жим азоб чекмоқда, бошқалар-чи?

Тахта кана ҳужуми: Франция ваҳимада, Британия жим азоб чекмоқда, бошқалар-чи?

Тахта кананинг микроскопда олинган тасвири. Фото: animals.pibig.info/

Жамоат транспорти, шифохоналар, кутубхоналар, полиция участкаларидаги тахтакана (клоп – Cimex lectularius) ҳужуми ҳақида мавзу сўнгги кунларда Франция оммавий ахборот воситаларида трендга чиқди. Мамлакат расмийлари тахтакана билан курашишга бағишланган йиғилишлар ўтказмоқда. Одамлар ҳатто транспортда дезинфекция қилувчиларни – мутахассисларни чақиришга мажбур бўлишмоқда. Ушбу ҳашаротдан  нафақат Франция, балки бошқа мамлакатлар ҳам азият чекмоқда, деб ёзмоқда ria.ru нашри. Фақат улар бу ҳақда ваҳима қилмаяпти.

Ушбу ҳашарот илк бор ёзда Парижнинг Шарл де Голл аэропорти кутиш майдонида топилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Кейин кана нафақат уйларда, балки касалхоналар, кинотеатрлар, кутубхоналар, шунингдек, метро вагонлари, автобуслар ва поездларда ҳам учрай бошлади. Оммавий ахборот воситалари ёз ойларида Францияда биноларни зараркунандаларга қарши курашиш бўйича сўровлар сони ўтган йилга нисбатан 65 фоизга ошганини хабар қилди.

Бунинг яна бир сабаби шундаки, мамлакат жамоат транспортидаги барча ўриндиқлар юмшоқ тўқимачилик газламаларидан тайёрланган бўлиб, унда ҳашарот ўзини жуда қулай ҳис қилади. Ўтган ҳафтада тахта кана ҳужуми кучайди, одамлар ижтимоий тармоқларда метрода топилган ўрмаловчининг видеоларини  тарқата бошлашди.  

Франция Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни ваҳима қўзғатмасликка чақирмоқда. Чунки келгуси йил Париж Олимпия ўйинларига мезбонлик қилади ва бундай «реклама» катта зарар келтириши мумкин. Парламент аллақачон бу ҳашаротга қарши кураш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлашга ва транспорт вазири транспортда «катта тозалаш»ни амалга оширишга ваъда берган.  

Франциядаги айрим сиёсатчилар ҳашаротнинг «тўшакка бостириб киришини» оммавий иммиграция муаммоси билан боғлашади.

«Жимжитлик маданияти»

Бу Муаммо Лондонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ, деб хабар бермоқда  Sky News нашри.    

Микробиолог Девид Кейннинг сўзларига кўра, парижликлар бу ҳақда очиқ гапиришмоқда, британияликлар эса жим туришни афзал билишади. Жимлик одамларнинг муаммо ҳақида билмаслиги ёки у билан қандай курашиш кераклигини тушунмаслигига олиб келади, бу эса ҳашаротларнинг тарқалишига ёрдам беради.

Вазият таранглашдими?

Европанинг бошқа мамлакатларида тахта кана ҳали асосий мавзулардан бирига айланиш учун етарлича тарқалмаган. Бироқ, баъзи жойларда аллақачон эҳтиёт чоралари кўрилмоқда.

Белгия аҳолиси профилактика ва бошқа мақсадларда ўз уйларини ҳашаротларга қарши дезинфекция қилиш чораларини бошлаб юборишди. Зараркунандаларга қарши кураш билан шуғулланадиган компаниялар хизматларига талабнинг 30% га ошишини қайд этмоқда. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича,  Белгияга тахта кана транспортда ва шахсий буюмларда Франциядан келган одамлар, шунингдек, чет элдан уйга қайтган саёҳатчилар томонидан олиб келинади.

Айни пайтда, Белгия транспорт идораларининг хабар беришича, поездлар, автобуслар, трамвайлар ва метроларда гигиена қоидаларига қатъий риоя этилаётгани, ўриндиқлар ҳашаротлар яшамайдиган пластик ва чармдан қилинганлиги сабабли, ҳозирча ҳеч қандай ўрмаловчи тахта кана топилмаган.

Қимматга тушган саёҳат

Париждаги тахта кана эпидемияси Грецияда ҳам хавотир уйғотмоқда, чунки бу ҳашоратлар сайёҳлар билан мамлакатга кириб келмоқда,  деб хабар берди Греция жамоат телевидениеси ERT.

Греция оммавий ахборот воситалари меҳмонхонада тахта кана борлигини текшириш ва уларни олиб келмаслик бўйича мутахассисларнинг «фойдали маслаҳатлари» ёзилган варақаларни чоп этмоқда: юкни гилам билан қопланган поллардан узоқроқ тутинг, қоронғида ётоқ мебелларини, мато стуллар ва диванларни диққат билан текширинг, чой дарахти, қалампир, ялпиз ва лаванда  ёғларини сепинг...

Венгрияликларни тахта кана эмас, балки Осиёдан олиб келинган мева ва сабзавотларга зарар етказадиган мева ҳашаротлари хавотирга солмоқда. Финляндияликлар ҳам бу борада хотиржам ва хавотирланишга асос кўрмаяптилар, улар Парижда бўлаётган воқеаларни қизиқиш билан кузатиб боришмоқда. Расмийлар мамлакатда бундай эпидемия хавфи йўқлигига ишончи комил. Айни пайтда, мамлакатдаги энг йирик зараркунандаларга қарши кураш компанияси Anticimex ҳар йили мамлакат бўйлаб ушбу паразитларга қарши курашиш учун бир неча минг операцияларни амалга оширишини таъкидлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг